Image default
Жамият

ЗУЛМ ВА ЗЎРАВОНЛИК: ЗАЛОЛАТ ҚУРБОНЛАРИ

…Нина санчилган, куйдирилган жажжи қўллар…Ширинликни рухсатсиз еб қўйгани учун оловли пахтада қийноққа солинган бармоқлар… Турмушдаги дарду аламини боласидан олиб ўзи ва болаларини 9-қаватли бинодан ташлаган “Сергели” воқеаси, ёхуд олисдаги аёлига аччиқ қилиб болаларига тиғ тортган эркак фожеаси…

Мана шу воқелар фонида “болажон халқ” деб тилга олинадиган бизнинг миллат сифатидаги фожеамиз юзага қалқиб чиқади. Бутун борлиғини боласига бахшида қилиб юборадиган эл қачондан бери болаларга озор, уқубат етказадиган заифларга айланди?! Уруш бўлаётган жойда бир-бирига қўл бериб ўзларидан қалқон ясаб, ҳар икки томонни тўхтатмоқчи бўлган жасур оналар қачон ўз боласини ўлдириб арча тагига ташлаб кетадиган малъунга айланди?! Хўш, яқин бир йил ичида болаларга нисбатан бўлаган зўравонлик ҳолатларининг кўлами қандай? Кўрсатилган зулмнинг даражаси қандай, бу бўйича нечта ҳолатлар аниқланган?
Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, охирги 3 йилда 2 минг 72 нафар шахс судлар томонидан ота-оналик хуқуқидан маҳрум этилган. Шундан 1 минг 777 нафари ёки 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортганлиги учун ота-оналик хуқуқидан маҳрум қилинган. Шунингдек, 23 нафари ота-оналар болаларига ўта шафқатсиз муомалада бўлганлиги, куч ишлатганлиги ёки руҳий таъсир кўрсатганлиги аниқланган.
Ушбу рақамлар шаҳримизда қандай? Саволларимиз билан Олмалиқ шаҳар ИИБ ХБП ВЕ ва ЙБИГ катта инспектори, лейтенант Наргиза Маназаровага юзланамиз:

  • Шаҳримиз ҳудудида болаларга нисбатан содир этилган зўравонликларнинг 2024 йил таҳлилини оладиган бўлсак, онанинг ўз боласига, бобо-бувиларнинг набираларига нисбатан зўравонлик ҳолатлари ниҳоятда кўп аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув жараёнларида бундай зўравонликлар содир этилишининг асосий сабаблари вояга етмаган шахсларнинг кундалик турмуш, ҳаётдаги арзимаган баҳоналар айтайлик, болаларча қилган шўхликларини важ килиб келтиришади. 2024 йил ҳисоби бўйича ота-оналарнинг ўз фарзандларига ўтказган тазйиқлари натижасида болаларнинг тан жароҳати билан боғлиқ 2 та ҳолат аниқланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 110-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. (Муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш).
    Бу бўйича воқеликларни келтира оласизми?
    -Ўтган йилнинг 30 октябрь куни 8 ёшли вояга етмаган ўқувчи бола ўз онаси унга жисмоний зўравонлик ўтказаётганлигини маълум қилиб, аёлга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраб, бизга ариза билан мурожаат килган. Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, болада, “чап кўкрак қафаси олд юзаси, кўлтиқ ости, қовурға ёйи остида, бурун камари учки қисми, ўнг қўл бармоқ кафт бўғими ҳамда оёқ бармоқлари орасида куйиш” каби тан жарохатлари аниқланиб, СОҒЛИҚНИНГ ҚИСҚА МУДДАТГА БУЗИЛИШИГА ОЛИБ КЕЛГАН ЕНГИЛ тан жароҳати тоифасига кириши аниқланган. Эксперт хулосасига кўра, онага нисбатан муттасил равишда ўз фарзандини қийнаб келаётганлиги учун жиноят иши кўзғатилган.
    -Болалар зўравонлиги бўйича тизимда амалга оширилаётган чора-тадбирлар қандай? Бу бўйича самарали қадамлар бўляптими?
  • Олмалиқ шаҳар ИИБ томонидан болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш учун тегишли ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа чоралар кўрилмоқда. Шу жумладан, зўравонликдан жабрланувчиларни реабилитация қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини тиклаш ҳамда уларни ижтимоий мослаштириш учун зарур бўлган самарали механизмлар ташкиллаштирилган. Ҳамкорлик масаласига жуда катта эътибор берилмоқда. Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, прокуратура, ички ишлар, Миллий гвардия органлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ва таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда болаларга нисбатан зўравонлик содир этилишига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш юзасидан ота-оналарнинг масъулияти ва мажбуриятини ошириш ҳамда зўравонлик оқибатларини бартараф этиш бўйича ота-оналар фаоллигини таъминлаш, болаларга нисбатан зўравонликни профилактика қилиш чора тадбирлари кўриб келинмоқда.
    -Маълумот ва суҳбатингиз учун раҳмат.
    P/S. Дарвоқе, ота-оналарнинг фарзандларига нисбатан содир этган жисмоний зўравонлигини кўплар болани жазолаш ёки тарбиялаш йўлидаги ҳаракатлар деб изоҳлайди. Бир тадқиқот давомида ўтказилган суҳбатларда АҚШда жисмоний зўравонлик содир этган ота-оналарнинг учдан икки қисми ўз қилмишларини фарзандни жазо орқали тўғри йўлга бошлаш мақсадида амалга оширганликларини таъкидлайди. Канадада эса зўравонликни жазо ва тарбия доирасида деб ҳисобловчилар тўртдан уч қисмни ташқил этган. Greshof томонидан ўтказилган тадқиқотларда маълум бўлдики, 87 фоиз ҳолларда жисмоний жазо боланинг ижобий хулқ-атворида эмас, балки, ахлоқнинг салбий томонларида кўпроқ рол ўйнаган.

Дилафрўз
Эгамбердиева.

МАВЗУГА ОИД

ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАР

admin

КИТОБ ИНСОННИ ЭЗГУЛИККА ЕТАКЛАЙДИ

admin

ОКМКДА САРҲИСОБ: ИЖТИМОИЙ СОҲАНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ БОРАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР

admin

ОЛМАЛИҚДА «ЯНГИ ОЙ» ПАЙДО БЎЛДИ(МИ?)

admin