Баҳор ёмғирларга бой фасл. Серёмғир пайтда дала-даштларда ҳам қўзиқоринлар кўпаяди. Кўпчилик севиб истеъмол қиладиган қўзиқоринларни билиб-билмай тановвул қилиш гоҳида нохуш ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Чунки ушбу табиат неъматининг айрим турлари ўта заҳарли бўлиб, инсон саломатлиги учун хавфли ҳисобланади. Айниқса, қўзиқоринларнинг моғорлаган, шиллиқ билан қопланган ва узоқ муддат туриб қолганлари истеъмол қилинганда организмга жиддий зарар етказиши ҳеч гап эмас.
Бу маҳсулотни истеъмол қилиш мумкин бўлган ва заҳарли турларини бир-биридан ажратиш жуда мураккаб. Кўп ҳолларда улар бир-бирига жуда ўхшаб кетади. Яроқлиларига: оқ қўзиқорин, қизил қўзиқорин, шампиньон ва опёноклар; заҳарлиларига: қизил мухамор, кулранг мухамор, сатанин, сариқ сохта қўзиқорин, сохта шампиньон ва бошқалар киради.
Айниқса, рангсиз қурбақасалла турдагиси энг заҳарли бўлиб, унинг озгина миқдори ейилганда ҳам киши ҳаётини хавф остида қолдириши мумкин. Тузланган ёки маринадланган қўзиқоринларни рухланган идишларда сақлаганда ҳам заҳарланиш рўй бериши эҳтимоли юқори.
Бундан ташқари, унинг «сморчок» ва «строчок» турларидан нотўғри таом тайёрланиши ҳам заҳарланишга сабаб бўлади. Чунки унинг таркибида зарарли гельвелат кислотаси бўлиб, у сувда яхши эрийди. Шу сабабли ушбу қўзиқоринларни истеъмол қилишдан олдин қайнатиб, сувини тўкиб ташлаш керак.
Одатда ушбу маҳсулотни тановул қилганда бир ёки бир неча шахслар заҳарланади. Бундай пайтда касаллик белгилари унинг турига қараб, турлича намоён бўлади. Асосан беморда асаб тизими фаолиятида ўзгаришлар, сўлак оқиши, кўп терлаш, кўнгил айниши, қайт қилиш, кучли бош оғриғи, ҳолсизлик, қорин соҳасида қаттиқ оғриқлар, бош айланиши, ич кетиши, кўздан ёш оқиши каби белгилар кузатилади.
Заҳарланган инсонга ўз вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кундан сўнг соғайиб кетади. Акс ҳолда, беморнинг аҳволи оғирлашиб, ўлим билан якун топиши ҳам мумкин.
Бундай нохуш ҳолатлар кузатилмаслиги учун ҳар бир шахс заҳарли ва заҳарсиз қўзиқоринларни ажрата олиши лозим.
Энг тўғриси, уни турғун савдо шохобчалари, белгиланган жойлардан сотиб олинг ва маҳсулот сифатини кафолатловчи тегишли ҳужжатлар борлигига эътибор қаратинг.
Ф. ЎРОЗБОЕВА,
Санэпид бўлими санитария-гигиена бўлими Сан.врач ёрдамчиси.


