Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналарнинг аҳамияти беқиёс.
Мазкур тизимнинг асоси бўлган Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари бевосита давлат раҳбарига мурожаат қилиш, халқ билан доимий мулоқот олиб бориш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида самарали ҳал этишнинг таъсирчан механизмига айланди.
Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев таъбири билан айтганда, бошқарув тизими сифатини оширишда «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган асосий тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарур. Мурожаатлар билан ишлаш, унда кўтарилган масалалар орқали жамиятдаги оғриқли жойни — касалликни у ривожланмасдан туриб эрта ташхислашга ёрдам бериши билан муҳим аҳамият касб этади.
Куни кеча шаҳар ҳокимлигида ҳам шаҳримиздаги корхона-ташкилотларнинг аҳоли ва юридик шасхлар мурожаатлари билан ишлашга бириктирилган масъуллари иштирокида ўқув семинари ташкил этилди. Семинарда вилоят масъуллари ҳам таклиф этилиб, иштирокчиларга электрон база орқали мурожаатларни эгасига тўғри йўналтириш ва ижобий ечим топиш орқали камайтириш бўйича тушунтиришлар бериб ўтилди.
Президент Халқ қабулхонаси Олмалиқ шаҳар бўлими мудири Жамолиддин Маназаров ўз нутқи давомида бугунги кунда халқ қабулхоналари ходимларига берилган қўшимча ҳуқуқ ва ваколатлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Улар қуйидагилардан иборат:
- давлат органлари ва ташкилатларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш ва аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузиш ҳамда кўриб чиқиш учун судга юбориш;
- мурожаатларда кўрсатилган масала, муаммо ва важларни ҳар томонлама текшириш ва самарали ҳал қилиш юзасидан мурожаатларни кўриб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотларига кўрсатма бериш;
- мансабдор шахс ва фуқаролардан қонун бузилиши ҳусусида оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш ва олиш;
- давлат органлари ва ташкилотларининг мурожаатлар билан ишлаш фаолиятини муҳокама қилишга оид йиғилишларида иштирок этиш шулар жумласидандир.
Хулоса қилиб айтганда, Халқ қабулхоналари фаолиятини илмий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этиб ўрганмасдан туриб улар фаолиятини янада такомиллаштиришга эришиш мушкул масаладир. Шу боис мазкур демократик институтни ҳар томонлама илмий ва амалий жиҳатдан ўрганиш аввало фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини янада оширишга, фуқаролар ҳуқуқларини самарали таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиздир.
Гулнора БалтаЕва,
Халқ қабулхонаси шаҳар
бўлими бош мутахассиси.