Image default
Жамият

ОДАМЛИК ТУГАГАН ЖОЙДАН ШОИРЛИК БОШЛАНАДИ

…Аслида дўст ҳам бир душманнинг тури,
Душманнинг энг зўри душманнинг шери,
Чунки қўлидадир кўнглингнинг сири,
Мен уларни кечирай бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.

Юқоридаги қўшиқ орқали кўпчилигимизнинг қалбимиздан чуқур жой эгаллаган шоира Фарида Афрўзнинг кўнгил бекатларига сайр қилдик.

Фарида Афрўз (Фарида Қўзиевна Бўтаева)
1956 йил 5 мартда Қўқон шаҳрида туғилган. Қўқон давлат педагогика университетининг Тарих факультетини тамомлаган. 2020-2024 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият юритган. У ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари лавозимида ишлайди.

Фарида Афрўз 27 та шеърий тўплам муаллифи бўлиб, 1999 йил “Шуҳрат” медали билан, 2017 йил “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Шоиранинг 200 дан ортиқ шеърлари мамлакатимизнинг энг машҳур санъаткорлари томонидан куйланиб келинмоқда.

  • Устоз, келинг суҳбатимизни болалик йиллари ва эсда қолган хотиралар билан бошласак.
  • Болалик бу бошдан оёқ беғубор, такрорланмас хотира. Ҳамиша болалик ҳақида гап кетса яйраб, яшнаб кетаман. Чунки болагимда отам мени кафтида кўтариб, эркалатиб улғайтирган. Истаган ишимни қилардим. Дарахтма-дарахт, томма-том сакраб юрардим. Капалакнинг ортидан чопардим, зилол сувларнинг шивирлашига қулоқ солардим.
    Энг эсда қоларлиси, 5-синфда ўқиб юрган кезларимда шеърларим Республика газеталарида чиқа бошлади. Бир куни мактабимиз раҳбари ҳамма синфни тўплаб, мактабимиздан шоира чиқди, дея қарсаклар остида мени даврага чақириб, шеъримни ўқиб бергани бўлган.
  • Бир суҳбатингизда шоирлик касб эмас деган эдингиз. Шоирлик нима? Асл шоирлар қандай бўлади?
  • Шоир қачонки, шеърни касбга айлантирса, шоирликдан кетади. Бир буюк одам айтган эди, одамлик тугаган жойдан шоирлик бошланади, деб. Ҳар қандай одам бир касбни танлаб уни пухта ўрганса ўша касбнинг устаси бўлади. Шоирлик эса бундан мустасно. Илҳомни Яратган беради. Ҳар қандай ҳолатда илҳомни кутиб яшайди асл шоирлар.
  • Бугунги кунда аёлларимиз ҳар соҳада фаол. Сиз ҳам тадбиркор, ҳам архитектор, ҳам давлат идораларида ишлаб келмоқдасиз. Бу аёлга оғирлик қилмайдими?
  • Менимча, оиласини гуллатиб, яшнатган аёл жамиятни ҳам гуллатади. Фақатгина мен ожизаман, чарчадим, қўлимдан келмайди деб нолиган аёллар ҳеч нарсани уддалай олмайди. У аёл бўладими, эркакми ўз ишини севиб адо этиши керак. Ўзи танлаган касбида ишлаши шарт. Шундагина у ўсади, ривожланади, кимгадир фойдаси тегади. Инсон ўзи яхши кўрган иши билан машғул бўлса умри узаяди, ишидан завқ олади, чарчамайди. Аёл биринчи навбатда яхши кўрган одамлари билан ҳамсуҳбат бўлиши керак. Шундагина қалби меҳрга, муҳаббатга, завққа тўлади.
  • Кунда кунора ижтимоий тармоқларда аёлларимизнинг жонига қасд қилаётгани ё бўлмаса боласига жабр бераётганига кўзимиз тушади. Қаердан бунча важоҳат? Бу воқеаларга ким айбдор?
  • Ўз жонига қасд қилган одамлар жаҳолат қурбонларидир. Менимча, ўз жонига қасд қилаётганлар ўзгаларни борича қабул қила олишмайди. Кўнглида НЕГА деган саволлари кўп. Нега у яхши яшайди мен эмас, нега уни эри яхши меники ёмон, нега унинг омади бор мен омадсизман… шу каби саволлар қалбини кемиради. Ўзини ўлдириш бу ечим эмас. Жоҳил инсонлардан кетиш керак тамом.
  • Бугунги кунда қандай кимсалар қалбингизни оғритади?
  • Йиллар ўтган сайин қалбимни асрайдиган бўлдим. Бироқ, баъзида атрофимда бефаросат одамлар, ёлғончилар, хиёнаткорлар учраб, ўзларини тезда билдириб қўйишади. Бундай инсонларни кўрганда Аллоҳнинг назари тушмай қолибди дейманда, кетаман.
  • Агар ҳаётингизни бир китоб десак. Унга қандай ном берган бўлардингиз?
  • Ҳаёт — қизиқарли китоб. Мен умр китобимга ИДРОК деб ном қўйган бўлардим. Биласизми, дунёни ҳамма ўзича идрок қилади. Идрок тушунчасида чуқур маъно бор. Менинг ҳар куним, ҳар нафасим идрок қилиш билан ўтади.
  • Кўп ижодкорлардан эшитганман. Ижод қилмай қўйсам касал бўлиб қоламан дейди. Ижод юки шунчалар залворлими?
  • Ижод қилиш завқи ҳаммага ҳам берилавермайди. У танланганларга, сараланганларга берилади. Хос одамларгина ижод дарди билан яшайди. Ижод бу илоҳийликдир. Атрофимдаги ижодкорлардан, ўзимдан келиб айтаманки, ижод юкини кўтариш оғир. Ёзмай қўйсангиз юрагингиз оғрийди, касал бўлиб қоласиз.
  • Шаҳримиз аёлларини кўпчилиги сизга ҳавас қилишади. Аёлни бахтга етакловчи воситалар ҳақида биз билан ўртоқлашсангиз…
  • Аёлнинг тақдирига севдириш ёзилган деб ўйлайман. Севилган аёл гўзал ҳисобланади. Севдирувчи аёл ҳеч қачон бахтсиз бўлмайди. Ҳаёти билан боғлиқ бўлган одамларни севдира олган аёлнинг тўрт фасли ҳам баҳордир.

Суҳбатдош Мухлиса Чинпўлат қизи.

МАВЗУГА ОИД

ОКМК СПОРТ МАЖМУАСИ — ШАҲРИМИЗГА САЙЁҲЛАРНИ ЖАЛБ ЭТУВЧИ МАНЗИЛ

admin

ҲАЁТ ФАЛСАФАСИ ЁХУД ҚАҲРАМОНГА ЧИЗГИЛАР

admin

КУН ТАРТИБИДА: АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИНИ ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИШ ДАРАЖАСИНИ ОШИРИШ

admin

ЭНЕРГИЯ ТЕЖАМКОРЛИГИ УЧУН ҲИССА ҚЎШАМИЗ

admin