Ўзбекистон ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциацияси 2007 йилда ташкил қилинган нодавлат-нотижорат ташкилот ҳисобланади. Бу ташкилот асосан, ногиронлиги бўлган аёлларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қуватлашга қаратилган бўлиб, ногиронлиги бўлган аёлларни тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантиради ҳамда уларни касб-ҳунар бўйича бепул ўқитади. Бугунги кунда бу ташкилот 125 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган аёл-қизларимизни ўз ичига олган.
Қувонарли жиҳати шундаки, ҳамшаҳримиз Дилрабо Полвонова ҳам бу ташкилотнинг фаол аъзоси. Бахтсиз ҳодиса туфайли ногирон бўлиб қолганлиги қарамай, ҳамшаҳримиз Дилрабо опа ўзидек аёлларга кўмаклашиш мақсадида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик комиссияси билан биргаликда ҳаракат қилиб, 50 млн сўмлик давлат грантини ютиб олди.
Д.Полвонова бу маблағларни турли соҳада ёрдамга муҳтож бўлган хотин-қизларимизга эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда дори-дармонлар, ошхона ва уй жиҳозлари, фарзандлари учун бир йиллик ўқув қуролларини олиб берди.
- Биласизми, оёғим ишламай ётиб қолганимда жуда ҳам қўрқдим. Наҳотки, энди ҳеч кимга фойдам тегмаса, яхшилик қила олмасам деган қўрқув пайдо бўлди. Йиллар ўтиб оёққа турдим. Юртимизда мен каби ногиронлиги бор аёлларни қўллаб-қувватлаб, уларга давлат гранти ажратилаётганини эшитиб, очиғи мамнун бўлдим. Мен бу пулларни эҳтиёжманд, касаллиги бор хотин-қизларга сарфлашга аҳд қилдим. Зеро, бугунги ёрдамга узатилган қўллар кимларнингдир яшаб кетишига сабабчи бўлса ажаб эмас, — дейди Дилрабо Полвонова.