Ажаб қирқ етти ёшимда,
Ўлим лашкари бошимда,
Бир армон ўнг-у тушимда,
Мени Қобулга дафн этинг.
Армонларим бўғзим тиғлар,
Қуролмаган кўшким йиғлар,
Ватан дея дилда чўғлар,
Мени Қобулга дафн этинг.
Бирлашмаган миллат тўзар,
Тўғонини душман бузар,
Юрагимдан бир дард сизар,
Мени Қобулга дафн этинг.
Ўз юртимга сиғмадим, дод,
Ҳинд тупроғин қилдим обод
Хиёнатлар — асл жаллод,
Мени Қобулга дафн этинг.
Ичимда жанг: шоҳ ва шоир,
Бобур шерми, шеър баҳодир?
«Бобурнома» — интиҳодур,
Мени Қобулга дафн этинг.
Дил Сора