Жорий йилнинг 22 апрель куни корхонанинг Суюқ аммиак бўлимида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.

«Кучли таъсир этувчи заҳарли моддаларнинг (КТЗЗМ) атроф-муҳитга тарқалиши билан боғлиқ аварияларда ҳамкор ташкилотларнинг ҳаракатлари» мавзусида ташкил этилган махсус-тактик ўқув машқида корхона ишчи-ходимлари фаол иштирок этди.

Мазкур ўқув машқдан кўзланган асосий мақсад — корхона ходимлари, навбатчи диспетчерлик хизматлари, фуқаро муҳофазаси тузилмалари ва ўқув машқи раҳбарларининг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини ошириш, заҳарли моддаларнинг тарқалиши оқибатида юзага келадиган ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Машқ давомида зарарланган ҳудуддан аҳолини эвакуация қилиш, қутқарув ишларини ташкил этиш, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда авария оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракатлар мувофиқлаштирилди. Шунингдек, барча иштирокчилар ўзларига бириктирилган вазифаларни аниқлик билан бажариб, фавқулодда вазиятлар шароитида ўзаро ҳамкорликнинг муҳимлигини амалда намойиш этдилар.

Ўқув машқида тегишли хизматлар, хусусан, ёнғин хавфсизлиги, тез тиббий ёрдам, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича масъул ташкилотлар ҳам фаол иштирок этди. Бу эса реал ҳаётдаги хавфли ҳолатларда тизимли ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларнинг нақадар муҳим эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Тадбир якунида ўқув машқи натижалари таҳлил қилиниб, иштирокчиларнинг фаолияти юқори баҳоланди ҳамда юзага келган айрим камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.
Шу каби амалий машқлар мунтазам равишда ташкил этилиши «Аммофос-Максам» АЖда хавфсизлик маданиятини юксалтириш ва ишлаб чиқариш жараёнларида инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишларнинг муҳим қисми саналади.
С.Ўринбоев,
корхона Бошқарув раисининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси.

