Маданият ва санъат ҳафталиги доирасида 28 апрель куни ОКМК ўйингоҳида эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари иштирокида катта “Гала консерт” бўлиб ўтди. Консертда Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова, эстрада хонандалари Баҳриддин Зуҳриддинов, Хуршид Турдиев ва DJ Macarellaлар ўз куй-қўшиқлари билан ташриф буюрган томашабинларнинг кўнглини манзур айлади.
“Гала консерт”ни ўзининг мафтункор нигоҳи, миллий эстрада қўшиқлари билан 7 ёшдан 70 гача бўлган қўшиқ шинавандаларининг қалбидан чуқур жой олган Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова бошлаб берди.
-Биз ўзбеклар куй-қўшиқни севувчи, санъаткорларни хурмат қилувчи халқмиз. Инсон ишига яраша ҳордиқ ҳам олиши керак. Бугунги чиқишлардан очиғи жудаям хурсанд бўлдим. Айниқса, Гулсанамхоннинг “Афсунгинам”, “Ажаб-ажаб” қўшиқларини севиб тинглайман. Халқимизга шодиёналар ярашади. Бундай байрамларнинг сони кўпаяверсин, — дейди томашабин Заҳро Бакирова .
Баҳриддин Зуҳриддинов, Хуршид Турдиев ҳамда DJ Macarellaларнинг чиқишлари консерт кайфиятини янада кўтарди. Тадбир қатнашувчилари маза қилиб рақсларга тушишди.




