52 йил умрини шаҳримиздаги “Аммофос-Максам” акциядорлик жамиятига бахшида этган, ҳозирда корхона бош технологи лавозимида меҳнат қилаётган Волинскова Надежда Владимировна мамлакатимизнинг минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи корхоналари ичида етакчи ўринни эгалловчи жамиятнинг замонавий раҳбари намунаси ҳисобланади.
Н.Волинскова «Аммофос-Максам» АЖга 1976 йилнинг сентябр ойидан ишга қабул қилиниб барча маҳорат ва ўсиш пиллапоялардан ўтган. Унинг раҳбарлиги остида олиб борилган тадбирлар маҳаллийлаштириш дастурини амалга оширишда ва маҳаллий Қизилқум фосфат хомашёси негизида анъанавий ва янги турдаги юқори сифатли, концентрациялаштирилган фосфорли минерал ўғитларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда муҳим ўрин эгаллайди.
Н.Волинскованинг изчил ҳаракатлари самараси корхонанинг барча маҳсулотлари сертификатланган, хизматлари эса ИСО-9017 ҳалқаро стандарти талабларига мувофиқ аккредитациядан ўтган. Н.Волинскова корхонада ИСО – 9001 ҳалқаро стандартига мувофиқ Сифат менежменти тизимини тадбиқ этиш ташаббускори бўлиб, ҳозирда Сифат бўйича раҳбарлик вакили сифатида корхонанинг бутун Сифат менежменти тизимини мувофиқлаштириш ишларини олиб бормоқда. 2007 йил корхона томонидан қўлга киритилган халқаро сертификат, 2012 йил қўлга киритилган ЎзДСт 14001 талабларига мувофиқ экологик хавфсизлик тизими сертификати, 2013 йилда қайта сертификатлаш аудити ўтказилиши вақтида ИСО 9001, ЎзДСт 14001 ва ЎзДСт 17001, ЎзДСт ОҲСАС 18001 “Соғлиқни сақлаш ва меҳнат хавфсизлиги тизими” интеграцияланиши, 2017 йилнинг июнь ойида ЎзДСт ИСО 50001:2015 талабларига мувофиқ энергетик менежмент тизими муваффақиятли сертификатланиши ушбу изчил ҳаракатларнинг ижобий натижасидир.
Н.Волинскова фаол рационализаторчи бўлиб, унинг ҳисобида 82 та рационализаторлик таклифлари ва 20 та илмий ишлаб чиқариш изланишлари мавжуд. Техника фанлари доктори. Сифат менежмент тизими халқаро аудитори сертификати ҳамда ТУВ-Cерт етакчи аудитори сертификатига эга.
Меҳнат фаолияти даврида кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Уларнинг аксарияти ҳозирги кунда ўзи билан бирга меҳнат қилмоқда.
Н.Волинсковани камтарлик, одамийлик, самимийлик ва меҳнатсеварлик каби хусусиятлари ажратиб туради. У корхона фахрийси ҳисобланади.
Ўзининг меҳнатсеварлиги, хушмуомалалиги, ҳамиша ёрдамга тайёрлиги, жамоатчилик ишларида фаоллиги билан корхона жамоаси ва кимё саноати тармоғи орасида алоҳида ҳурматга эга. Оилали, 2 нафар фарзанднинг меҳрибон онаси.
Ўзини фидокорона меҳнат қилувчи юқори малакали, новаторлик ғояларини илгари сурувчи, ташаббускор мутахассис, ўзига ва атрофидагиларига нисбатан талабчан, ўз вазифаларига ва корхона раҳбарияти томонидан бериладиган топшириқларга масъулият билан ёндашувчи раҳбар сифатида кўрсатди.
Корхонанинг асосий товар маҳсулоти аммофос, аммоний сулфат фосфат, супрефос, фокацид ҳисобланади.
Ҳозирги кунда икки мингдан зиёд киши меҳнат қилаётган корхонада охирги 3 йил ичида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури ва миқдори кенгайиб, 2021-2023 йилларда жами 728 185 тонна минерал ўғит ишлаб чиқарилган. Юқори самарадорлик билан фаолият юритиб келаётган “Аммофос-Максам” акциядорлик жамияти ишга туширилган 1969 йилдан буён мураккаб азот-фосфорли минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи йирик кимё саноати корхоналаридан биридир.
Корхонага келтирилган соф фойда(минг сўм) 2021 йил — 146 981, 2022 йил — 462 958, 2023 йил – 178 453 ташкил этади.
Ишлаб чиқариш жараёнидаги тежамкорликка қўшилган ҳиссаси (электр энергияси, ёқилғи, хомашё ва ҳок, минг сўм) 2021 йил – 37 796 345, 2022 йил – 106 174 446, 2023 йил – 72 622 565.
Натижада корхона мунтазам равишда ўз режа кўрсаткичларини бажариб, республика миқёсида меҳнат унумдорлигининг ошиши ва иқтисодиётнинг ривожланишига салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Н.Волинскованинг иштирокида янги турдаги минерал ўғитларни кўп тоннали ҳажмларда ишлаб чиқариш усуллари жорий этилиб, корхонага тадбиқ этилган.
Ишлаб чиқаришлар Ўзбекистон Республикаси патентлари билан ҳимояланган бўлиб, корхонанинг молиявий-иқтисодий ҳолатини сезиларли яхшилаш имконини берди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси мутахассислари ҳамда Тошкент кимё технологияси институти олимлари билан ҳамкорликда олиб борилган изланишлар минерал ўғитларни ишлаб чиқаришда ҳосил бўладиган ҳамроҳ маҳсулот – фосфогипсга бўлган муносабатни ўзгартиришга ва ушбу техноген хомашё Ўзбекистон кимё саноатини ривожлантиришнинг манбаларидан бири эканлигини исботлаш имконини берди.
Н.Волинскова тинимсиз ўзининг устида ишлашда давом этмоқда. У ўз меҳнат фаолиятида стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва сифат бошқаруви соҳаларида мустаҳкам билимларга эга бўлиб, давлатимиз иқтисодий сиёсати ва маҳаллий маҳсулотларни дунё бозорларида сифат ва рақобатбардошлигини ошириш бўйича вазифаларини тўғри тушуниб, уларни амалга оширишни мақсад қилган.




Саидакбархўжа Ўринбоев,
«Аммофос-Максам» АЖ матбуот котиби.