Ҳамкасбимнинг ёнига иш билан кирган вақтимда токчадаги гулларга эътиборим тушди. Қандай қилиб ўша гуллар ёнига бориб қолганимни билмай қолдим. «Табиий гулларми?» деб савол бердим. У эса: «Йўқ, хонамга қуёш тушмайди-ку, булар сунъий гуллар», — деб жавоб берди. Шунда гулларга термулиб, уларнинг сунъий бўлса-да, жозибаси билан одамни мафтун қилаётганини ҳис қилдим.
Ҳақиқатдан, табиий гуллар ва ундан чиқадиган нафис ҳидни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Лекин гулларнинг ҳар қандай тури аёллар учун ёқимли. Сунъий гуллар бўлса ҳам, табиий гулдек чиройли бўлса, улар ҳам инсонларга шодлик ва қувонч бағишлайди. Айниқса, бундай гуллар йиллар давомида сақланиши мумкинлиги боис, ҳадя сифатида қадрли совға ҳисобланади.
Биз гулларни реклама қилиш мақсадидан йироқмиз, аксинча, сунъий гулларга табиий гулдек жанбахш ато этаётган гул соҳибаси ҳақида сизга айрим маълумотларни айтишни лозим топдик. Тўғрироғи, нафис гуллар яратувчиси бўлган Сарвиноз Суттибоева билан суҳбатлашдик.
Сарвиноздан «Нега табиий гуллар ўрнига сунъий гуллар билан шуғулланасиз?» деб сўраганимизда, у шундай жавоб берди: «Мен кўп қаватли уйда яшайман. Шунча ҳаракат қилсам ҳам, табиий гулларни парваришлай олмадим. Ўзим гулларни жуда яхши кўраман. Аввал табиий гулларни олиб, уйда парвариш қилишга ҳаракат қилдим. Лекин квартирамиздаги ноқулайликлар сабабли, уларни ўзим хоҳлагандек етиштира олмадим. Шунинг учун, сунъий гуллар ясашни бошладим».
Сарвинознинг айтишича, сунъий гуллар билан шуғулланишнинг бир неча фойдаси бор. Улар йиллар давомида ўз жозибасини сақлайди. Бу гулларнинг энг катта афзаллиги шуки, уларга парвариш қилиш ва махсус шарт-шароитлар талаб этилмайди. Гулларнинг инсонга бағишлайдиган қувончи ва уларнинг эстетик қадри эса ўзгармасдан қолади.
- Гулларни нималардан ясайсиз?
- Тайёр сунъий гуллар, туваклар ва гул ясашда керак бўлган барча компонентларни асосан бозордан харид қиламан. Кейин улардан турли хил безаклар билан безатилган тувакдаги гулларни тайёрлашга ҳаракат қиламан. Гул ясашда 20га яқин элементдан фойдаланаман. Битта гул тувакни тайёрлаш тахминан 1.5-2 соат вақтни талаб қилади.
- Гул ясашга бўлган қизиқишингиз қачондан бошланган?
- Гул ясашга бўлган қизиқишим икки йил аввал шакллана бошлаган. Аввал онлайн тарзда Динара Ботировадан гул ясаш сирларини ўргана бошладим. Лекин кўзингиз билан кўрмаган нарсангизни аниқ қилиб ўхшатиш жуда қийин бўлгани боис, Тошкентда Умида опадан бир ҳафта давомида гул ясашнинг бошқа усулларини ҳам ўрганиб олдим. Бу ҳунарни ўрганганимга кўп вақт бўлмади. Бозорда сотишни ҳали йўлга қўймаганман, аммо телеграмда гуруҳ очиб, шаҳримиз ва қўшни туман-шаҳарлардаги аҳоли учун уларнинг танлаган безаклари бўйича буюртма орқали гул ясаб бераман. Ҳозирда ёш бўлишига қарамай, икки қизимга ҳам ҳунаримни ўргатганман. Улар менинг энг яхши ёрдамчиларим. Бири 9-синф, иккинчиси 7-синф.
- Бу ишдаги илк тажрибангиз қандай бўлган?
- Мен бу ҳунарни ўзимга совға қилганман ва аввал бошида ҳеч кимга айтмаганман. Туғилган кунимда тушган пулларни олиб, ижтимоий тармоқ орқали топган устозим билан гаплашиб, тўловни амалга оширдим ва гуруҳга қўшилиб, бошқа қизлар қатори гул ясашни ўргана бошладим. Илк ясаган гулларим лола гуллари бўлган. Биринчи ясаган ижод маҳсулимни онамга совға қилганман.
- Гулларингизнинг асосий харидорлари қайси касб эгалари?
- Гулларимнинг харидорлари турли касб эгалари, лекин менинг асосий харидорларим аёллар. Уларнинг кўпчилиги лола гулларига қизиқиш билдиришади. Шу сабабли, мен ҳам кўпроқ лола гулларидан турли декорациялар ясайман. Харидорларга мана шу гулларни олинг деб тўғридан-тўғри таклиф қила олмайман, чунки ҳар бир инсоннинг эстетик диди ўзгача. Шунинг учун, гуруҳга турли хил декорацияларни юбораман ва ким қайсини ёқтирса, ўша гулни ясаб беришга ҳаракат қиламан.
- Гул ясаш ҳунарида талаб қилинадиган энг муҳим нарса нима?
- Гул ясаш ҳунарида умуман олганда, энг муҳим нарса бу – меҳр. Шунингдек, дид ва сабр ҳам. муҳим омиллар ҳисобланади. Лекин чиройли нарсалар ҳамиша моддийлик билан боғлиқ. Гул ясаш жараёни харидорнинг характерига ҳам боғлиқ бўлади баъзан. Айрим харидорларнинг буюртмасини тайёрлаётганимда шунақа илҳом келади, гуллар айтганидан ҳам аъло даржада чиқади. Айримлариникини шунча ҳаракат қилсам ҳам, айнан чиқаришга қийналаман.
- Гуллар учун нархни қандай белгилайсиз?
- Ҳозирда ясаётган гулларимнинг энг арзон нархи 100 минг сўм, энг қиммат гулим эса 150 минг сўм. Кетган харажатларга қараб, маҳсулотларимнинг нархини белгилайман, лекин ҳар доим тенг нарх қўймайман. Чунки мен бу ишни фақат қизиқиш ва меҳр билан қиляпман.
- Турмуш ўртоғингиз ҳунарингизни қандай қабул қиладилар?
- Турмуш ўртоғим мени доим қўллаб-қувватлаб келган. Одатда, бу иш билан хўжайним ишда бўлган вақтлари шуғулланаман. Энг муҳими, ишимни бошлаган илк кунимдан улар мени моддий таъминлаганлар. Буюртмаларим кўпайган вақтлари, керакли нарсалар хариди учун бозорга ҳам ўзлари олиб бориб келадилар. Умуман ўрганган ва олиб бораётган бу ишим турмуш ўртоғимга ҳам маъқул келган. Ҳозир талабаман, сиртқи таълимда ўқийман. Ҳунаримдан орттирган даромадимдан ўқиш пулини тўлашга ҳаракат қилаяпман.
- Ҳунарингиз билан боғлиқ қийинчиликларни қандай ҳал этасиз?
- Ҳар бир ишда осон ва қийин бўлган жиҳатлар бор. Менинг ишимда энг катта қийинчилик – буюртма қилинган гулни айнан ясаш жараёнида керакли элементларни топа олмаслик. Яқинда бир опа ўзларига ёққан гул расмини юбориб, уни ясаб беришимни сўрадилар. Ҳамма жойни излаб, улар истаган гул учун зарур элементларни топа олмадим. Шунда мажбур бўлиб, онлайн магазин орқали керакли материалларни буюртма қилдим. Айниқса, бир йил аввал ясалган гулни қайта ишлаш талаб қилинганда, айнан шунга ўхшашини топиш жуда қийин, чунки ҳар йили янги элементлар келади, эски йиллардаги такрорланмайди. Баъзан шундай тезкор буюртмалар тушадики, бир дона буюртма учун Тошкентга бориб келишга мажбур бўлган кунларим ҳам бўлган. Агар онамга харид қилаяпман, деса харидор, мен имкон қадар ишни тугатишга ҳаракат қиламан. Излаган нарсани топмагунимча излашдан тўхтамайман, чунки харидор хоҳлаган нарсани тайёрлаш ва унинг хурсандчилигини кўриш мен учун илҳом манбаи ҳисобланади.
- Ишингиздаги завқ нима?
- Гулларни асосан табиий гуллардек тайёрлашга ҳаракат қиламан. Яқинда ўзим тайёрлаган геран гулини кўчада кўтариб кетаётганимда одамлар «Вой, битта шохидан беринг», деб сўрашди. Ўша вақтда роса ҳам хурсанд бўлдим. Чунки тайёрлаган гулларим асл гулга ўхшаган ва уларнинг фарқини ажратиш қийин бўлган эди. Лекин ҳар бир маҳсулотнинг аслига ўхшаб тайёрланиши кўп нарсаларга боғлиқ, айниқса, тайёрланадиган материаллар ва ҳаракатларга. Жорий йилдан сумкачага солинган совға шаклидаги гулларни ҳам ясашни бошладим. Ҳар йили янги турларни кўпайтиришга ҳаракат қилаяпман.
- Бу ҳунарни бошлаш истагида бўлганларга қандай маслаҳатлар берган бўлар эдингиз?
- Шу соҳада иш бошламоқчи бўлганларга тавсиям: энг муҳими — диққат билан ўрганиш, кузатиш ва бўладиган қийинчиликларга тайёр туриш.
- Келажакдаги режаларингиз…
- Келажакдаги режаларим гул ясаш ишини кенгайтириш ва шогирдлар тайёрлаш. Шунингдек, тадбирлар зали учун катта декорациялар ясашни мақсад қилганман.
Дилдора АБДУРАҲМОНОВА.