Қиш ва баҳор мавсумларида кенг тарқаладиган мавсумий касалликлардан бири сувчечак ҳисобланади. Сувчечак (шамолчечак) герпес оиласига мансуб бўлиб, баданда ўзига хос тошмалар тошиши билан кечадиган ўткир юқумли касаллик. Сувчечакни ташқи муҳитга чидамсиз бўлган Varicella Zoster вируси чақиради. Инфекция ҳаво-томчи йўли билан ва транплацентар йўл билан юқади. У фақат одамда касаллик қўзғатади. Вирус нафас йўллари шиллиқ қаватида кўпайиб, қонга ўтади ва терида пайдо бўладиган пуфакчалар суюқлигида сақланади.
Вирус ташқи муҳит таъсирига чидамсиз, қуритилганда тез нобуд бўлиб, 5%ли глицерин эритмасида 1 ойгача сақланади. Сувчечак кенг, осон юқадиган касалликдир. Касаллик асосан кичик ёшдаги болаларда учрайди. У касалликнинг иситмалаш давридан бошлаб теридан пўстлоқчалар тушиб кетгунча (ўртача 7 кун) юқумли ҳисобланади. Вирус ҳаво томчи йўли билан тарқалади ва атрофдагиларга тез юқади. Соғлом киши организмига вирус нафас йўллари орқали тушади. Касалликнинг inkubatsion даври 11 кундан 21 кунгача (ўртача ҳисобда 14 кун) давом этади. Касалликнинг яширин даври кам кузатилган. Бемор ўзини лоҳас сезади, иситма субфебрил бўлади, баъзан қизамиқ ёки скарлатинага ўхшаш тошмалар тошади. Чин сувчечакда тошма юзда, бошнинг сочли қисмларида, баданда, бармоқларда пайдо болади. Пуфакчалар 1-2 кундан сўнг қуриб, қора қўтир пўст боғлайди ва 1-3 ҳафтадан кейин тушиб кетади. Сувчечак тошмалари бирин-кетин 4-5 кун давомида тошади.
Баъзан тошмалар оғиз бўшлиғидаги шиллиқ қаватларда, ҳалқумда, жинсий аъзоларда пайдо бўлади. Сувчечакда тошадиган тошмалар сони жуда хилма-хил бўлиб, уларнинг характери турлича бўлади. Касалликнинг енгил турларида тошмалар бутун тананинг у ер бу еридагина учраб, интоксикация белгилари аниқланмайди. Сувчечак иситмасининг 38-39 С градусгача кўтарилиши билан ўткир бошланади. Тошма дастлаб қизил ёки пушти ранг ҳолида тананинг барча қисмида пайдо бўлади. Унинг атрофидаги тери ранги ўзгармайди. 1 кун давомида тошма пуфакчага айланади. Пуфакча ичида тиниқ суюқлик бўлади.
Даволаш йўллари
Сувчечакни махсус даволаш воситалари йўқ. Асосий эътиборни иккиламчи инфекциянинг олдини олишга қаратилади. Тошма тошиш даврида, айниқса иситма бор вақтида болани ётқизиб кўйиш керак. Унга ишлатиладиган кўрпа, ёстиқ чойшаблар ва ички кийимлар тоза бўлиши зарур. Боланинг тирноғи калта қилиб олинади. Терида кучли қичишиш бўлганда антигистамин препаратлар (диазолин, супрастин) берилади, Фукарсин ( кастилян) спиртдаги эритмаси суртилади. Асосан вирусга қарши препарат ацикловир таблеткалар тайинланади. Организмни ҳимоя қувватини ошириш мақсадида оқсил ва витаминларга бой овқатлар, кўпроқ суюқлик ичиш буюрилади. Иккиламчи инфекциялар кўшилса, антибиотиклар тайинланади.
Юлдуз Абдуллаева,
шаҳар 2-сон Оилавий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори.