Image default
Биласизми?

ТАРАМ-ТАРАМ АТЛАСЛАР

Нози гўзал нозлансалар ойдай тўлиб,

Товон ўпган кокилларин қирқта ўриб,

Кимлар ошиқ бўлмас ахир битта кўриб,

Қизларимиз атлас кўйлак кийиб юрса.

Кулганида гулдай юзи гулга ҳавас,

Мушку анбар иси келар олса нафас,

Ял-ял ёниб турганида ким танимас,

Қизларимиз атлас кўйлак кийиб юрса.

Азалий ва миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган атласу адрасларимиз бизнинг боқий бойлигимиз саналади. Унинг тарам-тарам рангларида халқимизнинг узоқ ҳамда шонли ўтмиши, диди ва ўзига хос хусусиятлари мужассам.

Атлас араб тилидан таржима қилинганда текис, силлиқ деган маънони англатади. Атлас тўқиш Марғилонда жуда қадимдан ривожланган. У табиий ипаклардан тўқилгани боис, танага фойдали ҳисобланади. 2017 йилда ўзбек ипак матоларининг тўқиш технологияси YUNESKOнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани миллий матоларимизнинг жаҳон миқёсидаги юксак ўрнини намоён қилади.

Охирги пайтларда миллийлигимиз тимсоли бўлмиш атлас ва дўппиларимиз фақатгина байраму тантаналарда кийилмоқда. Турли хил бренд кийимлардан ўзимизнинг таббий иплардан тўқилган матоларимиз яхшимасмикан? Бугун биз шу савол билан оммага мурожаат қилдик. Келинг уларнинг фикрига қулоқ тутайлик.

— Ёдимда, болалик пайтаримизда оналаримиз бизларга атласдан кўйлак лозим тикиб, сочларимизни майда қилиб ўриб, дўппи кийгизиб қўйишарди. Бизни кўрган ёши катта нуронийлар ҳавас билан боқарди. Йиллар ўтиб, келин бўлганимизда ҳам сарпомизнинг ярмидан кўпи атласу адраслар билан тўларди. Ҳар куни турфа хил атласларимизни кийиб хизмат қилардик. Негадир сўнгги пайтарда сарполаримизда ҳам кийим жавонларимизда ҳам атласлар сони камайиб кетди, деярли кўринмайди. Ҳайрон қоламан ёш келинларимиз, қизларимиз ял-ял ёниб миллий либосларимизни кийишмайдими? Менимча, миллий либосларнинг ранг-баранглиги одамга куч беради, кайфиятни кўтаради, — дейди Тохира Ахмедова.

— Тўғри атлас матолари юмшоқ ва майин бўлади. Бироқ, биз ёшлар учун бироз ноқулайлик туғдиради. Чунки улар кундалик буюмлар эмас. Шу боисдан, бизга ҳаракат қилаётган пайтда бироз қийинчилик туғдиради. Фикримча, миллий либосларимизни байрамларда, очиқ дарсларда, айниқса баҳорда кийганимиз қулай, -дейди Ҳосила Тошпўлатова.

Юқорида икки авлод фикрини ўқидингиз. Азиз муштарий, сизнингча миллий либосларимиз ўзлигимизни англатувчи, момоларимизнинг руҳини жонлантирувчи восита эмасми? Мана, баҳор яқинлашмоқда. Келинг, барчамиз тинч тотув юртимизга кўрк бериб, атласу адрасларда бошимизга ироқи дўппиларни қўндириб, кўзларни қувнатиб юрайлик!

Мухлиса РАХМАТУЛЛАЕВА.

МАВЗУГА ОИД

АРЧА НИМА УЧУН САРҒАЙИБ, ҚУРИЙДИ?

admin

ЕР УЧАСТКАЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

OPENBUDGET’ДА ЮТГАН МАҲАЛЛАЛАР КЕЙИНГИ 2 ТА МАВСУМДА ҚАТНАШОЛМАЙДИ

admin

Паранжи

admin