Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, деган қоида мустаҳкамланган. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, мамлакатимизда оила, оналик ва болалик муҳофазаси давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Унинг бирламчи ҳуқуқий асоси сифатида Конституциямизга “Оила” боби киритилган.
Бугунги кунда баъзи бир оилаларда эрта турмуш ҳолати аниқланмоқда. Ҳўш, бунинг оқибатлари нималарга олиб келяпти? Фарзандларнинг етим бўлиб қолиши, эрта туғруқ, ажралишлар эрта никоҳнинг оқибати эмасмикан? Ҳаёт ҳақида ҳали тушунчаси бўлмаган болаларимизни оила қуришига бунча шошилмасак? Кечагина қўғирчоғини бағрига босиб ухлатаётган қизларимизнинг қўлида гўдаклар, рўзғор нималагини билмаган йигитларимизнинг елкасида турмуш юки. Нимага шошиляпмиз? Эрта никоҳ ҳақида қонунчиликда ҳам алоҳида белгилаб ўтилган меъёрлар бор.
Қонунчиликка мувофиқ никоҳ ёши эркак ва аёллар учун ҳам 18 ёш этиб белгиланган. Узрли сабаблар бўлган ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шаҳс тўла муомулага лаёқатли деб топилганда), никоҳга киришни хоҳловчилар илтимосига кўра тегишли туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан 1 йилга камайтириши мумкин.
Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ муносабатларига киришиш 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача; ота-она ёки улар ўринини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсларни никоҳлаш БҲМнинг 7 баробаридан 15 баробаригача 2 380 000 сўмдан 5 100 000 сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин такроран содир этган шахслар 2 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Азиз ота-оналар! Шошилмайлик! Фарзанларимизнинг гуллаган умрини хазонга совурмайлик! Ўқисин, излансин. Зеро, ўқимишли ота-онадан зийрак, соғлом, баркамол фарзандлар туғилажак.
Раъно Масидикова,
Олмалик шахар ФХДЁ мудираси