Жамият ободлиги, юрт фаровонлиги мамлакат ривожланишининг асосий сабабларидан биридир. Негаки, тоза, обод, яшилликка бурканган замин инсонни баҳри дилини очади, шижоатини юксалтиради. Маҳалла ҳам, шаҳар ҳам обод бўлса, мамлакат ҳам обод ва фаровон бўлади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимиз бўйлаб барча шаҳар ва қишлоқларда кўчат экиш ва кўкламзорлаштириш ишлари давом этмоқда. Шаҳримизда ҳам мазкур лойиҳа доирасида дарахт ва кўчатлар экиш тадбири юксак даражада ўтказилмоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда бош-қош бўлаётган Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Бакировга мурожаат қилиб, бугунги кунда соҳада бажарилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашдик.
- Бугунги кунда Ободонлаштириш бошқармасида 229 нафар ишчи ходим ишлашади. Жорий йилнинг апрель ойигача шаҳримизнинг Амир Темур, “Металлург” кўчалари, “Олмалиқовул”, “Эҳтиром” МФЙ ва Олмалиқ-Тошкент катта йўли, «Ойдин» деҳқон бозори атрофларига 10 мингта кўчат ва 50 мингга яқин гул экилди. Улар орасида маҳаллий геран, виола, шафран, салвия каби гул навлари, қайирма тут, палма, шамшод каби кўчатлар экилиб, экилган дарахтларнинг таги оҳак қилиб чиқилди. Айни пайтда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида экилган ниҳоллар нобуд бўлмай, ўсиши учун мониторинг юритилмоқда. Олдимизда турган энг катта мақсадларимиздан бири, экилган кўчатлар қуриб қолиши билан боғлиқ ҳолатнинг олдини олишдир. Ташкилотимизнинг ютуқли жиҳати шундаки, муассасамизга қарашли иссиқхона ҳам мавжуд бўлиб, унда райҳон, салвия ва бошқа турдаги гуллар етиштирилади. Халқимизда “Яхшидан боғ қолар” деган нақл бор. Бугунги кунда кўпқаватли уйларнинг атрофида ҳам аҳолимиз бўш жойларга мевали дарахт ва гул-у райхонлар экишмоқда. Барча ташкилотлар ўзларига ажратилган ерларга гул ва дарахтлар экиб, кўкламзорлаштириш ишларини олиб боришяпти.
Аҳолини тинчлигини таъминлаш мақсадида, корхонамизда, қаровсиз ҳайвонлар бўйича махсус техник жиҳозлар ва ҳодимлар бириктирганмиз. Қаровсиз ҳайвонлар бўйича аҳолимиздан бир қатор мурожаатлар келиб тушади, ҳар бир мурожаат жойларга бориб ўрганилади. Ишчи гуруҳ томонидан қаровсиз ҳолда юрган ҳайвонлар ушланиб, “Алҳаёт” ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятига топширилади, — дейди Ж.Бакиров.
Лайло АБДУМАВЛОНОВА,
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси.