Дунёдаги ҳар бир мамлакат, ўзининг аҳолиси ва унинг яшаш ҳолати бўйича ишончли маълумотга эга бўлиш мақсадида мунтазам равишда аҳолини рўйхатга олади. Кўпчилик мамлакатларда бу жараён ҳар беш ёки ўн йилда амалга оширилади.
Aҳолини рўйхатга олишнинг асосий вазифалари нималардан иборат?
► аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар яшаш шарт-шароитларини яхшилаш, оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш мақсадида аҳоли таркибидаги, мамлакатнинг демографик вазиятдаги ўзгаришларни баҳолашга доир маълумотлар базасини кенгайтириш;
►шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг, меҳнат ресурсларини жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланишнинг узоқ, ўрта ва қисқа муддатли прогнозлари ҳамда дастурларини тайёрлаш;
►аҳолини рўйхатга олишлар оралиғидаги даврда аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисобини, ҳисоб-китобларини ҳамда прогнозларини амалга ошириш;
►ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ўтказишдир.
Аҳолини рўйхатга олиш бизга нима беради?
Аввало аҳолининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, маълумоти, касби, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, бандлиги ва ишсизлиги, даромад манбалари бўйича батафсил маълумот тўпланади.
Мазкур кўрсаткичлар орқали аҳоли жон бошига тўғри келадиган макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳисобланади. Ўз навбатида ушбу маълумотларга асосан аҳоли миграцияси тўғрисидаги аниқ маълумотлар шакллантирилади.
Аҳолини рўйхатдан ўтказиш натижасида Республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, аёллар ҳамда болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқиш имконияти яратилади.
Чунки, аҳоли пунктлари инфратузилмасини яхшилаш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва самарали жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурларни ишлаб чиқишда бу маълумотлар ниҳоятда қўл келади.
Бундан ташқари аҳолини рўйхатдан ўтказиш жараёнида тўпланган маълумотлар орқали миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш кўрсаткичларини шакллантириш, халқаро ташкилотлар ва фойдаланувчилар таҳлиллари учун кенг қамровли ахборотлар манбаи яратилади.
Шуҳрат Исахўжаев,
шаҳар Статистика бўлими бошлиғи.