Сарлавҳада акс этган тергов судьяси ва унинг ваколатлари ҳақида, соҳа вакиллари, хусусан, ҳуқуқшуносларни ҳисобга олмаганда, ҳали кенг жамоатчилик тўла тасаввурга эга бўлиб улгургани йўқ. Хўш, тергов судьяси қандай лавозим ўзи? Мазкур янги тизим одил судловни таъминлашда қай даражада аҳамиятга эга?
Яхши маълумки, юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, суд-тергов амалиёти инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, шунингдек, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш чораларини кучайтириш зарурати мавжудлиги кўзга ташланаётган эди.
Шу маънода судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида давлат раҳбарининг тегишли фармони билан 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилди.
Эндиликда жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судьялари томонидан кўриб чиқилмоқда.
Жумладан, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлик, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги, мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги, тинтув ўтказиш ҳақидаги, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги, шунингдек, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномалар бевосита тергов судьялари томонидан кўриб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш хусусидаги, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларини кўриб чиқиш ҳам тергов судьялари ваколатидаги масалалардир.
Биламизки, 2025 йил 1 январга қадар жиноят ишлари билан бирга, маъмурий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ишлар ҳам жиноят ишлари бўйича туман шаҳар судлари судьялари томонидан кўриб чиқилар эди. Янги тартибга кўра энди маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳам тергов судьяларига ваколатига киритилди.
Ўрни келганда, мамлакатимизда ушбу янгилик халқаро илғор тажрибадан келиб чиқиб жорий этилганлигини таъкидлаш жоиз. Тергов судьялари фаолиятидан бош мақсад тергов жараёнларидаги турли қонунбузилишларнинг олдини олиш, судга қадар бўлган давр – тергов жараёнида инсон ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга эришишдан иборатдир.
Устоз ҳамкасблар таъбири билан айтганда, тергов судьяси — тергов жараёнларидаги турли қонунбузилишларнинг олдини олиш учун терговчи ва айбланувчи (гумонланувчи) ўртасида турадиган холис процессуал мавқега эга, мустақил мансабдордир. Демакки, тергов судьялари шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Элёржон Пирматов,
Жиноят ишлари бўйича
Олмалиқ шаҳар судининг
тергов судьяси.