Бугунги кунда йилдан-йилга ажримлар сони кўпайиб бормоқда. Суд залларидаги “деди-деди”ларни тинглаб ҳайрон бўласан киши. Наҳотки, оила деб аталган муқаддас даргоҳни ўйинчоқ билса. Майли, эркак ҳам, аёл ҳам ўз ўрнини топар, бошқа оила қуриб кетар. Аммо, кўзлари жовдираб, ота деса онасидан, она деса отасидан тирик етим қолаётган болалар нима қилади?
Ким уларнинг бошини силайди? Эҳтиёжларини, орзуларини рўёбга чиқаришда она дуогўй, ота қалқон бўлмайдими?
Бир куни дўконда сотувчи ва дўстининг суҳбатига қулоғим тушиб қолди. Эмишки, дўсти 5 йил яшаб аёлига муҳаббат қўя олмай ажрашибди. Бу йиллар давомида муҳаббатсиз киши 3 маротаба оталик бахтига эришган. Бугунга келиб, фарзандларидан воз кечиб, аёли билан ажрашибди. Ярим йилдан бери болалари учун нафақа тўлашдан бош тортиб келмоқда экан. Ўзи нуфузли жойда ишлайди, аммо онасининг таклифи билан қайсидир мактабга қорувул лавозимига ишга кириб олган. Шунда 3 нафар боласига кам нафақа тўлашини айтиб қотиб-қотиб куляпти. Юрагим узилди. Наҳотки, биз улуғлаган оталар шунчалар разиллашиб кетяпти?
Ушбу мақоламиз ҳам ўз оиласидан ажрашиб, болаларига нафақа тўлашдан бош тортаётган “ОТА” ҳақида.
Жорий йилнинг март ойида Олмалиқ шаҳар суди биносида очиқ суд ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан айбланган фуқаро Маҳмуд Равшанов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) фарзандлари Иймона ва Ифоранинг моддий таъминоти учун 2021 йилдан бошлаб вояга етгунига қадар ҳар ой жами даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган эди. Бироқ, М.Равшанов йиллар мобайнида фарзандлари учун нафақа тўлашдан бош тортиб келган. Унинг ҳозирги кундаги қарзи 62 млн. сўмдан ортиқ.
Суд мажлисида судланувчи сифатида сўроқ қилинган М.Р. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ишга кира олмагани сабабли, пулни ўз вақтида тўлай олмагани, бир ярим ой касал бўлиб ётгани, ҳозирда тўлаб беришга имкони йўқлигини айтиб ўтди. Агар суд лозим топса, ҳар ҳафта 500 минг сўмдан тўлаб беришини илтимос қилди.
Суд давомида сўроқ қилинган жабрланувчи Шахноза Ибодуллаеванинг айтишича, қизларининг отаси М.Равшанов ажрашганидан буён фарзандларидан бир марта ҳам хабар олмаган, шу давр ичида жами 500.000 сўм пул берган.
Суд М.Равшановга нисбатан ЖКнинг 122-моддаси 1-қисмида кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Юқоридаги ҳолат бугунги кунда кўпчиликда учраб келмоқда. Фарзандларимиз жаннат райҳонларидир. Уларни кимларнингдир қўлида пайҳон бўлишига йўл қўймайлик! Зеро, фарзандлар келажагимиздир.
Маъмуржон ТЎЙЧИЕВ,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди раиси.
Ўғилой НИШОНОВА,
ЎзДТЖУ Халқаро журналистика факультети талабаси.