Image default
Жамият

АРМИЯ- ҲАЁТ МАКТАБИ

Маълумки, 1993 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарори билан 14 январь — «Ватан ҳимоячилари куни» деб белгиланди.
Бу сана ўз тақдирини ватан тақдири билан чамбарчас боғлаган ҳар бир юртдошимизнинг байрами. Ватанни ҳимоя қилиш, унинг келажаги учун жон куйдириш, ҳар бир қаричини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу юрт фуқароларининг муқаддас бурчидир.

Байрам муносабати билан Олмалиқ шаҳар Мудофаа бўлими Чақирув бўлинмаси бошлиғи Азиз Саидраҳмонов билан яқиндан машаққатли ва шарафли касбининг қийинчилик ва ютуқлари ҳақида суҳбатлашдик.
Азиз Саидраҳмонов 1994 йил Олмалиқ шаҳрида туғилган. Ҳозирги вақтда Олмалиқ шаҳар Мудофаа бўлими Чақирув бўлинмаси бошлиғи лавозимида фаолият юритмоқда.

  • Азиз ака, келинг, суҳбатимизни бу соҳага кириб келишингиз билан бошласак.
  • Биз оилада 5 фарзандмиз. Тўртта опам бор. Мен эса кенжа фарзандман. Кўпчилик битта ўғилга ички ишлар соҳасида ишлаш қийин деб бу касбни танлашида қаршилик қилади. Менда эса аксинча бўлган. Отам ҳам ҳарбийлар. Шу сабаблими бу касбга болалигимдан меҳр қўйганман.
  • Дастлабки фаолиятингизни қаердан бошлагансиз?
  • Мен ҳам барча йигитларимиз қатори 1 йиллик муддатли ҳарбий ҳизматга Фарғонага борганман. У ердан кейин эса 9 йил-у 8 ой Бекобод чегара қўшинларида хизмат қилдим. Шундан келиб чиқиб айтаманки, чегарамиз жуда мустаҳкам. Чегарачиларимиз тун-у кун хизматда.
  • Ҳар бир соҳанинг ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бўлади. Сизнинг соҳангиздачи?
  • Биласизми, кечки оқшом барча оила даврасида ўтирган пайтда биз кўп ҳолларда хизматда бўламиз. Ота-онамизни ҳам йилда бир ёки икки маротаба кўра оламиз. Камчиликлари фақат шу.
    Ютуқларига келсак, ҳар бир чегара ортида унга яқин қилиб уйлар қурилган. Фарзандларимиз учун мактаб ва мактабгача таълим даргоҳлари, аёлларимиз учун эса ишхоналар бор. Агар вақтингизни тўғри тақсимлай олсангиз оилага ҳам, ишга ҳам вақт ажрата оласиз.
  • Шаҳримиз йигитлари орасида муддатли ҳарбий хизматга бўлган хоҳиш юқорими? Йигитлатимиз хизматга бориш учун нималардан ўтади?
  • Ватанни ҳимоя қилиш ҳар йигитнинг олий вазифаси деб ҳисоблайман. Армия бу — ҳаёт мактаби. Ўтган йилни сарҳисоб қиладиган бўлсак, шаҳримизнинг 86 нафар соғлом, мард, жасур йигитлари саралаб олиниб 1 йиллик муддатли ҳарбий хизматга жўнатилди. Хизматга борувчи йигитларимиз биринчи навбатда соғлом бўлишлари керак. Жисмоний ва маънавий томондан билимлари синалади. Синовдан ўта олмаганлар кейинги йил албатта ҳаракат қилиб кўрса бўлади.
  • Ёш йигитларга қандай тавсия берган бўлардингиз?
  • Ҳар бир ўзбек ўғлони ватан олдидаги бурчини оқлаши керак. У ҳарбий бўладими, бошқа касб эгаси бўладими Ватанни севиши, уни асраши шарт!
    P/S. Ҳа, Ватан азиз. Ватан тинчлиги учун ота-она бағридан йироқда, фарзандлар қучоғидан олис, тунни тун, кунни кун демай сергак юрган ҳарбийларимизнинг жонлари омон бўлсин.

Мухлиса РаҲматуллаева,
«Олмалиқ ҳаёти» мухбири.

МАВЗУГА ОИД

КАСБ САДОҚАТИ: БУГУНГИ ЎЙЛАР

admin

ЖАМОАТ ТРАНСПОРТИ ТИЗИМИДАГИ МАСАЛАЛАР ҚАЧОН ЕЧИМ ТОПАДИ?

admin

ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ ЖАРАЁНИ 2023 ЙИЛ 2-МАВСУМИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

admin

“АММОФОС-МАКСАМ”ДА КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТДИ

admin