Ушбу касалликнинг ўта хавфли касаллик саналиши, озгина эътиборсизлик билан қаралиши эса ҳатто инсонлар ўлимига олиб келиши боиси нимада? Бу қандай касаллик ва қаердан келиб чиқади?
Бошқа карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар каби вируслар чақирадиган касалликлар эпизоотик ва эпидемик вазиятларнинг барқарорлигига жиддий ҳавф солади. Бунинг яққол мисоли Африка қитъасида Эбола вируси чақирадиган касаллик билан боғлиқ воқеалардир.
Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллиги ҳам шу гуруҳдаги касаллик бўлиб, вақтида ёрдам кўрсатилмаса оқибати нохуш бўлиши мумкин. Мазкур геморрагик иситма касаллиги ҳам бошқа ўта хавфли юқумли касалликлар каби асосан иссиқ иқлимли ҳудудларда учрайди.
Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги эндемик касаллик бўлиб, шимолий кенгликнинг 50-параллелидан жанубдаги Африка, Болқон, Яқин Шарқ ва Осиё давлатларида учрайди.
Карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар, жумладан Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигини башоратлаш ва олдини олишда замонавий усуллардан фойдаланиш, ушбу касалликларни аҳоли орасида келиб чиқиши ва тарқалишини олдини олиш, инсонлар соғлигига етказилиши мумкин бўлган зарар ҳажми ва кўламини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигини келтириб чиқарувчи вируслар арбовируслар бўлиб, улар табиатда тоғ олди ва чўл ҳудудларида тарқалган.
Ҳаммамизга маълумки чорва моллари шундай ҳудудларда боқилади. Бу эса чорва молларининг касаллик манбаига айланиб қолишига шароит яратади.
Ушбу муаммо идоралар ва ҳудудлараро аҳамиятга эга бўлиб, унга давлат миқёсида комплекс ёндашишни тақозо этади.
Шу нарсани эътиборга олиш керакки, ҳозирги кунда етакчи давлатлар мутахассислари бу касалликни олдини олиш ва унга қарши самарали кураш воситаси бу тарғибот эканлигини таъкидламоқдалар. Аҳоли ушбу касаллик, унинг юқиш йўллари ва ундан сақланиш бўйича қанчалик кўп маълумотга эга бўлса, олиб борилаётган профилактик тадбирлар шунчалик кўп натижа бериши исботланган.
Касалликни юқтирмаслик учун тавсиялар
Кана чақишидан эҳтиёт бўлиш, касалликдан сақланишнинг олтин қоидасидир.
Моллардаги канани қўллар билан териб олмаслик, қўл билан эзиб ўлдирмаслик, агар молларда кана аниқланса, дарҳол ветеринария ходимларига мурожаат қилиб, уларнинг тавсияси асосида молларни, молхоналарни канага қарши ишлов бериш керак.
Чўл ҳудудларидан, бозорлардан чорва молларини канага қарши ишлов бермасдан, уйига олиб келмаслик лозим.
Чўл ҳудудларида дам олиш учун танланган жой мол боқиладиган яйловдан камида 2 – 3 км масофада бўлиши керак. Борди – ю дам олиш ҳудудида каналар борлиги аниқланса, унда дарҳол дам олиш жойини ўзгартириши керак.
Кана чақишидан эҳтиёт қилиш мақсадида тери юзалари имкон қадар кийимлар билан бекитилиши керак.
Қирқимга жалб этилган шахсларга махсус ҳимоя кийимларидан (резина қўлқоп, енг, пойчалари мустаҳкам боғланадиган шим, камзул, резина этик) фойдаланиш тавсия этилади
Крим-Конго геморрагик иситмасига қарши эмлама, махсус даволаш усули мавжуд эмас, касалликнинг олдини олиш мақсадида ветеринария, соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиология назорати органлари томонидан ҳар йили чорва молларига ишлов бериш, қўра-қўтонларда дезинсекция ўтказиш, чўпон уйларига ишлов бериш, ҳар хил ветеринария ва тиббиёт препаратларини харид қилиш тадбирлари ўтказилиб борилмоқда. Қиймати бир неча юз миллион сўмни ташкил этувчи ушбу профилактик тадбирлар фуқароларимиз томонидан юқорида қайд этилган оддий қоидаларга риоя қилинмаса кутилган самарани бермайди ва касаллик чиқиши хавфи сақланиб қолади
Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги қоидаларга қатъий амал қилсак, Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигининг олдини олиш чора-тадбирларини бошқаларга ҳам тушинтириб борсак ўзимизнинг ва атрофдагиларнинг соғлигини ҳимоя қилган бўламиз.
Ихтиёр Султонов,
шаҳар ветеринария
ва чорвачиликни ривожлантириш
бўлими бошлиғи.