Image default
Жамият

МАСЪУЛЛАР МУРОЖААТЛАРНИ ЎЗ МУДДАТИДА КЎРИБ ЧИҚАЯПТИМИ?

Мавжуд амалиёт ва таҳлиллар шуни кўрсатадики, муаммолар ўз вақтида, жойида ҳал қилинмаганлиги, фуқаролар мурожаати қаноатлантирилмаган, пайсалга солиб келингани, раҳбар ходимларнинг масъулиятсизлиги, давлат ташкилоти вакилларига фуқаролар ишончсизлиги сабаб, Халқ қабулхоналарига мурожаат қилиш ҳолатлари ошиб бораяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги ПФ-4904-сонли, 2019 йил 17 январдаги 5633-сонли фармонлари ва 2019 йил 19 февралдаги 4197-сонли Қарори талаблари асосида шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан корхона ва ташкилотлардаги мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига риоя этилиш аҳволи таҳлил қилинди.
Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонасига Олмалиқ аҳолисидан 2025 йилнинг 25 март кунига қадар 1255 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 371 таси ижобий ечим топган, 243 тасига ҳуқуқий маслаҳат берилган. 149 та мурожаат бўйича тушунтириш олиб борилган. Кўрмасдан қолдирилгани 6 та, тугатилгани 8 та, 9 та жамоавий мурожаатлар, муддати бузилганлар 19 тани ташкил қилади. Шаҳар Халқ қабулхонаси билан ҳудуддаги барча давлат органлари ва ташкилотлари билан мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишда ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Хусусан, 2025 йил 27 январда келиб тушган З.Ш.нинг шифокорларга берилиши керак бўлган устама масаласидаги мурожаати 38 кундан буён кўриб чиқилмаган. Фуқаро Ш.О.нинг 2025 йил 25 январдаги тиббий кўрикдан ўтишда юзага келаётган муаммолар, тиббиёт ходимларининг қўпол муомалалари бўйича ёзган мурожаати 40 кун кечиктириб ёпилган. МИБ томонидан эса фуқаро С.Д. нинг алимент ундириш масаласидаги мурожаати 55 кун муддатда кўриб чиқилган ва бу билан қонунда кўриб чиқиш муддатлари (28-модда) қўпол равишда бузилган. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш маркази томонидан фуқаро Ч.Д. нинг тадбиркорликни йўлга қўйиш учун кредит олиш масаласидаги мурожаати 33 кунда кўриб чиқилган.
Бундан кўриниб турибдики, Қонуннинг 28-моддасига кўра ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига ёки мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши белгиланган. Аммо мурожаатларни ўрганишда ўн беш кунлик ва бир ойлик муддатлар бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган. Шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан Қонун талабларини бузган масъул ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал этиш мақсадида шаҳар прокуратурасига тақдимномалар киритилган. Тақдимномалар тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, масъул ходимларга жазо чоралари белгиланди.

Жамолиддин Маназаров,
шаҳар Халқ қабулхонаси мудири.

МАВЗУГА ОИД

ГЕРМАНИЯ ФЕДЕРАЛ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ БОШЧИЛИГИДАГИ ДЕЛЕГАЦИЯ ОКМКГА ТАШРИФ БУЮРДИ

admin

ОЛТИН ҚУЙМАЛАРИ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲАЁТ: САБОҚ ВА САБОТ

admin

ҲАР МУАММОНИНГЕЧИМИ БОР!

admin

ОРАМИЗДАГИ КЎРИНМАС ҚОТИЛ

admin