Image default
Саломатлик

САРАТОН САБАБЛАРИДАН БИРИ ОИЛАМИЗДАГИ МУҲИТДА

Марказимизга ташриф буюрган оналар билан суҳбатлашганимда аксарияти оиладаги носоғлом муҳит ҳақида гапиришади. Эр-хотин, қайнона -келин, овсинлар ўртасидаги можаролардан ташқари, молиявий беқарорлик, ота ёки онанинг боладан узоқлиги ва бошқа сабабларни таҳлил қилиб, саратон ташрифининг сабабини тушунгандай бўламан. Бемор болаларнинг руҳий дунёсига ташриф эса энг сўнги тахминларимни ҳам тасдиқлайди.

16 ёшли А.
Уйда ҳеч қачон хотиржамлик бўлмаган. Дадам ичволиб доим жанжал чиқариб турарди. Касал бўлиб қолганимдан сўнг эса бадтар авжига чиқди. «Тўйиб кетдим. Топганим дори-дармонингга кетяпти…» деб таъна қилади. Онам бечора қийналиб кетди…
16 ёшли С.
«Баъзан шу одам ўзимнинг дадаммикан деб шубҳаланиб қоламан. Эсимни таниганимдан буён уйимизда бирор кун тинчлик бўлганини эслай олмайман. Онам бир оғиз гапирмаса ҳам бирор сабаб билан жанжал чиқараверадилар. Мен кучли ва иродали қизман. Агар дадам бунақа бўлмаганида аллақачон саратонни енгган бўлардим…»
14 ёшли У.
«Мени бувим уч ёшимда онамдан олиб қўйган. Бобом вақтли вафот этган эканлар. «Шу боланг менга шерик бўлади» деб онамни бағридан юлиб хонасига олиб кириб кетган ўша машъум кун кечагидек ёдимда. Қўл чўзиб изиллаб йиғлаб юборган онамнинг таниш ҳидидан айрилиш осон бўлмаган. Лекин мен ҳеч ким эшитмаган. Бир ҳовлида яшаб, онанинг бағрида ётмаслик нима эканини биласизми? Уч ёшли гўдакка бундан оғир зарба бўлмаса керак. Шундан сўнг онам жиззаки, қўпол, шартаки бўлиб қолган. Бувим эса онамдан хафа бўлиб, уни ҳар кеча менга ёмонлаб ётарди. Аста-секин меҳрибон онам ҳақидаги меҳрим, ҳиссиётларим нафратга айланиб қалбим қорая бошлади… Кейин касал бўлиб қолдим. Мана, беш йилдан бери бетобман. Жарроҳлик амалиёти, химия, нур терапияларини олдим. Касалхоналарда ҳам бувим олиб ётади. Кимдир «Онаси қани? Нега болани ўзи олиб ётмайди» деб сўраса, бувим онамни обдон ёмонлайдилар. Гўё мен кардек бамайлахотир гапирадилар. Дунёдаги энг меҳрибон бувини ёқиб оладилар…» лекин мен барибир онамни дейман. Агар вақтни ортга қайтаришнинг иложи бўлганида мени онамнинг бағридан юлиб олинган ўша кунни ҳаётимдан юлиб ташлаган бўлардим. Онамнинг бўйнига чирмашиб, ҳеч қачон ундан узилмасдим…
Менга қиммат ва оғир муолажалар қилишади. Аслида энг яхши даво — мени онамга қайтариш эканини ҳатто касалхона психологи ҳам билмайди…»
6 ёшли К.
«Биз каттакон ҳовлида яшаймиз. Уйимизда амаким шеф. Ҳамма ундан қўрқади. Ўз болалари ҳам. Шунақа қўрқардикки, амакимни кўрсам сийиб қўядиган бўлганман. Чунки арзимаган нарсаларга уруш чиқаради. Ҳовлига ўртоқларимиз ўйнагани кирса ҳам…
Дадам амакимдан шунчалик қўрқадики, ҳатто менга битта машинача ҳам олиб бермаган…
Касал бўлиб қолганимда ҳамма кўргани келди. Амаким ҳам. Уни кўриб қўрққанимдан яна иштонимга сийиб қўйдим…»
10 ёшли А.
«Дадамни ўн мартача кўрганман холос. У Россияда ишлайди.
Онам «Даданг тўйимиздан кейиноқ ишлагани кетган» дерди.
Уйимиз роса чиройли эди. Бувим «уни даданг юборган пулларга солганмиз» деб мақтанарди.
Дадам йилда бир марта келиб, бир ой турмасдан кетиб қоларди. Чунки бобом, «бор ишла ўғлим. Укангни уйлаб, синглингни чиқарволайлик. Тўй қилиш осонми?» дерди. Амаким уйланиб, аммам узатилди. Бироқ ҳалиям дадам Россияда. Чунки энди у менга қиммат дорилар учун пул жўнатяпти.
Мен дадамни соғинавериб касал бўлганман. Афсус, буни ўзимдан ташқари ҳеч ким билмайди…»
2 ёш Я.
(онасининг тилидан)
«Қизимда касалликни нимадан бошланганини биламан.
Ўша куни уни чўмилтириб, роса эркалатиб, бешикка боғлаб чиройли алла айтаётган эдим. Шу вақт нимадандир тажанг ва ширакайф келган эрим устимга столни отиб юборган. Стол қарсиллаб бешикка урилган. Қизимнинг кўзчалари катта-катта очилганча қотиб қолганди…
Уйда ўнта мол бор. Лекин қайнотам бирортасини сотиб даволаниш учун бермади. Одамлар хайрия қилади. Тила, ялин, сўра дейди. Моллар қайнимга уй қуриш учун керак экан…»
17 ёшли М.
Менинг жуссам 8 ёшли қизчаларники каби. Касаллик туфайли ўсмай қолганман. Ўн йилдан бери тинмай ичим кетади. Бир буйрагим қуриган. Дадам онамга «Бачанг ҳам, ўзинг ҳам керак эмассан» дебдилар. Кошки шу гапларни эшитмасайдим…»
9 ёшли Д.
Онам жудаям урушқоқ. Сиз унинг мулойим гапиришига ишонманг. Бошқа гапира олмайман.


Бу ҳикояларни саратонга қандай алоқаси бор, дерсиз? Унда яхшилаб ўқиб, уқиб олинг!
Оиладаги стресс, қўрқув, депрессияни болалар онкологияси билан боғлаб берайми?
Келинг, унда стресснинг физиологик таъсири ҳақида гаплашайлик.
Стресс – организмнинг хавфга жавоб реакцияси бўлиб, унинг таъсири бир неча асосий тизимларга тарқалади:
Нейроэндокрин тизим: Стресс вақтида кортизол ва адреналин гормонлари ишлаб чиқарилади, бу эса болалардаги иммун тизимини сусайтиради.
Келинг, халқона тушунтира қолай.
Тасаввур қилинг, иммун тизими — тананинг ҳимоя девори, касалликлар эса — унга ҳужум қилувчи ички ва ташқи душманлардир. Узоқ давом этган стресслар ҳимоя деворини заифлаштиради. Ташқи ва ички душманларга нисбатан қарши ҳимоя механизмлари сусайгач истаган дард бемалол ҳужум қилиши мумкин. Оддий гриппдан тортиб, саратонгача!

  1. ДНК ва ҳужайралар мутацияси: Хроник стресс ҳужайраларда оксидланиш стрессини келтириб чиқаради, бу эса хавфли ўсмаларга сабаб бўлади.
    Юқоридаги тўрт боланинг ҳикоясини бежиз ёзмадим. Ҳар бирининг ўз фожеаси бор, тўғрими?
    Агар бирма-бир таҳлил қиладиган бўлсак ҳар бир ҳикоя битта докторлик ишига асос бўлиши мумкин.
    Кимларгадир арзимас туюладиган оилавий низолар, можаролар бир эмас, бир нечта мурғак қалбларни синиши эмасми? Саратон айнан шу синган болаларга ҳужум қилади. Чунки уларни енгиш осонда!
    Ароққа муккасидан кетган, хотинини бокс қопига айлантирган ота мўлтираб, титраб турган ўғил қизини кўрмайди.
    Шаллақи аёл ўғил-қизининг юрагида тўпланаётган нафрат саратон ҳужайрасини ўстираётганини тушунмайди.
    Мардикор ота-оналар мавзуси алоҳида фожеа.
    Оталар ҳеч кимга кераги йўқ, миллатни синдираётган тўйларни деб оиласидан узоқда. Йиллаб қарз узишади.
    Ажрашиб уй-жойсиз қолган аёллар «боламга битта бошпана тиклай» деб четда. Бироқ ҳам ота, ҳам онадан ажралган боланинг қалби билан ҳеч кимнинг иши йўқ.
    Амаки — ҳеч кимни тан олмайдиган, гўдакларни иштонига сийдириб қўядиган золим.
    Бувилар онани боладан айирадиган меҳрибон «жодугар»!
    Боболар ўнта молдан биттасини неварасини даволатиш учун сотмайдиган ва ўн биринчи молни тарбиялаган молбоқар!
    Мен ҳаммага баравар лой чаплаш фикридан йироқман.
    Бироқ, аксарият ҳаётий фожеалар сабабчилари орамиздаку!
    Агар ўзимизни ислоҳ қилмасак, саратон болаларимизга ҳужум қилаверади. Ўлдираверади.
    Алла эшитиб ётган бола устига отилган ва қарсиллаб синган столнинг зарбасини бақрайиб қотиб қолган мурғак болакайгина эмас, бутун жамият эшитсагина саратонни тўхтата оламиз.
    Саратоннинина эмас, кўп касалликларни олдини олишимиз мумкин!
    Яна бир ота ароқ идишини онага отган. Эр-хотин орасида турган бола ўзига ўқдай учиб келаётган шишага чап бергану оққонга чап беролмаган.
    НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
    ҚАНДАЙ ЧОРАЛАР КЎРИШ МУМКИН?

    Энг аввало, оилангизда позитив психологик муҳит яратинг. Бу нафақат болангиз, балки ўзингизнинг ҳам иммун тизимингизни соғломлаштиришга ёрдам беради. Агар соғлом фарзанд керак бўлса, ўз руҳий ҳолатингизни назоратга олинг!
    Ҳатто болангизда саратоннинг тўртинчи босқичи бўлса ҳам!
    Оиладаги руҳий мувозанат боланинг касалликка қарши курашиш қобилиятини оширади.

Муаззам Иброҳимова.

МАВЗУГА ОИД

ГЕМОФИЛИЯ БУ…

admin

УЙИНГИЗДА ИТ, МУШУК БОРМИ? Унда буни албатта ўқинг

admin

ЭРТА ТУРМУШ ҚИЗЛАР УЧУН МУШТ(МИ?)

admin

Шаҳримизда касалланишлар сони ортиб бормоқда, бунга сабаб…

admin