Лейшманиоз — бу дунёнинг 98та давлатида кенг тарқалган, эндемик, тропик касалликлардан бири бўлиб, тахминан 350 миллион одамнинг ушбу касаллик билан касалланиш эҳтимоли мавжуд. ЖССТнинг маълумотига кўра, шу бугунга қадар 14 миллион одам ушбу касалликка чалинган ва ҳар йили икки миллионга яқин янги ҳолатлар аниқланади. Висцерал лейшманиоз касаллигидан ҳар йили 50 мингдан ортиқ одам вафот этади.
Лейшманиозлар — одам ва ҳайвонларда учрайдиган трансмиссив протозой касаллик бўлиб, қўзғатувчиси лейшманиялар (Leishmania) ҳисобланади ва қўзғатувчилар билан зарарланган искабтопар Phelebotomus (майда, икки қанотли, оч сариқ, оч кулранг ёки жигарранг қон сўрувчилар) ташувчи бўлиб, чақиш йўли билан касалликни юқтиради. Искаптопарларнинг ўзлари эса бемор одам, итлар, ёввойи ҳайвонлар ва кемирувчиларни чақиш орқали зарарланади. Зарарланиш мавсуми йилнинг май ойидан октябргача, касаллик мавсуми эса куз фасли ёки баҳор ойларига тўғри келади.
Одамда учрайдиган лейшманиозлар қуйидаги шаклларда намоён бўлади: 1) висцерал лейшманиоз; 2) тери лейшманиози; 3) тери-шиллиқ лейшманиози.
Ўзбекистон шароитида висцерал ва тери лейшманиози кўпроқ учрайди. Ўзбекистонда висцерал лейшманиоз касаллиги асосан Наманган, Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қайд этилади. Касаллик манбаи – ит ва итсимонлар (бўри, чиябўри, тулки) оиласига кирувчи ҳайвонлар ҳисобланади.
Висцерал лейшманиоз ўз вақтида махсус даво курси (бешвалентли сурьма – солюсурмин дори воситалари, глюкантим, амбизом (амфотерицин В), мильтефозин антибиотиклар билан қўшиб қилинади – аминогликозид – паромомицин ва б.) ўтказилмаганда, 100 фоиз ўлим ҳолати билан якун топиши мумкин бўлган хавфли касаллик ҳисобланади. Касалликка асосан 5 ёшгача бўлган болалар, катта ёшдагилар орасида иммунитети паст бўлган одамлар кўпроқ чалинади. Касалликнинг яширин даври 10 кундан 3 ойгача, айрим ҳолатларда 1 йилгача чўзилиши мумкин.
Висцерал лейшманиоз ўткир бошланиб, тана ҳароратининг 39-40 0С га кўтарилиши, совқотиб қалтираш, жигар–талоқнинг катталашиши, камқонлик каби белгилар билан намоён бўлади. Айрим ҳолатларда касаллик аста-секин бошланиб, белгиларсиз сурункали кечади. Касаллик умумий ҳолсизлик, иштаҳанинг пасайиши, совқотиб қалтираш, тери қопламларининг оқариши, тошма тошиш, камқонликнинг ўсиши каби клиник белгилар билан кечади.
Касалликнинг асосий клиник белгиларидан бири жигар (киндик чизиғигача) ва талоқнинг (кичик тос бўшлиғигача) катталашиши ҳисобланиб, тахминан 10 фоиз беморларда жигар циррози кузатилади. Касалликнинг охирги босқичларида танада шишлар пайдо бўлиши, озиб кетиш (кахексия) ва гиперпигментация (кала-азар «қора касал») кузатилади.
Махсус даво курси ўтказилгандан кейин, бемор 1 йилгача тиббиёт ходимларининг назоратида бўлади. Агар шифохонадан чиқарилган беморнинг аҳволи яхшиланмаса, химиотерапия курси қайта ўтказилади.
Тери лейшманиози: Касалликнинг ушбу шакли Ўрта Осиё (Туркманистон, Ўзбекистон), Кавказорти, Афғонистонда Яқин шарқ, Африка давлатларида кенг тарқалган. Касаллик искаптопар чаққан жойда тери қопламининг зарарланиши ва яраларнинг пайдо бўлиши билан характерланади. Аҳоли миграциясининг ривожланиши ушбу касалликни нафақат эндемик, балки бошқа географик ҳудудларда ҳам тарқалишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистонда тери лейшманиозининг ўзига хос клиник белгилари, қўзғатувчи биологиясининг ўзига хослиги ва касалликнинг эпидемиологик тарқалишига кўра иккита тури учрайди: зооноз ва антропоноз.
Зооноз, ёки ўткир-некрозли тери лейшманиози (синонимлари: қишлоқ лейшманиози; пендинка яраси, шарқ яраси; ўткир некрозли лейшманиоз; мургаб яраси; II тип лейшманиоз).
Касаллик тез-тез учраб туради, яширин даврининг қисқалиги билан ажралиб туради (1 ҳафтадан 1-2 ойгача). Касалликнинг энг авж олган вақти, яъни мавсумийлиги ёзнинг охири ва куз ойларига тўғри келади.
Антропоноз тери лейшманиоз (синонимлари: Боровский касаллиги; шарқ яраси; кечроқ битадиган лейшманиоз; Ашхабадка; Кокандка; I тип лейшманиоз; шаҳар лейшманиози; Саратов яраси ва б.).
Касаллик асосан искаптопарлар яшайдиган шаҳар ва шаҳар типидаги посёлкаларда учрайди. Маҳаллий аҳоли ўртасида асосан болалар, четдан келувчилар орасида барча ёшдагилар кўпроқ касалликка чалинади. Касалликка ёзги ва кузги мавсумийлик хос бўлиб, бу тарқатувчиларнинг фаоллиги билан боғлиқдир. Касаллик манбаи – бемор одам.
Лейшманиозларнинг олдини олиш
Касаллик манбалари, тарқалиш механизмига қарши ва шахсий гигиена қоидаларидан иборат мажмуавий чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Висцерал лейшманиоз турида эрта аниқлаш ва даволаш касалликнинг асоратларини олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Даволаш стационар шароитида амалга оширилади.
Дайди итларни йўқотиш, уй ҳайвонларини ветеринария хизмати назоратига олиш.
- Антропоноз тери лейшманиозида беморларни эрта аниқлаш ва даволаш, улар яшаб турган хона дераза ойналарини тўрлар билан беркитиш, ярани боғлаш керак. Искаптопарларни қўзғатувчилар билан зарарланишини олдини олиш билан касаллик тарқалишининг олди олинади.
Шунингдек, дайди итлар йўқотилиб, эгаси маълум бўлган итлар ветеринария назоратига олинади. Умумий санитария чора-тадбирлари ва аҳоли яшаш пунктларини ободонлаштириш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш, ертўлаларни қуритиш, аҳоли яшаш пунктларида бута ва чангалзорларни йўқотиш билан искаптопарларнинг кўпайишига чек қўйилади. Механик тозалаш ўтказилган жойларда инсектицидлар билан дорилаш ишлари амалга оширилади.
Шаҳар Санэпид бўлими.