Бугунги кунда экологик муаммолар бутун дунёнинг глобал мавзусига айланиб қолди. Шаҳримизда ҳам сўнгги йилларда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2025 йил 1- чорак якуни бўйича шаҳримиздаги корхона-ташкилотлар томонидан тузилган атроф-муҳит муҳофазасига оид ташкилий-техникавий чора-тадбирлар режа-жадвалига асосан 115 та амалга оширилган тадбирлар учун 54 717 735 800 сўм (2024 йил 1-чоракда 163 та тадбир учун 71 397 861 410 сўм) сарфланган.
Ушбу атроф-муҳит муҳофазасига оид ташкилий-техникавий чора-тадбирлар бажарилиши натижасида атмосфера ҳавосига ташланадиган зарарли ташламалар ташлаш 2232,45 тоннага (2024 йил 1-чоракда 2111,65 т) камайтиришга эришилди ва 536 500 м3 (2024 йил 1-чоракда 616 500 м3) сув иқтисод қилинди. Шунингдек, ушбу тадбирларни бажарилиши натижасида жами 145 000 туп ҳар хил турдаги дарахт кўчатлари, 3100 дона бута, 38270 дан зиёд кўп йиллик ва мавсумий гул кўчатлари экилди ва 20,0 гектар ер майдонида майсазор (газон) барпо этилди.
Шунингдек, шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан шаҳар ҳудудига 2674 туп ҳар хил турдаги дарахт кўчатлари ва 41 200 дона мавсумий гуллар кўчати ўтказилди.
Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 2024 йил 14 мартдаги Олмалиқ шаҳар ҳудудида “Янги авлод боғлари” ҳамда “Яшил белбоғ”лар ташкил этиш тўғрисида”ги ва 2024 йил 29 мартдаги “Яшил боғ” барпо этиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинган бўлиб, мазкур қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида шаҳримизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор мавсумида жами 178 870 туп ҳар хил турдаги дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган. Жорий йилнинг апрельҳолатига кўра, 387 200 туп ҳар хил турдаги дарахт кўчатлари экилди. Экилган дарахт кўчатлари шаҳар ҳокимлигида ташкил этилган штаб ходимлари томонидан платформага киритилган маълумотлар экология ходимлари томонидан хатловдан ўтказилиб, белгиланган тартибда платмоформада тасдиқланди. Ҳозирги кунда режа 216,48 фоизга бажарилди.
Абдурайим АЙМАТОВ,
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича шаҳар инспекцияси бошлиғи.