2025 йил 10 февраль куни Олмалиқ шаҳар, Бобур МФЙ, А.Навоий кўчасида яшовчи 1983 йилда туғилган Т.Х. шаҳар ИИБ бошлиғига мурожаат қилди. Унинг баён этишича, жорий йил 7 февраль куни соат 22:46да номаълум шахс унинг уяли алоқа воситасига уланган “Миллийбанк” томонидан берилган пластик картасидаги 7 млн 200 минг сўмдан зиёд пул маблағини ечиб олиб, пулининг қайтарилишида ва қонуний чора кўрилишида амалий ёрдам беришликни сўраган.
«Қалмоққир» МФЙ, «Қалмоққир» кўчасида яшовчи 2002 йилда туғилган З.Э. мурожаатига кўра, 2025 йил 15 январь куни соат 20:00 ларда яшаш манзилида бўлган вақтида инстаграм ижтимоий тармоғи орқали номаълум шахс Германия давлатига ишга юбораман деб ишончига кириб, 3,5 млн сўм пул ўтказиб алдаганлигини ва ушбу шахсларга нисбатан қонуний чора кўришда амалий ёрдам беришни сўраган.
Олмалиқ шаҳар, “Наврўз” МФЙ, «Шарқ» кўчасида яшовчи Ж.Н. мурожаатига кўра, 2024 йил февраль ойларида таниши А.Х. илтимосига кўра, унга умумий нархи 36 млн. сўмлик маиший техника буюмларининг пулини 6 ой давомида бўлиб тўлаш шарти билан сотган. Бироқ А.Х. ушбу маҳсулотлар учун пул тўламасдан келаётганлигини маълум қилиб, ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўриб, унга етказилган моддий зарарни қоплашда амалий ёрдам сўраган. Бундан ташқари А.Х.га нисбатан бошқа фуқаролар ҳам шу тарздаги фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар бўйича мурожаат қилишган.
Юқорида келтирилган барча жиноий ҳолатлар бўйича шаҳар ИИБнинг тезкор тергов-суриштирув ходимлари томонидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.