Республикамизда май ойининг учинчи якшанбаси «Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни» этиб белгиланган. Ушбу сана муносабати билан шаҳримизда турли хил марафон, гала концерт ва байрам тадбирлари ташкил этилди.
Жумладан, 17 май куни бўлиб ўтган сайилда комбинатнинг ишлаб чиқаришда эришган ютуқлари, корхоналарнинг маҳсулотлари, ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган технологик қурилмалар кўргазмалари намойиши ва турли-туман спорт мусобақалари ўтказилди. Тадбир давомида комбинат таркибий бўлинмалари томонидан ташкил этилган кўргазмалар турли номинациялар бўйича қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Жумладан, кўргазмалар танловида “Энг яхши саноат кўргазмаси” номинациясига комбинат темирйўлчилари сазовор бўлишиб, Гран-прини қўлга киритишди.
Республика кончилик ва металлургия саноати фахрийлари кенгаши ҳамда ОКМК АЖ ҳамкорлигида “Марҳамат” тантаналар мажмуасида комбинат меҳнат фахрийлари учун Ўзбекистон кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда сўз олган ОКМК АЖ бошқарув раиси, сенатор Абдулла Хурсанов ҳамда Республика кончилик ва металлургия саноати фахрийлари кенгаши раиси Александр Фарманов инсон қадри улуғланаётган юртимизда нуронийларга алоҳида эътибор қаратилаётганини, комбинат меҳнат фахрийлари ҳамиша эъзозда эканлигини таъкидлашиб, айём билан барчани самимий муборакбод этишди.
Сана муносабати билан 16 май куни ОКМК АЖ спорт мажмуасида эстрада юлдузлари иштирокида гала-концерт дастури ўтказилди. Шунингдек, тадбир давомида 21 нафар фаол ишчи-ходимлар турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари билан мукофотланди. Таниқли санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова, Ўзбекистон халқ артистлари Марям Саттарова ва Гулсанам Мамазоитоваларнинг дилрабо қўшиқлари томошабинларга байрамона кайфият бағишлади. Комбинат ёшлари томонидан тайёрланган ОКМК АЖнинг жонли рамзий тимсоли олқишларга сазовор бўлди. Концерт дастури анъанавиий мушакбозлик билан якунланди.










