Image default
Жамият

ЎЗ ИШИГА САДОҚАТ ИНСОННИ УЛУҒЛАЙДИ

… “Бу дунё саодатини истасанг тижорат қил, охират саодатини истасанг ибодат қил, ҳар икки дунё саодатини тиласанг илм ол ва илм ўргат.
ФИТРАТ…

Шу ҳақиқатни туғ қилиб яшаб келаётган қаҳрамонларимиздан бири техника фанлари номзоди, доцент — Илҳом Самандаров бўлади.


1974-1979 йилларда Тошкент Давлат Техника университетидаги таҳсилдан сўнг Кибернетика институда кичик илмий ходим, катта муҳандис лавозимларида ўз фаолиятини давом эттирган қаҳрамонимиз кейинчалик Тошкент Политехника институтининг “Олий математика” кафедрасида катта ўқитувчи сифатида ишлай бошлади.
1993 йилдан Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизматига муҳандис программист сифатида ишга жойлашган Илҳом Расулович бу йилларни ўз-ўзига талабчанлик, тобланиш йиллари бўлди, дейди. Илҳом ака бу тизимда 17 йил хизмат қилди: ИҲҚХ Рухсатномалар бюроси бошлиғи, раҳбар муовини каби лавозимларда кучли масъулият, касбга садоқат туйғулари билан сидқидилдан фаолият юритди. Унинг ишга бўлган бундай муносабати ҳам комбинат меҳнат жамоаси томонидан, ҳам раҳбарият томонидан ҳамиша муносиб равишда эътироф этилди.


Ҳазрат Румийда ўқиганим бор эди: “Гилам тоза ва озода бўлсин деб уни қоқишади. У покиза бўлади. Инсон ҳам шундай. Қийинчиликлар уни тоблайди, қалбан поклайди”…
Шу маънода қаҳрамонимиз билан ҳамсуҳбат бўларканман, бир ҳақиқатни англадим: қийинчиликлардан, унга тўсиқ бўлиб турган муаммолардан айланиб эмас, уларга тик боқишни ўрганиш мумкин. Мана шу мустаҳкам ақида қаҳрамонимизнинг катта ҳаётдаги йўлчи юлдузи бўлди.

  • Оддий колхозчилар оиласида туғилиб вояга етдим. Оиламизда ҳали ҳамон бор бўлган бир қадриятни айтиб ўтмоқчиман: машаққатлар қаршисида таслим бўлмаслик.
    Ҳозир мактаб, коллеж, умуман олий таълимда таҳсил олаётган ёшларни кўриб, уларга қараб фақат ҳавас қилиш мумкин, дея оламан. Уларга таълим берарканман, биламанки, аудиторияда мен ёки бошқа устоз томонидан айтилган гап, умуман маълумотлар ҳеч бўлмаса бир маротаба текширилиши, бу ҳақда бошқа манбада нима дейилганлиги талабаларга ҳамиша қизиқ бўлиб келган, деб ўйлайман. Маълум бир мавзуда сиз бошқача, сунъий интеллект бошқача маълумот бериб турса табиийки, талабада сизга нисбатан шубҳа пайдо бўлади. Бу шуни англатадики, биз устозлар, педагог ходимлар замон билан ҳамнафас ҳолда қадам ташлашимизга, замонавий технологияларни тўлиқ ўзлаштиришимизга тўғри келади. Аудиторияда уялиб қолмаслик учун, берилган саволларга муносиб жавоб бермоқ учун ҳам изланиш, ўз устида тинимсиз ишлаш замон талабидир.
    Ҳозирда “Математика ва информатика” кафеддраси доценти сифатида шогирдларим билан бирга металларнинг таркибини ўрганиш бўйича илмий изланишларни олиб бормоқдамиз. Бу соҳада илмий янгилик қилсак, бу албатта, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг равнақи йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлишига ишонаман, — дейди қаҳрамонимиз.
    Замон шиддати яратилаётган илмий ишларда ҳам ўз аксини топиши табиий, албатта. Авваллари ҳижжалаб, кўп вақт давомида ўрганилган билимлар бугун сунъий интеллект томонидан жуда тезликда уддаланмоқда. Аммо, масаланинг яна бир томонини унутмаслигимиз керак. Ўртада илмий салоҳият деган тушунчалар бор. Демоқчиманки, бу тушунчани эса сунъий интеллект эмас, инсон омили, унинг қалб қўри билан яратилган илмий изланишлар яратади.
    Мухтасар айтганда, жамиятга наф келтира оладиган, беқиёс илмий ишлар ортида фақат ва фақат инсон меҳнатини кўраман. Айни шу ҳақиқатни ёшларимиз теранроқ тушунишларини истаб қоламан.

…Интилиш бўлмаса ҳаёт чинакам зулматдир. Илм бўлмаса, ҳар бир интилиш бекордир. Иш бўлмаса, барча билимлар беҳудадир. Ишга муҳаббат бўлмаса, ҳамма иш ҳам самарасиздир…
Мана шу ҳаётий ҳақиқатлар ҳаётининг бош гултожи бўлган қаҳрамонимиз, кўпчиликнинг меҳрини қозонган устоз, салкам 70 ёшида ҳам изланишлардан чарчамайдиган ғайратли инсон — ИЛҲОМ САМАНДАРОВНИНГ ҲАЁТ КИТОБИНИ варақлаб, унинг зар сарлавҳалари инсонийлик фазилатлари билан йўғрилганлигини ҳис этиш мумкин…

Дилафрўз
Эгамбердиева.

МАВЗУГА ОИД

ШАҲРИМИЗДА ОЗИҚ-ОВҚАТ ЗАХИРАСИ ЕТАРЛИМИ?

admin

СУБСИДИЯ АСОСИДА УЙ ОЛИШУЧУН ТАЛАБ ОШМОҚДА

admin

АДАШИБ ҚОЛМАНГ!

admin

ЭНЕРГИЯ ТЕЖАМКОРЛИГИ УЧУН ҲИССА ҚЎШАМИЗ

admin