Инсон қанчалик кўп билим эгалласа-ю, уни амалиётда қўлламаса, у ўз мевасини бермайди. Ўқитувчи билимини ўқувчиларга беради, тиббиёт ходимлари эса беморлар билан шуғулланиб, уларнинг жонига малҳам бўлишади.
Олмалиқ Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми 2-босқич ўқувчилари жорий йил 3 февралдан 21 апрелгача Бўка ва Пискент тумани Тиббиёт бирлашмасида амалиёт ўтаб, назарий ва амалий билимларини амалиётда қўллашди. Улар амалиёт мобайнида Тиббиёт бирлашмасининг терапия, хирургия, тез тиббий ёрдам ҳамда лаборатория бўлимларида бўлишди. Амалиёт жараёнида беморларни парвариш қилиш, тез тиббий ёрдам кўрсатиш, инекция қилиш каби ҳаёт учун зарур бўлган кўрсатмаларни ўрганишди. Қувонарли жиҳати шундаки, ўқувчиларимиз ҳамширалар билан биргаликда қўрқмай, бор билим ва меҳри билан беморларга ҳамнафасликда хизмат кўрсатишди. Амалиётда муассасамиз томонидан бириктирилган услубий раҳбарлар ўқувчиларга барча фаолиятларни батафсил тушунтиришди.
Ўқувчилар ушбу амалиёт даврида кўплаб билим ва кўникмаларни эгаллашди. Ўйлаймизки, бугун эгаллаган билим ва кўникмалари келажакда ўз мевасини беради.


Гулруҳ МАМАТОВА,
Матлуба РАҲИМОВА,
техникумнинг мутахассислик фани ўқитувчилари.


