2024 йил 24 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни (ЎРҚ-1011-сон), “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни (ЎРҚ-1014-сон) ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни (ЎРҚ-1013-сон) қабул қилинди. Шундан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 37 та моддасига, шунингдек, Бюджет кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
1-йўналиш. 1.1. Аҳоли ва тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар бериш, ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва инвестицион муҳитни яхшилаш бўйича:
а) 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар ишга қабул қилинган камбағал оила аъзолари (иш ҳақи камида 1,7 млн сўмни ташкил қилганда) учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланди (амалда 12%);
б) 2024 йил 1 сентябрдан 2027 йил 1 сентябрга қадар тадбиркорлар томонидан касбга ўргатиш учун ишга қабул қилинган мактаб, коллеж ва техникум ўқувчиларига даромад солиғи ҳамда уларнинг ойлик иш ҳақига ҳисобланган ижтимоий солиқ 1 фоиз миқдорида белгиланди (амалда 12%);
в) 2028 йил 1 январга қадар магистрал йўллар бўйида кўчма савдони ташкил қилган ёшлар (30 ёшгача) фаолиятининг дастлабки 6 ойи давомида солиқларни тўлашдан озод этилди;
г) 2029 йил 1 январга қадар нашриёт-матбаа фаолиятидан олинган даромадлар (солиқ даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 90 фоизини ташкил этган) фойда солиғини тўлашдан озод этилди;
1.2. Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқ маҳаллий ва импорт акциз солиғи ставкаларини босқичма-босқич тенглаштириш мақсадида (03.06.2024 йилдаги ПФ-85-сон):
а) 2025 йил 1 январдан тамаки маҳсулотлари бўйича:
– сигареталарнинг ҳар бир минг донаси учун ички бозорда 300 минг сўм ва импортда 330 минг сўм, 2025 йил 1 июлдан ягона 340 минг сўмлик акциз солиғи белгиланди (10 фоизлик адвалор қисми бекор қилинди);
– бошқа тамаки маҳсулотларига акциз солиғи ставкалари оширилди;
Никотинли суюқликнинг (вейп) 1 мл учун 2 минг сўм, сигарага 20 минг сўм, электрон сигаретга 450 минг сўм/кг, чекиладиган, ўрама ва чилим учун 600 минг сўм/кг акциз солиғи ставкаларини белгиланди.
б) 2025 йил 1 январдан алкоголь маҳсулотлари бўйича (1 литри учун):
ароқ, коньяк ва бошқа алкоголь маҳсулотларининг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 44 минг сўм, импортга – ставкани 25 фоизга камайтириб, 76 минг сўм;
►маҳаллий табиий винога – 5 минг сўм, импортга – 14 минг сўм;
►бошқа маҳаллий виноларга – 6 минг сўм, импортга – 20 минг сўм;
►маҳаллий пивога – 2 минг сўм, импортга – 6 минг сўм;
►маҳаллий ва импорт этил спиртига – 15 минг сўм миқдорида акциз солиғи ставкаларини белгиланди.
в) 2025 йил 1 январдан бошлаб дон дистиллятига акциз солиғи жорий қилинди, шунингдек, техник спиртни олиш учун сарфланадиган этил спиртининг бошланғич фракциясига акциз солиғини ҳисоблаш тартиби бекор қилинди.
2-йўналиш. Бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлаш
2025 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар:
а) айланмадан олинадиган солиқнинг қатъий белгиланган ставкаси товар айланмаси 500 млн сўмгача бўлганда йилига 30 млн сўм (амалда 25 млн сўм), 500 млн сўмдан юқори бўлганда – 40 млн сўм (амалда 34 млн сўм) миқдорида белгиланди.
Бунда ушбу солиқ режими 2026 йил 1 январдан бекор қилинади.
б) электрон тижорат соҳасидаги тадбиркорларга фойда солиғи ставкаси 10 фоиз (амалда 7,5 фоиз) ва айланмадан олинадиган солиқ – 3 фоиз (амалда 2 фоиз) миқдорида белгиланди.
в) қуйидагилар 10 фоизгача индексатсия қилинди:
– нотурар объектлар бўйича мол-мулк солиғининг асосий ставкасини (1,5 фоиз) сақлаб қолган ҳолда, солиқ базасини аниқлашда 1 кв. м учун ўрнатилган минимал қиймат;
Олмалиқ шаҳри учун – 1,3 млн сўм (1,2 млн сўм).
– жисмоний шахсларнинг турар объектлари бўйича мол-мулк солиғи;
– қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер солиғи;
– жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
– ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг қатъий миқдорда белгиланган солиқ ставкалари.
1 куб метр қум-шағалга – 5 минг сўм (амалда 4,2 минг сўм), мармарга – 20 минг сўм (амалда 5,6 минг сўм), гранитга – 30 минг сўм (амалда 5,6 минг сўм) ва табиий безактошга – 10 минг сўм (амалда 5,6 минг сўм) миқдорида солиқ ставкаси белгиланди.
Бунда, халқ депутатлари туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига норуда қурилиш материаллари учун (цементдан ташқари) белгиланган қатъий ставкага 1,3 баробаргача оширувчи коэффициент қўллаш ваколати берилди (амалда бундай ваколат мавжуд эмас);
г) 2025 йил 1 январдан бошлаб янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар учун ер солиғи бўйича имтиёзни бекор қилган ҳолда, солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилди.
Ушбу Қонун билан (мобиль алоқа хизматларининг акциз солиғини солишдан озод этилиши) ноширлик-матбаа фаолияти, ахборот технологиялари, таълим муассасаларининг ўқувчиларини тадбиркорларга ишга жойлаштириш, ёшларни автомобиль йўлларидаги кўчма савдо объектлари орқали товарларни реализация қилишга жалб этиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан кам таъминланган оила аъзоларини ишга қабул қилиш орқали уларни қўллаб-қувватлаш соҳасида вақтинчалик солиқ имтиёзлари жорий этилиши, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар учун солиқ имтиёзлари берилиши белгиланган.
Солиқ турлари
бўйича ставкалар
2025 йилда асосий солиқ турлари бўйича ставкалар ўзгартиришсиз қолдирилди. Хусусан, фойда солиғи (15 %), ҚҚС (12 %), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12 %), юридик шахслар мол-мулк солиғи (1,5 %), айланмадан олинадиган солиқ (4 %), ижтимоий солиқ (12%/25%), қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш (ўстириш) учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (100 сўм), қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларга ер солиғи ставкаси (0,95 %).
ТАДБИРКОРЛАР УЧУН ШАРОИТЛАР
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 декабрь ПФ-229-сонли “Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 20 декабрь куни етакчи тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқоти доирасида билдирилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бозорда тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш, шунингдек, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш мақсадида:
- Қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи ставкалари 2028 йил 1 январга қадар оширилмаслиги белгилаб қўйилган.
- 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноати йўналишларида ишлаб чиқариш фаолиятини юритаётган ва қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи ва ўзларининг ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари 1 фоиз этиб белгиланган:
►жами ходимлар сонининг камида 15 фоизи Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг аъзоларидан ташкил топганда;
►ҳар ойда ҳар бир ходимга иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда;
►солиқ даврида тикув -трикотаж, пойабзал ёки чарм -атторлик маҳсулотларини реализация қилишдан тушган умумий тушуми жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромаднинг камида 90 фоизини ташкил этиши лозим.
Ихтиёр Алиев,
шаҳар Давлат Солиқ инспекцияси бошлиғи.