Бугунги кунда электрон тижоратда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш долзарб ва кенг қамровли муаммо ҳисобланади. Онлайн савдо фаолиятининг юқори стандартларини таъминлаш, истеъмолчиларнинг ишончини мустаҳкамлаш ва соғлом рақамли иқтисодиёт асосларини яратишда ҳал қилувчи омилга айланган. Шунинг учун, барча иштирокчи томонлар – давлат органлари, корхоналар ва халқаро ташкилотлар – замонавий амалиётларни жорий этиш, тартибга солувчи механизмларни қатъийлаштириш ва хавфсизликка оид инновацион чора-тадбирларни такомиллаштириш йўлида доимий ҳамкорликда бўлишлари лозим.
Бугунги кунда электрон тижорат корхоналарнинг, истеъмолчиларнинг талаб ва эҳтиёжларини чуқурроқ англашларига ёрдам берувчи муҳим элемент ҳисобланади ва маҳсулот ҳамда хизматларни халқаро бозорда тақдим этишда катта рол ўйнайди. Ҳозирги кунда жаҳон истеъмол товарлари савдосининг тахминан 12 фоизи трансчегаравий электрон тижорат орқали амалга оширилмоқда ва бу кўрсаткич доимий равишда ошиб бормоқда.
Электрон савдо майдончалари катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиб, уларни таҳлил қилиш орқали бизнес жараёнларини тубдан ўзгартирди. Ушбу маълумотлар асосида бизнес моделларини ривожлантириш, электрон тижорат таҳлилини мукаммаллаштириш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги камчиликларни аниқлаш имконияти яратилади. Анонимлаштирилган маълумотлардан кенг фойдаланиш имконияти, катта ҳажмдаги маълумотларни анализ қилиш технологияларини ривожлантириш учун қулай муҳит яратади. Бундан ташқари, электрон платформалар давлат идораларига, масалан, солиқ назорати учун зарур маълумотларни тўғридан-тўғри платформалар орқали тақдим этиш имконини беради. Платформалар ва солиқ органлари ўртасидаги маълумотлар алмашинуви солиқ йиғишни соддалаштириш ва қоидабузарликларни олдини олишда самарали бўлиши мумкин.
Электрон тижоратда истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилишнинг муҳим жиҳатларидан бири – шаффофликни таъминлашдир. Онлайн сотувчилар ўз маҳсулотлари, нархлари, шартномалари ва етказиб бериш шартлари ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот бериши зарур. Бу жараёнга солиқлар ёки қўшимча юк тўловлари каби харажатларни олдиндан маълум қилиш киради. Шаффофлик истеъмолчиларга онгли қарорлар қабул қилиш имкониятини яратади, низоларни камайтиради ва бутун онлайн бозор ишончини мустаҳкамлайди.
Платформалар ўртасида ўз-ўзини
тартибга солиш ва ҳамкорлик
Электрон тижорат истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ўз-ўзини тартибга солиш механизмларини ривожлантириш муҳим омил ҳисобланади. Масалан, Европадаги «Ecоmmеrsе Eurоpе» ассоциацияси онлайн савдо билан шуғулланаётган компанияларни бирлаштириб, истеъмолчиларнинг ишончини мустаҳкамлашга қаратилган фаолият олиб боради. Ушбу ассоциация Eвропа Иттифоқининг тартибга солувчи органлари ва аъзо давлатлар билан яқин мулоқотда бўлиб, электрон тижорат соҳасидаги энг яхши тажрибаларни ўзаро алмашиш имкониятини яратади.
Бундан ташқари, ҳукуматларга ишончни мустаҳкамлаш мақсадида, электрон савдо майдончалари учун тартибга солувчи органлар ва манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик асосида кўрсатмалар ишлаб чиқилиши лозим. Ушбу кўрсатмалар истеъмолчиларга ўз ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш усуллари ҳақида аниқ маълумот бериш, шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича вазифаларни белгилаш, сотувчиларни аниқлаш ва текшириш жараёнларини амалга ошириш, низоларни ҳал қилишнинг алтернатив усулларини таклиф этиш, шунингдек, мижозларнинг баҳолаш ва шарҳларини инобатга олиш каби тамойилларга асосланиши керак. Шу билан бирга, фойдаланувчилар фикр-мулоҳазалари асосида шаффоф ҳисобот тизимини яратиши даркор.
Абдулазиз ҲАБИБУЛЛАЕВ,
Жаҳонгир КУВОНЧОВ,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари.