Image default
Саломатлик

АЁЛЛАР САЛОМАТЛИГИ -ЖАМИЯТ ИСТИҚБОЛИ

Статистик маълумотларга кўра, айни вақтда шаҳримизда 801 нафар фуқаро саратон касаллигига чалинган беморлар рўйхатга олинган. Ушбу беморларнинг аксариятини аёллар ташкил этиб, уларнинг 17 нафарига кўкрак саратони ташхиси қўйилган.

Бу маълумотлардан кўринадики, ушбу касалликка бефарқ қараб бўлмайди. Шу муносабат билан аёлларимиз ҳар 6 ойда мутахассис кўригидан ўтишлари лозим. Бу ҳақда янада батафсил маълумот олиш учун биз Тошкент вилояти Онкология ва Радиология шифохонаси, “Маммология” бўлими бошлиғи Тўхтабоева Муқаддас Тўхтабоевна билан суҳбатда бўлдик.
Суҳбатдошимиз ҳақида қисқача фактлар:

  • 1977 йил 1 январда Хоразм вилоятида туғилган.
  • Оилали, 3 нафар ўғилнинг онаси.
  • 2000 йил Тошкент Давлат Тиббиёт институти Урганч филиалини тамомлаган.
  • 2004 Тиббиёт Академияси Онкология кафедрасига ординатурага қабул қилинган.
  • 2018 йилдан буён Маммология бўлими мудири вазифасида ишлаб келмоқда.
  • 2023 йил «Сут бези саратонининг ривожланишини прогнозлаш ва эрта ташхислашни такомиллаштириш» мавзусида номзодлик ишини ёқлаган.
  • Муқаддас опа, бу касбга кириб келишингизга нима туртки бўлган?
  • Инсон болалигида жуда ҳам кўплаб касб эгаси бўлишни орзу қилади. Ёдимда, мактаб даврларидан бошлаб нимагадир шифокор бўламан деяверардим. «Ким бўлишни истайман?» мавзусидаги иншоларда ҳам ҳамма вақт шифокор бўлишимни ёзардим. Катта бўлганим сари шифокор бўлиш мақсадимга айланди. Онамлар ҳам бу касб эгаси бўлишимни, (4 ёшлигимда отам саратон касаллиги туфайли оламдан ўтганлар. Шунинг учун бўлса керак ойимлар ҳам шу соҳада фаолият юритишимни жуда хоҳлаганлар) беморларни даволашимни такрор ва такрор таъкидларди. Кимё, биология, физика, математика фанларини яхши кўрардим ва аъло баҳолар олишга ҳаракат қилардим. Лекин онколог маммолог шифокор бўлишимни билмаганман. Кўпроқ гинеколог бўламан деб ўйлаганман. Институтни тугатиб ҳам гинекология буйича ординатурага топширмоқчи бўлганман. Лекин турмуш ўртоғим гинеколог бўлишимни хоҳламаганлар, энди ривожланиб келаётган онкология соҳасини танлаб кўришимни маслаҳат берганлар. Тақдирми билмадим, ординатурага кирганимдан кейин бу соҳага қизиқишим ортган. Олдинлари отамда бўлган саратон касаллиги қанақа кечишини, даво турлари кўп вақт олишини, касалликнинг қанақа оғир кечишини, асоратларини билмаганман. Улар касаллик туфайли қанчалик қийналганларини тасаввур қилмаганман. Ординатура пайтида бу саволларга жавоб топганимдан кейин, шу соҳани тўғри танлаганимни, беморларга ёрдамим тегишини жуда хоҳлаганман.
  • Онколог шифокорларнинг беморлари кўпинча салбий эмоцияларга, кўзёшларга тўлиб келади. Бундай вазиятда қийналмайсизми?
  • Тўғри, фаолиятим салбий ҳиссиётларга бой, касалликни шифокордан илк марта эшитиш жуда қийин, салбий эмоциялар билан касал ва уларнинг яқинлари сизга мурожаат килишади. Лекин уларнинг сизнинг қабулингиздан кейин яхши эмоция билан чиқиб кетиши сизни шунчалик қувонтирадики, бу ҳиссиётни ҳеч қайси жойдан ёки бошқа қилган ишингиздан тополмайсиз. Бу шунақа туйғуки, ўзингизга бўлган ишончни оширади, ўз устингизда яна кўпроқ ишлашни талаб қилади.
  • Биласиз, биз ўзбек аёллари асосий вақтимизни оила даврасида ўтказамиз. Раҳбар аёл учун оилага вақт ажратиш қийин эмасми?
  • Фикримча, инсон ўз касбини севса соҳанинг қийинчиликлари сезилмаса керак. Аёл киши азалдан яратувчи, тадбиркор, сиёсатчи, умуман олганда бошқарувчидир. Тўғри, оила, фарзандлар тарбияси, иш, ҳаммасини бирга бир маромда олиб бориш қийин, албатта. Турмуш ўртоғим ҳам шифокор бўлганликлари менинг бахтим бўлса керак. Бу соҳани жуда яхши тушунадилар, ўзига яраша қийинчиликлари борлигини биладилар. Мутахассислигим бўйича Туркия, Россия каби давлатларда малака оширишларга бориб келишимга, илмий иш қилишимга қаршилик қилмасдан, қўллаб-қувватлаганлар.
  • Халқимиз онгида саратон-ўлим, деган тушунча бор. Айнан кўкрак бези саратонини келиб чиқиши ва давоси ҳақида гаплашсак.
  • Тўғри, саратон сўзини эшитиш, айниқса, ўзида бу ташхисни қўйилиши жуда оғир ҳолат. Энди ҳаммаси тугади, бу касалликнинг охири яқин орада ўлим билан тугайди деб ўйлашади. Йўқ, ундай эмас. Давоси ҳозирги кунда бор! Фақат вақтида шифокорга мурожаат қилиш керак. Бизда оғримаган нарсага тегиш керак эмас деган тушунча бор. Ёки, ундан қўрқиш ҳисси жуда юқори. Саратон ташхиси қўйилишидан қўрқишади. Бу бизнинг энг ёмон тарафимиз. Шу аснода касалликни биринчи босқичида эмас, вақтни ўтказиб 3-,4-босқичларида мурожаат қилишади. Бу босқичларда касалликни даволаш жуда қийин, ёмон оқибатлари кўп.
    Буни кўриб касалликнинг давоси йўқ ёки даволанганни фойдаси йўқ деб ўйлашади. Унақа эмас, агар касаллик бошланғич босқичларида аниқланса, бемор ҳозирда 90-100% фоиз тузалиб кетса бўлади. Касалликни енгиб яшаб юрган беморларимиз жуда кўп.
  • Нима сабабдан бу касаллик кундан-кунга кўпайиб кетмоқда?
  • Сут бези саратони касаллиги йилдан-йилга ёшариб, касалланиш ҳам ортиб боряпти. Ҳозирги кунда 23-25 ёшли ёш турмушга энди чиққан ёки битта фарзандли қизларимизда ҳам учраб турибди. Касалликни келтириб чиқарувчи аниқ сабаб ҳозиргача аниқланмаган. Фақат сабаб бўлувчи омиллар кўрсатиб ўтилади. Булар: генетик омил, эндокрин омиллар, репродуктив-гинекологик омиллар, зарарли одатлар, стресс ҳолатлари ва бошқалар.
  • Бу касаллик билан оғриган беморларни халқ табобати орқали даволаса бўладими?
  • Саратон касаллиги фақат махсус онкология шифохоналарида даволанади. Бу касалликни ихтисослашмаган касалхоналарда ёки халқ табобати билан даволаб бўлмайди. Аҳоли орасида халқ табобати билан даволаниш ҳам учраб туради. Лекин шу пайтгача биз онкологлар бу йўл билан даволаниб тузалиб кетган касални кўрмадик. Даволаниб, касалликнинг 3-,4-босқичларида бизга мурожаат қилишади. Бу касалликни даволашда биз онкологларга ҳам, беморнинг ўзига ҳам қийинчиликлар олиб келади. Узоқ вақт давом этадиган даво муолажалари, даводан эффектни камлиги, асоратлар фоизининг юқорилиги. Онкологияда касалликнинг босқичларига қараб ҳар хил даво турлари белгиланади (кимётерапия, нур терапия, гормон терапия, таргет терапия, иммунотерапия, жарроҳлик усуллари). Касаллик қанчалик эрта босқичда аниқланса даво турлари камроқ ва даволаниш давомийлиги ҳам қисқаради.
  • Аёлларимизга касал бўлмасликлари учун нима маслаҳат берган бўлардингиз.
  • Биринчи навбатда соғлиғига эътиборли бўлиши керак. Тик қуёш нурларидан сақланишлиги лозим. Ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Ҳеч қайси касаллик ўзидан-ўзи тез муддатда келиб чиқмайди.

Суҳбатдош Мухлиса РАХМАТУЛЛАЕВА.

МАВЗУГА ОИД

ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

admin

ЛЕЙШМАНИОЗЛАР ВА УЛАРНИНГ ПРОФИЛАКТИКАСИ

admin

ТЕМИР МОДДАСИНИМА УЧУН КЕРАК?

admin

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ – ҚУТУРИШ!

admin