Image default
Жамият

МИЛЛИЙ МАТОЛАРА ЁЛЛИК ЖОЗИБАСИНИ ОШИРАДИ

Халқимизда “Ҳунарли киши хор бўлмас” деган гап бор. Айниқса, аёл киши касб-корли бўлса жамият учун ҳам, оиласи учун ҳам наф келтиради. Энг муҳими ўзини бахтиёр ҳисоблайди. Бугунги кунда юртимизда ўз-ўзини банд қилиб келаётган аёлларимизнинг сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Галдаги суҳбатдошимиз “Pochcham” брендининг асосчиси Умида Усмонова ҳам касби орқали минглаб шогирдларга тикувчилик илмини пухта ўргатиб, уларни иш билан таъминламоқда.

Умида Усмонова 1984 йилда Олмалиқ шаҳрида таваллуд топган. Оилали. 3 нафар фарзанднинг меҳрибон онаси, садоқатли рафиқа.

  • Умида опа, билишимча, тикувчилик жуда ҳам мураккаб касб турига киради. Майда чоклар, инжиқ мижозлар, кўз нури… Бу касбга кириб келишингизга нима туртки бўлган?
  • Онам Раъно Султонова боғча мудираси бўлгани учунми болалигимдан онамга ўхшаб мен ҳам мудира бўламан деб ният қилардим. Бироқ, биласиз ёш қизчаларни овунчоғи албатта қўғирчоқлари бўлади. Мен ҳам қўғирчоқларимга турли хил либослар тика бошладим. Шундан кейин қалбимда тикувчиликка бўлган муҳаббат уйғонди. Мактабга бориб юрган кезларимда Шоҳида дугонам ҳар куни ҳар хил чиройли формалар кийиб келарди. Буни қаердан олдинг, десам онам тикиб берди деб жавоб берарди. Тикувчиликка бўлган қизиқишим кун сайин ошаверганидан онам Муқаддас опанинг ёнларига олиб борганлар. 6 нафар синфдошим билан Муқаддас опадан сабоқ олганмиз. Улар бизга фақатгина тикувчиликни эмас, балки рўзғорни, одамлар билан қандай мулоқот қилиш кераклигини ҳам ўргатган. Муқаддас опа ҳаётдаги устозим, десам ҳам бўлаверади.
  • Малакали устознинг шогирди бугунги кунда ўз ўқувчиларига нималарни ўргатмоқда?
  • Устозимдан 3 йил давомида тикувчиликни чуқур ўрганиб, мана 25 йилдирки шу касб орқали одамларнинг меҳрини қозондим. 15 йилдан ошиқ ўзим ҳам мингдан ортиқ ўқувчиларга касбимни ўргатиб келаяпман. Ўз шахсий цехимни очганимга ҳам 10 йил бўлди. Тикувчилик мактабига эса 5 йил.
    -Тикувчилик мактабингизга келганлар неча ой давомида таҳсил олади?
  • Тикувчилик ўқу курсимиз асосан 3 ойга мўлжалланган. Шу ой мобайнида ўқувчиларимизга қўлдан келганча билимларимизни берамиз. Шаҳримизнинг кам таъминланган, қолаверса “Аёллар дафтари”да турадиган хотин-қизлари учун бепул дарслар ташкил қилганмиз. Курсларимизни тугатган ўқувчиларимизни цехимга ишга оламан. Аёлларимиз ҳам ҳунарли, ҳам ишли бўлишади.
    -Умида опа, брендингиз номини нима учун “Pochcham” деб номлагансиз?
    -Кўпчилик шу савол билан ўзимга ҳам мурожаат қилишади. Поччангиз очиб берганми деганлар ҳам топилган. Тўғри икки опамнинг эрлари ҳам яъни поччамлар бизни ҳамиша қўллаб келишади. Бироқ, бу номни ўзим танлаганман. Ҳаммадан ажралиб, ўзгача бўлиш учун.
    -Ижодингиз орасида миллий матоларимиздан тикилган либослар кўп экан. Миллийликда ижод қилишни яхши кўрасизми?
    -Бизнинг миллий матоларимиздан нозик, танга хуш ёқувчи либослар тикилади. Сабаби, тоза ипакдан тўқилади. Шунинг учунми атласу адрас матосидан либослар тикишни яхши кўраман. Ҳозирги кунда мактаб ва ташкилотларга ҳам атласлардан костюм ва жикетлар буюртма олиб етказиб бермоқдамиз. Барча аёлларимизга миллий либослар ярашади. Миллийлик жозиба беради.
    -Касбингиз орқали қийинчиликка учраб турасизми? Шундай пайтларда қандай куч топасиз?
    -Менимча, ҳеч қайси бир иш қийинчикликсиз бўлмаса керак. Англашимча, қийинчилик сўзи дангасаларга тегишли ибора. Тўғри қийинчиликлар бўлади. Йиқиласиз, турасиз ва яна йиқиласиз. Энг муҳими тура олишда. Қийинчиликлар ҳаётимизга зеб беради. Курашиб яшаган одам кучли ҳисобланди.
    -Келажакдаги режаларингиз.
    -Касбим орқасидан кўплаб инсонларнинг назарига тушдим. Озми кўпми шогирдларим бор. Аллоҳ насиб қилса яна кўплаб брендларга асос солиб, аёлларимизни иш билан таъминлаш, ҳунарли, тадбиркор қилиш.

Суҳбатдош Мухлиса РАХМАТУЛЛАЕВА.

МАВЗУГА ОИД

МАҲАЛЛАЛАРДА ХАВФСИЗ МУҲИТНИ ЯРАТИШВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

admin

ЙЎЛЛАРДАГИ ХАРАЖАТЛАРИМИЗ ВА ҲАРАКАТЛАРИМИЗ БИЗГА ҚИММАТГА ТУШМАЯПТИМИ?

admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови

admin

ОКМК ФРАЙБЕРГ КОНЧИЛИК АКАДЕМИЯСИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ЎРНАТДИ

admin