(Воқеий ҳикоя)
Турли хил ижтимоий тармоқлар орқали, кўча-кўйда ҳам одамларнинг ўз яқинларига банклардан онлайн кредит олиб бериб, хонумони куйганини эшитиб ҳайратга тушардим. Одам ҳам шунчалик содда бўладими, дердим ўзимга ўзим. Бир куни яқин дўстим Алишер билан чойхонада ўтириб қолдик. Алишер менинг болаликдаги дўстим. У яхши-ёмон кунларимда ёнимда турган яқиним, жигардек гап.
-Дўстим, қара янги ҳовли уйимни. Яқинда олдим, — деб гап бошлади Алишер.
-Ўҳҳў, бизга ҳам насиб қилсин. Яхши кунларинг кўп бўлсин. Тўйлар қил, биз ёнингда турайлик, дўст, -дедим қувониб. — Қанчага олдинг?
- 500 миллион сўм бердим, яна ярми турибди. Икки ой ичида тўлашим керак. Пул тополмаяпман, — деди дўстим жонсарак.
-Анча қимматга олибсанда, энди қандай берасан ярим пулини. Болаларинг ҳам олийгоҳда кантрактда ўқиса, аёлинг ишламаса.
-Ўзим ҳам ҳайронман, ўртоқ. Кредит олиб тўладим бош тўловини. Ярмини қаердан тўлашимни билмаяпман. Аксига олиб ака-укаларим ҳам вилоятда оддий деҳқон. Улардан қандай сўрайман. Қора қозони гўштсиз қайнайди вақти келса, — деб аччиқ кўк чой буюрди ҳизматчи йигитга.
-Сиқилма, Аллоҳнинг ўзи етказади. Ҳар ишда бир хайр дейди-ку,- тасалли бермоқчи бўлдим. - Дилмурод, сен менинг энг яқинимсан. Яхши жойда ишлайсан. Давлатдан пул ҳам олмагансан. Кел, менга банклардан онлайн кредит олиб бер. Ойма-ой ишдан бўш пайтларим ўзим кира қилиб тўлайман. Сенга ҳеч қанақа оғирлигим тушмайди.
-Йўғ-е. Пул ёмон нарса. Орамизни бузиб қўйишини истамайман. Бошқа ечими бордир,- дедим хижолат бўлиб.
Алишер шу даражада аҳволини тушунтирдики, ўзимни сўнги нажот фариштасидек ҳис қилдим ва таклифига рози бўлдим. Биттагина паспортим ва пластик картам билан банклардан
300 миллион сўмдан ошиқ кредит олдик. Дўстим ҳам, мен ҳам хурсанд бўлдик. 4 ой давомида қарзини ўз вақтида тўлаб турди. Кейинги ойга келиб ўзига пул етказа олмаётганини, пули бўлса 2-3 та ойликни битта қилиб тўлаб беришини айтди. Дўстим деб индаёлмадим.
Мана, 4 ой бўлдики, на ўзидан, на пулидан хабар бор. Уйига бориб, эшик қўнғироғини чалсам ҳам чиқмади. Охири маҳалла раисига мурожаат қилдим. Унинг гапларини эшитиб юрагим ёрилай деди.
-Ҳа, укам-а! Сиз ҳам алданибсиз-да. Алишер кўпчиликнинг номига кредит расмийлаштириб, озгинасини тўлайди-да, кейин кўринмай юради. Ўтган ой оқшом пайти бу хонадонни сотиб, вилоятга қочиб кетди. Орқасидан 3-4 нафар сизга ўхшаб алданиб қолган йигитлар келишди, — раис гапини тугатмасданоқ ҳушимдан кетдим.
Кўзимни очсам кардиология бўлимида ётибман. Инсультни бошимдан ўтказибман.
Аёлим дўстимни устидан Ички ишлар бўлимига ариза берибди.
Дўстимга ишониб соғлиғимни йўқотдим. Чалажон бўлиб қолдим. Ойлигимнинг ҳаммасини кредитга босиб оляпти. Алишернинг орқасидан одамлар вилоятгача топиб бориб, пулини талаб қилаверибди. Нимага бунчалар кўп қарзи борлигидан ота-онаси ҳам, жигарлари ҳам ҳайрон экан. Уйни ҳам ота-онаси олиб беришган экан.
…Оқшом. Алишернинг азасидаман. Шунчалар қарзи кўплигидан ўзини осиб қўйибди. Пулимдан ҳам, дўстимдан ҳам айрилдим. 3 йилдирки емаган сомсамга пул тўлаб юрибман…
Мухлиса Тошпўлатова, “Олмалиқ ҳаёти” мухбири.


