Сир эмаски, шаҳримизнинг аксарият ёшлари ишни фақат заводларда ишлашда тасаввур қилади. Уларга нега тайинли ишнинг бошидан тутмадинг, ҳалигача ишга жойлашмагансан, десангиз ОКМКда ёки “Аммофос-Максам”да бўш иш ўрнини кутяпман деган жавобни оласиз. Қизиқ, нега шаҳримиз ёшлари тайёр ишга иштиёқманд?! Ўзлари ҳаракат қилмайди. Иш олувчидан иш берувчига айланмайди? Фақат ойликни кутиб яшашни маъқул кўради?! Орамизда ўзи интилиб, ҳаракат қилиб, ҳокимиятнинг эшигида қораймасдан, мустақил изланаётган, ўзини банд қилаётган ёшлар ҳам бор, албатта.
Шулардан бири шаҳримизнинг “Ҳилол” маҳалласида яшовчи ёш тадбиркор, «MK Carwash detailing» автомашиналар ювиш шохобчаси раҳбари 24 ёшли Жаҳонгир Хамрокуловдир. Жаҳонгирнинг фаолиятини ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб, таҳририятга таклиф қилдик ва бизнесдаги илк одимлари ҳақида суҳбатлашдик. Бу йигитнинг фикридаги теранлик, қатъиятни кўриб очиғи, ҳайрон қолдик. Ёш бўлишига қарамай иш берувчига айланган Жаҳонгир Хамроқулов айни кунда 10 дан ортиқ ҳамшаҳарларимизнинг қозонини қайнатмоқда. Суҳбатимиз давомида шунга амин бўлдикки, тадбиркор нафақат пул тақсимлашни, балки китоб мутолаасини, харидорлар билан мулоқот маданиятини ҳам билмоғи лозим экан.
Келинг, Жаҳонгирнинг тадбиркорликка кириб келиши, қийинчиликлари, «синган» ҳолатида тик тура олганини ҳақида ўзидан эшитсак.

ҲАР БИР ИШДА ХАЙР БОР
Ўқишни тамомлаб, ишга кирдим. Бор билимим билан ҳаракат қилдимки, у ерда ишлаб, ривожланишга. Бошида ойлигимни вақтида беришди. Кейинчалик эса кечиктира бошлади. Иш ҳаққимни сўрасам эрта-индин дея гапни айлантиришга тушди. Янги йил яқинлашяпти, йигит кишиман, оиламга ёрдамим тегиши керак. Шу орада тоғамнинг дўконига бордим. Иш беришини, қўлимдан ҳамма нарса келишини айтдим. Тоғам эса менга янги бизнес бошлашимни айтиб қолди. Бу таклиф ўзимга ҳам маъқул келди. Шундай қилиб, тоғам билан ижарага оладиган шохобчани кўргани бордик ва «MK Carwash detailing» автомашиналар ювиш шохобчасига асос солдик.

ТАДБИРКОРЛИК ҲАР СОҲАНИНГ УСТАСИ БЎЛИШНИ ТАЛАБ ҚИЛАДИ
Бизнинг ҳозирги ҳолатимиз гўёки чақалоқдек гап, илк қадамдамиз. Кези келган пайтлари ишчи топа олмадик. Тасаввур қилинг, ишхонамиз очиқ, машиналарини ювдиришга мижоз келяпти, ювишга эса одам йўқ. Ўша пайтларда машиналарни ўзим соатлаб ювганман. Баъзида ҳайрон қоламан, нега тенгдошларим тайёр ишга ўрганиб қолган деб. Меҳнат қилгиси келмайди, ишдан қочади. Шу пайтгача шохобчамизга юздан ортиқ йигитлар келиб кетди. Ҳозирги кунда уларнинг орасидан сараланганлари қолган. Улар 60/40 шаклида маош олади, яъни, тушган пулнинг 60 фоизи менга, 40 фоизи ювувчига. Ҳар ишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Ўзим бир вақтда ҳам СММ менеджери бўлдим, ҳам ҳисобчи, ҳам оддий машина ювувчи. Инсон мақсад қўйдими, унга борлиғини бериб ҳаракат қилиши керак. Шундагина мақсадларига эришади.

«СИНГАН» ҲОЛАТИМДА ТУРДИМ
Ёмғир кўп ёғганлиги сабабли тонгда келсам автотураргоҳимиздаги усти ёпилган айвон (навес) қорнинг оғирлигини кўтаролмай қулаб тушипти. Яхшиямки, тагида машина бўлмаган. Ёнимдаги 5-6 ёш мендан катта кишилар «бўлди, бу бола энди синди» дегани қулоғимга чалинди. Ичим музлаб кетди. Наҳотки, одамлар ўзгаларни синишини кутиб яшайди, деб хафа бўлдим. Фикрларимни йиғиб тезда усталарни чақирдимда тураргоҳни қайтадан тикладик. Шунда тушундимки, йиқилган жойидан тура олган одам кучли экан. Ўзгалар гапираверади, ҳеч кимга қулоқ солиш керак эмас.

ШОХОБЧАМИЗНИНГ ЎЗГА ШОХОБЧАЛАРДАН ФАРҚИ
Ўзим ҳам жуда кўплаб жойларга машина ювдиришга борганман. Баъзан кутиб қолардим, ким ювар экан деб. Бизнинг ишхонада машина келиши билан ишчилар чиройли муомала қилиб мижозларни кутиб олади. Келган мижозлар беэътибор қолдирилмайди. Шаҳар шовқинидан ҳолироқ, маҳалла ичида жойлашган. Иккинчи қулайлиги, биз машиналарни илиқ сувда ювамиз. Илиқ сувда ювилган машиналарда ювилгандан кейин ҳеч қандай доғ қолмайди. Икки ой иш жараёни давомидаги кузатишларим, таҳлилларимга асосланиб, фақатгина ўзимизнинг шохобчага хос бўлган машина ювиш дастурини ишлаб чиқдим. Бу усулимиздан мижозларимиз ҳам мамнун.

ТАДБИРКОРЛИК МАТЕМАТИКАНИ ЯХШИ КЎРАДИ
Тадбиркор тоғам ҳамиша “Бизнес аниқ ҳисоб-китобни яхши кўради” деб таъкидлайди. Бу соҳада ҳар бир майда ишни ҳам ҳисоб-китоб қилиш, харажат ва даромадни таҳлил қилиб бориш лозим. Шундагина юксаласиз. Фаолиятимни илк бошлаган кезларимда одамлар билан «тил топишишга» бироз қийналдим. Шунда Дейл Карнегини «Дўст орттириш ва одамларга таъсир ўтказиш» деб номланган китобини ўқиб чиқдим. Ишонсангиз бу китоб мени бутунлай ўзгартириб юборди.
Инсон ким бўлишидан қатъий назар, китоб ўқиши лозим. Китоб ҳаёт йўлларида машъал бўлади. Ҳаракат қилган одам ҳеч қачон камбағал бўлмайди. Бир китобда ўқигандим «Камбағалларнинг ёстиғи пардан, бойларнинг ёстиғи тошдан бўлади» деб. Бу дегани ҳаракат қилмаган одам камбағал, изланган одам бой бўлади, дегани. Интилганга толеъ ёр.
Мухлиса ТОШПЎЛАТОВА.