Ҳурматли шаҳримиз аҳолиси!
Шаҳримизда хавфсиз муҳитни яратиш, криминоген вазиятни яхшилаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилиши олдини олиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилганидек, фуқароларнинг ҳаёти, эркинлиги, дахлсизлиги ва бошқа конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда қонун устуворлигини қарор топтириш, жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишларига қарши муросасиз курашиш — давлат ва жамият олдидаги устувор вазифалардан ҳисобланади.
Сўнгги йилларда юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва жавобгарлик тамойиллари кенг жорий этилмоқда. Бу жараёнда прокуратура органлари — қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши профилактик тадбирларни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда етакчи рол ўйнамоқда.
Афсуски, шаҳримизда айрим йўналишларда жиноятчилик кўрсаткичлари мураккаблигича қолмоқда. Содир этилган жиноятларнинг катта қисмини мулкий жиноятлар, яъни ўғирлик, фирибгарлик, талончилик каби қонунда қатъиян тақиқланган ижтимоий хавфли қилмишлар ташкил этади.
Айни пайтда, оилавий-маиший муҳитда содир этилаётган жиноий ҳуқуқбузарликлар, ахлоқий бузуқлик ва масъулиятсизликдан келиб чиқадиган хатти-ҳаракатлар ҳам жиддий эътибор талаб қилмоқда. Шахсга қарши йўналтирилган жиноятлар, айниқса, аёллар ва ёшлар ўртасидаги зўравонлик ҳолатлари жамиятимизда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантиришга тўсқинлик қилмоқда.
Қадрли ҳамшаҳарлар ва шаҳримиз
меҳмонлари!
Жиноятчиликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасидаги вазифа эмас.
Бу — барчамизнинг умумий бурчимиздир.
Жамиятда қонунийлик ва тартиботни қарор топтириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчилик иллатини бартараф этиш учун фуқаролик жамияти институтлари, маҳалла фаоллари, таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ҳаракат қилиш зарур.
Шаҳар прокуратураси томонидан ушбу йўналишда қатор тарғибот-ташвиқот тадбирлари, ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган ўқув семинарлари, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ва ечим топиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Аммо натижадорликни ошириш учун аҳоли орасида жиноятга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, ҳуқуқий маданият ва жавобгарлик туйғусини кучайтириш мақсадида янада қатъий чоралар кўрилади.
Шу муносабат билан Сиз азиз фуқароларни жиноятчиликнинг олдини олишда фаол иштирок этишга, ҳудудингиздаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида тегишли органларга зудлик билан хабар беришга, фарзандларимизни ҳуқуқий руҳда тарбиялашга чақираман.
Фақатгина барчамизнинг жипслигимиз, фаол фуқаролик позициямиз ва қонунийликка бўлган қатъий муносабатимиз орқали жамиятда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш мумкин.