Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари ва барча депутатлик гуруҳларининг 2025 йилга мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш бўйича қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Кенгаш котибияти мудири Эргаш Абдурайимовга Кенгашнинг, доимий комиссияларнинг, партия депутатлик гуруҳларининг ҳамда депутатларнинг иш режалари бажарилиши юзасидан 2025 йилга мўлжалланган иш режаси, доимий комиссияларнинг иш режалари ва ижроси юзасидан танқидий-таҳлилий муҳокамаларни мутасаддилар иштирокида ташкил этиш ва ҳар чорак якуни бўйича амалга оширилган ишлар натижалари юзасидан Кенгаш раисига ахборот бериб бориш вазифаси юклатилди.
Сессиялар бўйича жами ўртача 23 та (ўртача ҳисобда ҳар 3 ойда 3 та) сессия ўтказилиши ва жами 115 та масалани (ҳар бир сессияда ўртача 5-6 та масала) муҳокама этиш режалаштирилган. Доимий комиссиялар бўйича жами 35 та масалани алоҳида ўрганиб, 1 та масалани эса қўшма равишда кўриб чиқиши режалаштирилган. Бунда ҳар бир доимий комиссияга йил давомида ўртача 5-6 та масала тўғри келади (сессияга киритиладиган 115 та масала ҳам доимий комиссияда алоҳида ёки қўшма тарзда муҳокама қилинади).
Шунингдек, сектор раҳбарларининг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” асосида амалга оширилаётган ишлар ҳамда ҳудудларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳаларнинг бажарилиши ҳамда жамоатчилик назоратининг натижалари, аниқланган муаммолар ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳисоботлари эшитилади.
Маҳаллий бюджет ижроси, шаҳар салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда маҳаллий бюджет даромадларининг қўшимча манбаларини шакллантириш ҳамда қўшимча манбалардан фойдаланиш йўналишлари, жумладан, маҳаллий бюджет даромадларини оширишнинг аниқланган резервлари ҳақида ҳисоботлари эшитилиб, муҳокама қилиб борилади.
Бундан ташқари, депутатлар томонидан йил давомида шаҳарни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йиллик дастурини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш; депутат сўровларига ўз вақтида жавоб бериш ҳолатларини кўриб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш; маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратилган маблағларнинг фойдаланилиши устидан назорат ўрнатиш; шаҳарда электр ва газ таъминоти тизимини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш ва натижасини муҳокама қилиш; шаҳар «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастури, автомобил йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш доирасида амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилиш; соҳа бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига етказиш, бунда, ОАВдан, интернет тармоғидан фойдаланиш ҳолатларини ўрганиш ва натижаларини муҳокама этиш; шаҳарда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга кўмаклашиш, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш; “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиши юзасидан қатъий назоратни давом эттириш, иқлим ўзгаришининг олдини олиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, шаҳарни кўкаламзорлаштириш юзасидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мутасадди раҳбарларининг ахборотини эшитиб бориш; сайловчилар билан учрашувлар ташкил этиш; қабул қилинган янги қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида тарғибот тадбирларини ташкил этиш; ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-ауцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш комиссияси томонидан киритилган имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхати ва уларга бир марталик тўловни амалга ошириш масаласини кўриб чиқади.
Кенгашнинг йиллик иш режаси бўйича қарорнинг тўлиқ матни билан E-Kengash, E-Qaror платформалари ҳамда Olmaliqhayoti.uz сайти орқали танишишингиз мумкин.