Аёл мисли кашф этилмаган мамлакат. Унга термулсанг гўзалликдан завқланасан. Каломи юракка малҳам, мадор беради. Ҳар соҳада фаол. Аёл — уй бекаси, ОНА, севимли рафиқа, раҳбар, муаллим, қурувчи, сиёсатчи… таърифи тугамайди.
Бугунги меҳмонимиз сўзи орқали миллионлаб қалбларга шифо бераётган руҳшунос, жамиятни уйғотаётган аёлларимиздан бири Камола Ҳалиловадир. Камола опанинг қадамларидаги шаҳдамлик, сўзларидаги кескирлик, кўзларидаги маънони кўриб ҳаётга бўлган муҳаббати ошади кишининг. Суҳбатимиз давомида шунга амин бўлдимки, АЁЛ ҳамиша ғолиб уни фақат севибгина, бахтли қилибгина мағлуб қилиш мумкин.
Камола Ҳалилова 1985 йилда Олмалиқ шаҳрида туғилган. 13-умумтаълим мактабида таҳсил олган. Мактабни тамомлаб Тошкент маданият ва санъат институтига ўқишга кирган. Магистратурни ижтимоий соҳа бўйича давом эттирган. Дастлабки фаолиятини “Металлург” маданият сароийда режиссиёр бўлиб бошлаган.
-Камола опа психологлар асосан онг ости билан ишлайди. Бу соҳага кириб келишингизга нима туртки бўлган? Ҳеч ким ўзидан-ўзи психолог бўлиб қолмайди-ку.
-Мен психологияга болаларим орқали кириб келганман. Ўғлим 2 ёшларида қизим туғилган. Табиий ҳолки, бола онасини қизғонишни бошлайди. Шу пайтда ўғлимга бақира бошладим. Ўйлаб қарасам, бу нотўғри эди. Ўзимни ислоҳ қилиш учун психологларни фикрини тинглардим. Бу орада дугонам қўнғироқ қилиб, психологик курс очяпман, келинг ўзингизни топасиз, илм оласиз деб таклиф қилди. Турмуш ўртоғим ҳам рози бўлдилар. Ўқидим. Фикрларим ўзгарди. Болаларимнинг ҳам инжиқликлари йўқола бошладим. Ҳаловат топдим. Кейинчалик эса билимларимни ўзгаларга ўргатдим. Аёллар ҳаловатда, бахтда яшашини истадим. Даставвал қўшниларим билан, дугоналарим билан кейинчалик эса маҳалла аёллари билан бепул ўқув машғулотлари ўта бошладим. Шундай қилиб психологияга кириб келганман.
-Биз аёлни ожиза деб таърифлаймиз. Аслида ожизлик ортида нима яшринган?
-Йиллар давомида аёллар билан ишлаб келяпман. Тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, АЁЛ ожизлиги бу унинг қўрғони. Бугунги кунда аёлларимиз ҳар соҳада илдам. Керак бўлса ғиш заводларига бориб кўринг, у ерда ҳам аёллар бор. Айтмоқчиманки, аёл оиласи учун, болалари учун ҳар ишга тайёр. Ижтимоий тармоқларда ўқиб қолгандим, аёлнинг важоҳатини кўрмоқчи бўлсанг, болаларига тегиб кўр. Ҳа, аёл болалари учун ожизликдан буюклик, севгидан қаҳр, муҳаббатдан нафрат, ҳокисорликдан кибр ясай олади.
-Рухшуносларнинг ҳам ечилмаган муаммолари борми?
-Инсон бу ҳаётга синалиш учун, курашиш учун келади. Ҳар бир қалбда савол бор. Ҳар кўнгилнинг ўз дарди бор. Психолог дегани ҳаёт ташвишиларидан йироқ одам дегани эмас. Фақатгина у бошига ташвиш келса, муаммолари бўлса оддий одамларга нисбатан бошқачароқ ёндашади. Бу менга тажриба ёки огоҳлантириш деб қарайди. Айтишадику, сабабсиз сабаблар содир бўлмайди деб.
-Ақл бор жойда ҳалокат, кўнгил бор жойда ҳаловат бор дейишади. Бу фикрга муносабатингиз.
-Ақл кибрни, кўнгил ҳокисорликни истайди. Ҳар кўнгилда Аллоҳ бор. Айтайлик, кимгадир ёрдам керак, кўнглингиз дарров ёрдамга шошади, ақл эса сенга нима, уни қайта кўрасанми йўқми деб сизни чалғитади. Ақлни ҳам, кўнгилни ҳам тарбиялайдиган нарса бу китоб. Ҳар иккаласи ҳам тарбияланмаса ҳалокатга олиб боради.
-Инсон тақдирини ниятлари ўзгартира оладими?
-Инсон тақдирини дуо ва ниятлари албатта ўзгартиради. Биз фикрлардан ташкил топганмиз. Халқимизда ўйлашдан аввал ўйла деган гап борку. Инсон онги мисли коинот, уни қандай дастурласангиз, яхши фикрлар билан тўлдирсангиз шунга яраша жавоб оласиз.
-Аёл киши нимага мажбур?
Аёл киши бахтли бўлишга мажбур. Севилишга, севдиришга мажбур. Чунки, аёл оиласида ўзига ўхшаган фарзандларни улғайтиради. Бир кузатинг-а, қувноқ аёлнинг фарзандлари хушчақчақ, ҳаётга муҳаббат билан қарайдиган бўлади, севилмаган, бахтсиз аёлнинг фарзандлари ҳомуш, ўзгаларни манфаати учун ўзини қурбон қиладиган бўлиб қолади. Мен барча машғулотда аёлларга бахтни ҳис қилинг, деб такрорлайман. Бахт берилмайди, аксинча яратилади. Бахт оддийликда, англашда, ҳис қилишда.
-Инсоннинг касалликлари унинг руҳиятига боғлиқми?
-Албатта. Балки буни тиббиёт соҳасидагилар инкор этар. Мен кўп кузатганман, руҳиятини даволаб, танасидаги оғриқлардан озод бўлган беморлар бисёр. Эътибор бериб кўрсангиз, аёллар орасида аёллик аъзолари билан касалланганлар кўп учрайди. Чунки улар ўзига ўзи касаллик чақириб олади. Қайнонам мени ажратяпти, эрим менга эътиборсиз, ундан зўр бўлишим керак… шунга ўхшаш.Азиз аёллар, биз севилиш учун туғилганмиз. Фикрларимиз фақат эзгулик бўлсин. Зеро, ўзгага раво кўрган нарсамизни ўзимизга тилаган бўламиз. Биз бахтли бўлишга мажбурмиз.
Мухлиса Яҳё сухбатлашди.