12 май — Халқаро ҳамширалар куни
Барчамизга маълумки, 12 май — дунё бўйлаб Ҳамширалар куни сифатида кенг нишонланади. Машаққатли меҳнати, ширин сўзи билан қалб ва танамизнинг соғлигига жавобгар бўлган бу касб эгалари ҳар қанча байрамларга, мақтовларга муносибдир. Байрам муносабати билан йиллар давомида шаҳримиз аҳолисига шифо улашиб келаётган заҳматкаш ҳамшираларнинг фаолиятини сизларга ҳавола этамиз.

шаҳар Тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими ҳамшираси.
БИЗНИНГ КАСБИМИЗ ҲАМ ҲУДДИ ҲАРБИЙЛАРНИКИДЕК
- Шифохонада ҳамширанинг энг оғир, масъулиятли ҳаётининг нозик дақиқалари ўтади, десам адашмаган бўламан. Қизлик пайтларимдан тиббиёт соҳасида фаолият юритишни истардим. Орзуларим мени Ангрен тиббиёт коллежи томон етаклади. У ерда устозларимнинг ҳар бир билимини диққат билан тинглашга ҳаракат қилардим. Янги билимлар эгаллаган куним мен учун байрамдек эди гўё. Амалиётга шифохоналарга борар эдик.
Дастлабки фаолиятимни ҳозирги шаҳар туманлараро перинатал марказида болалар ҳамшираси бўлиб бошлаганман. Болаларим ва ҳозирги кунда невараларимни қийналмай катта қилишимда бу даргоҳнинг ўрни катта.
Йиллар ўтиб, юқумли касалликлар шифохонасига ишга таклиф қилишган. Мана, 30 йилдирки беморларга қўлимдан келганча ёрдам бераман. Бизнинг касбимиз ҳам худди ҳарбийларникидек. Жой, бемор танланмайди. Ҳар хил беморлар бор. Уларнинг кайфиятига, касаллик тарихига қараб муомала қилишингиз керак. Беморларга шифокорлар анализ қўйиб беради, қолган пайтлар эса ҳамшираларнинг кўригида бўлади.

шаҳар Марказий шифохонаси катта ҳамшираси.
ҚИЗИҚИШЛАРИМ ҲАЁТИМГА АЙЛАНДИ
- Болалигимда оқ халат кийган инсонларни кўриб ҳавасим келарди. Йиллар ўтган сайин қизиқишларим мақсадга айланди. 1991 йил Чирчиқ тиббиёт билим юртига ўқишга кирдим. Ўқишни тамомлаб, шаҳар марказий шифохонасида жарроҳлик бўлимида ишлай бошладим. Бошида ишлашга бироз қўрқдим, кейинчалик орзуларим рўёбини кўраётганимда хурсанд бўла бошладим.
Бизнинг бўлимга жон ҳолатида, оғриб келган беморлар кундан-кунга тикланиб, соғломлашиб яхши бўлиб кетади. Кўпчилик танишларим “қўрқинчли» бўлимда ишлайсан, бошқа жойга ўтақол дерди. Касбимни яхши кўрганим учунми, бу сўзлар менга таъсир қилмаган.
Йиллар ўтиб, 2002 йилдан шаҳар Марказий шифохонаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига катта ҳамшира вазифасига тавсия этилдим. Бу менга янада ишонч ҳиссини берди. Ўз устимда тинимсиз ишлашга, беморларнинг дардини аритишга ҳаракат қилардим. Уйқусиз тунлар, беморларнинг “бақир-чақирлари”, ноўрин гаплар кўп бўлган. Шунга қарамай касбимга бўлган муҳаббатим туфайли тинимсиз ишладим.

шаҳар Болалар шифохонаси физиотерапия хонаси катта ҳамшираси.
ЯХШИ УСТОЗ ҲАР СОҲАДА КЕРАК
- 1989 йилда Болалар шифохонасига кичик тиббий ходим бўлиб ишга кирганман. Ишлаб юрган пайтларимда шаҳар тиббиёт билим юртида кечки бўлимида таҳсил олдим. Билим ва амалиёт жараёнларини тенг олиб бориб, ҳам ишлаб, ҳам ўқиб, устозларимнинг меҳрига, эътиборига сазовор бўлганман.
Тўғри, ҳамма касбнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Аммо, касбимни юқори даражада яхши кўрганим учунми бу қийинчиликлар менга роҳатдек туюлади. Кечагидек ёдимда, ўқиб юрган кезларимда устозларим жуда талабчан ва меҳрибон бўлишган. Хатоларимни ҳам ютуқларимни ҳам ўзимга айтишарди. Камчиликларимни кейинги сафар такрорламасликка ҳаракат қилардим. Яхши устоз ҳар соҳада керак. Бугунги кунда ўзим ҳам шогирдларимга устозларимдек устоз бўлишга ҳаракат қиламан.
Ҳозирда ишлаб, беморларга қараб ҳеч ҳам чарчамайман. Болалар билан ишлашни яхши кўраман. Кўзлари милтиллаб менга қараб турган болаларни кўриб, яхшиям шу касбни танлаган эканман дейман.

шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси.
ҲАМШИРАЛИК-ТАҚДИРИМНИНГ ГЎЗАЛ ЁЗИҒИ
- Бир китобда ўқигандим, “Инсон ният қилишда ҳаддан ошсагина, ҳаддан ошиқ нарсаларга эришади” деб.
Касбим менинг болалик орзуларим рўёби. Менимча ҳамма қизлар болалигида ким бўласан, деган саволга иккиланмай шифокор бўламан, деб жавоб берса керак. Менинг илк беморларим қўғирчоқларим бўлган. Уларни даволардим, қўлимдан келганча “беморларимга” қарардим.
1997 йили Олмалиқ шаҳар тиббиёт билим юртига ўқишга қабул қилиниб, 2000 йили муваффақиятли тамомлаганман.
Шу йилнинг ўзидаёқ Олмалиқ шаҳар марказий шифохонасининг жарроҳлик бўлимига навбатчи ҳамшира лавозимига ишга қабул қилиндим. 2006 йилдан бошлаб ушбу бўлимда катта ҳамшира сифатида меҳнат фаолиятимни давом эттирдим. 2017 йилдан шаҳар тиббиёт бирлашмасида бош ҳамшира лавозимида фаолият юритиб келмоқдаман.
Ҳамширалик — тақдиримнинг гўзал ёзиғи. Беморларнинг дуоси, уларнинг соғлиғи мен учун ҳар нарсадан устун.
Мухлиса Чинпўлат қизи тайёрлади.