OLMALIQ HAYOTI
Image default
Ҳикоя

«Кўча бошидаги ҳақиқат»

Шаҳарнинг чеккасидаги сокин бир маҳаллада, бир кўчада бир нечта уй ёнма-ён турарди. Маҳалла осойишта, одамлар меҳрибон эди. Аммо бу осойишталикни бузиб турадиган бир ҳолат бор эди – ғийбат. Бу иш билан нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам машғул эди. Гоҳида аёллар, гоҳида эркаклар бир-биридан ўзиб кетарди «янгилик» тарқатишда.
Кўчанинг бошида яшовчи Мавлуда опа эрталаб нонушта қилмасдан дераза олдига чиқарди. Қўлида чойнак, юрагида янгиликка чанқоқлик. «Ким бугун қандай кийиниб чиқади?», «Кимни ким олиб кетди?», «Қайси аёл кечқурун эркак овозида гаплашди?» – булар унинг доимий кузатуви эди.
Яна бир томонда эса Бобур ака бор эди. 55 ёшлар атрофида, собиқ завод ишчиси, ҳозир бекорчи. Маҳалладаги ҳар бир уй эгасининг сирини биладигандек кўринарди. Айниқса, янги келин бўлса – худди сериалга янги қаҳрамон қўшилгандек қувонарди.
Бир куни маҳаллага янги оилали жуфтлик кўчиб келди – ёш, жимжит ва беғараз. Улар бир қарашда оддий, ишчан, тинч одамлар эди. Аммо улар ғийбатчилар кўзига дарров «шубҳали» кўриниб қолди. Айниқса, аёл доим жимгина юриши, ҳеч кимга аралашмаслиги – Мавлуда опани ўйлантириб қўйди.
— Бу келиннинг ичида нимадир бор, — деди у бир куни қўшниси Зулфия опага. — Қанақасига одам бунчалик кўчиб келиб, салом-алик қилмай юради?
Зулфия опа ҳам дарров роса «ўйлаб» қолди. Эртасига Бобур ака билан ўтириб, бу мавзуни «кенгроқ муҳокама» қилишди.
— Кеча тун ярмида бир машина келиб тўхтади уларнинг уйи олдида. Яхшилаб қарасам, қора Нехиа. Ҳайдовчи чиқди, дарвозани тақиллатди, — деди Бобур ака ишонч билан. — Эркакми, аёлми билмадим, лекин одамлар тинч уйқуда бўлса, улар ташқарида гаплашиб юрибди!
Шу кундан бошлаб янги оиланинг исми ҳар бир оғизда айлана бошлади. Уларнинг жим юриши, кўпчиликдан четланиши одамларнинг ўзларича «сабаблар» ўйлаб топишига етарли эди.
— Эшитганмисан, у аёл илгари домда ишлаган эмиш, лекин ишдан ҳайдалганмиш… — деди Зулфия опа бир куни жиддий оҳангда.
— Йўғ-э, мен бошқа гап эшитдим. У боласи бўлмаганидан эри билан ажрашган, ҳозирги эри унга фақат вақтинча турмуш қуриб берганмиш, — деди Мавлуда опа сир тутгандек оҳангда.
Гоҳида бу миш-мишлар нафақат аёллар, балки уларнинг эрларига ҳам етиб борарди. Айниқса, Бобур ака бу «янгиликларни» дўстлари билан чойхонада ўтириб муҳокама қилишга уста эди. У ерда ҳар бир гапга яна беш-ўн бўёқ қўшиларди.
Аммо бу орада янги оиланинг эркаги — Жасур, бўлаётган гап-сўзлардан ҳали бехабар эди. У эрталабдан кечгача ишда, уйга чарчаб қайтар, аёлини эса доимо меҳр билан муомала қиларди. Аёл эса – Лайло, ўзига хос сабрли, камгап аёл эди. Маҳалла аёлларининг кўз ўнгида у «шубҳали жимлик» эгаси бўлса-да, аслида бу жимлик — бошидан ўтган оғир кунлар натижаси эди.
Бир куни Лайло магазиндан қайтаётганида, икки аёл унинг ортидан кулиб, нимадир пичирлади. Лайло тўхтади, аммо ҳеч нарса демади. Фақат елкасини қисиб, йўлини давом эттирди. Аммо юраги оғриди.
Тунда у эрига қараб, паст овозда деди:
— Мен бу ерда яшай олмайман, Жасур. Мени тушунишмаяпти…
Жасур жим қолди. Бир оздан сўнг деди:
— Улар сени тушунмаса, мен тушунаман. Биз бу ердаги гап-сўзларга эмас, ўз ҳаётимизга қарайлик. Ҳақиқат барибир бир кун чиқади.
Аммо ҳақиқат ўзи чиқмайди. Уни чиқаришга сабаб, ёки кучли бир воқеа керак… «Воқеа»
Баҳорнинг бир куни эди. Кўчада шамол шивирлайди, дарахтлар баргларини силкитиб, нимадандир огоҳлантиргандек кўринарди. Шу куни тушликдан кейин маҳаллада ғалати бир шовқин бошланган эди. Одамлар кўчага чиқиб, дарвозаси очиқ турган бир уйни кузатаётган эди. Бу — Жасур ва Лайлонинг уйи эди.
Кўчада бир «Дамас» машинаси тўхтаган, ундан икки киши тушиб, уйни диққат билан кўздан кечираётган эди. Улардан бири ҳужжат кўтариб олган, иккинчиси эса мобил телефонида нималарнидир ёзиб борарди.
— Таниш-билишларми? Текширувчиларми? — деди Мавлуда опа, деразадан ярим бадан чиқиб.
— Эшитганмисан, улар ижарага яшаётган эмиш, лекин рухсатсиз! Энди қаранг, текширув келибди! — деди Бобур ака паст овозда, аммо қувончини яширмай.
Одамлар аста-секин йиғила бошлади. Ҳар ким бир гап, ҳар ким бир тахмин: кимдир уларни фирибгар, кимдир жосус, яна кимдир ноқонуний савдо билан шуғулланади деб гумон қиларди.
Орадан ярим соат ўтди. Ниҳоят, Жасур уйидан чиқди. Унга ҳеч нима бўмагандек салом берди, аммо одамлар саломни ярим кўнгил билан қайтарди. Орқасидан Лайло ҳам чиқди. Аммо бу сафар у жимгина эмас, қўлида ҳужжатлар билан чиқди.
Текширувчилар билан бирга маҳалла раисаси ҳам келди. У одамларни тўплаб, овозини кўтариб гапира бошлади:
— Азизлар, бу ерда бир нарсани тушунтириб қўйишим керак. Бу оилага тегишли барча ҳужжатлар тартибда. Бу одамлар оддий, тоза, қонуний яшаётган фуқаро. Бугунги келганлар эса уларни ишга олиш жараёнида зарур текширувни ўтказаётганлар. Ҳеч қандай жиноят, ноқонуний иш йўқ!
Жимлик чўкди. Мавлуда опа кўзини қисиб, Зулфия опага қаради. Бобур ака эса «э-э, энди булар билан ишлаш қийин бўлди» дегандек лабини бурди.
Шунда Лайло илк бор овоз чиқарди. Лекин бу оҳангда на ғазаб, на аччиқланиш бор эди – фақат хотиржамлик.
— Биз бу ерга тинч яшаш учун келдик. Мен ҳам, эрим ҳам ҳеч кимдан бир тийин ёрдам олмаган одамлармиз. Ҳамма ишимиз ҳалол. Лекин бу ерда яшаш қийинроқ бўляпти – одамлар эмас, миш-мишлар оғриқ бўляпти…
У шундай деди-да, қайтиб орқасига қарамай уйига кирди. Жасур эса бир муддат одамларга тикилиб турди-да, сўнг у ҳам ичкарига кириб кетди.
Ўша кундан сўнг маҳалладаги ғийбатлар аста-секин сўна бошлади. Юзлар бироз уялдими, ёки шунчаки янги «гап» топилмагани учунми – аниқ эмас. Фақат кўчадаги шамол энди ғийбат эмас, ҳақиқий тинчлик хабарини олиб келаётгандек эсарди…

Нилуфар Негмуротова.

МАВЗУГА ОИД

АРМОН БЎЛГАН ОРЗУ

admin

«ҚИЗИМГА КУНДОШИМНИНГ ИСМИНИ ҚЎЙДИМ…»

admin

ҚИЗҒАЛДОҚ ТАНКНИ КЎТАРАДИ

admin

ЮРАКНИНГ БИР БАНДИ УЗИЛГАН КЕЧА

admin