Image default
Жамият

ИЛМ ВА МЕҲНАТ УЙҒУНЛИГИ: «АММОФОС-МАКСАМ» КИМЁГАРЛАРИНИНГ ФАХРЛИ ЙЎЛИ

Ҳар йили май ойининг охирги якшанба куни Ўзбекистон илм-фанининг муҳим йўналишларидан бири бўлган кимё соҳаси вакиллари — фидойи кимёгарлар куни нишонланади. Ушбу сана юртимиз тараққиёти, қишлоқ хўжалиги, саноат ҳамда экология соҳаларининг пойдеворини мустаҳкамлашда беқиёс ҳисса қўшаётган кимё мутахассисларига ҳурмат ва эътибор ифодасидир.

Шундай фидойи жамоалардан бири – «Аммофос-Максам» акциядорлик жамияти бўлиб, у йиллар давомида Ўзбекистон минерал ўғитлар саноатининг етакчи вакилига айланган. Мазкур корхона республикамиздаги энг йирик фосфорли ўғитлар ишлаб чиқарувчиси сифатида нафақат мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини, балки бутун Марказий Осиёдаги бозорларни сифатли маҳсулот билан таъминлаб келмоқда.
«Аммофос-Максам» АЖ ишлаб чиқариш қувватлари доимий равишда янгиланиб, инновацион технологиялар асосида ишловчи замонавий ускуналар жорий қилинмоқда. Маҳсулот сифатини назорат қилиш, таркибидаги кимёвий элементларни аниқ ўлчаш ва экологик хавфсизлик талабларига риоя этишда кимёгарларнинг роли беқиёсдир.Корхона лабораторияларида фаолият юритаётган тажрибали ва фидокор кимё муҳандислари, лаборатория ходимлари, технологлар маҳсулот сифатининг асосий кафолатчиларидир. Улар нафақат мавжуд стандартларга амал қилишади, балки ишлаб чиқаришни экологик тоза ва барқарор йўл билан олиб бориш устида изчил изланишлар олиб боришмоқда.
Кимё саноати нафақат илм ва технологиянинг уйғунлигидан, балки йиллар давомида сидқидилдан меҳнат қилган фидойи инсонлар кучи, тажрибаси ва садоқати эвазига ривож топади. «Аммофос-Максам» аксиядорлик жамияти ҳам айнан мана шундай устувор қадриятлар асосида фаолият юритиб, ўз жамоасида узоқ йиллик меҳнат тарихига эга бўлган ходимларни муносиб қадрлаб келмоқда.
Жумладан, байрам муносабати билан корхонада фаолият юритаётган 73 нафар ходимга «Меҳнат фахрийси» унвони тақдим этилиши режалаштирилган. Бу юксак эътироф — ўз касбига садоқат билан ёндашган, корхонанинг ривожига йиллар давомида фидойилик билан ҳисса қўшган инсонларнинг машаққатли меҳнатини қадрлаш намунасидир.
«Меҳнат фахрийси» корхона ички тартибларига мувофиқ:
• Аёллар учун камида 15 йил,
• Эркаклар учун эса 20 йил давомида корхонада самарали ва узлуксиз фаолияти учун берилади.
Бу унвонни олиш — оддийгина йиллар саноғи эмас, балки ҳар бир кунни меҳнат, ҳалоллик ва жонкуярлик билан ўтказган инсонларга бериладиган юксак эътирофдир. Уларнинг барчаси корхона тарихи ва муваффақиятларида ўз изини қолдирган шахслардир.
«Аммофос-Максам» АЖда ишлаб чиқариш жараёнининг ҳар бир босқичида кимёгарлар ва технологлар асосий ўринни эгаллайди. Уларнинг меҳнати – сифати кафолатланган минерал ўғитлар, экологик хавфсизлик, замонавий технологияларнинг тўғри қўлланиши ва экспорт имкониятларининг кенгайишида асосий омиллардандир.
«Меҳнат фахрийси» унвонига сазовор бўлганлар орасида айнан мана шундай кимё соҳасининг илғор намояндалари, ишлаб чиқариш усталари, техник мутахассислар, лаборатория ходимлари ва бошқа кўплаб бўғинлар вакиллари бор. Уларнинг ҳар бири — замонавий саноатнинг мустаҳкам таянчи, ёшлар учун ибратли мактаб ва чинакам устоздир.
«Аммофос-Максам» АЖ раҳбарияти ҳар доим ўз ходимларининг меҳнатини қадрлайди. Меҳнат фахрийлари учун ташкил этиладиган байрам тадбирлари, рағбатлантириш совғалари, дипломлар ва фахрий ёрлиқлар — бу юксак унвон ортида қандай меҳр, ҳурмат ва эътибор турганининг ифодасидир.
Бу унвон – нафақат шахсий фахр, балки бутун жамоа учун руҳлантирувчи омил ҳамдир. Чунки бугунги ёш мутахассислар, корхонага эндигина қадам қўйган янги ходимлар ана шу фидойи инсонлардан ўрнак олиб, ўз касбига масъулият билан ёндашади.
«Кимёгарлар куни» муносабати билан, «Аммофос-Максам» АЖ раҳбарияти ва бутун жамоаси номидан кимё соҳасида меҳнат қилаётган барча устозлар, илмий изланиш олиб бораётган олимлар, завод технологлари ҳамда ёш мутахассисларни чин дилдан табриклаймиз!
Сизларнинг ҳар бирингиз – илм, тажриба ва фидоийлик намунасисиз. Юртимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссангиз бардавом, ҳаётингиз фаровон, меҳнатингиз баракали бўлсин!
Кимёгар бўлиш – бу нафақат касб, балки жамият келажагига хизмат қилишдир!

Саидакбархўжа Ўринбоев,
«Аммофос-Максам» АЖ Бошқарув раисининг
Ахборот-сиёсати бўйича маслаҳатчиси,
матбуот котиби.

МАВЗУГА ОИД

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ҚАНДАЙ ЖАРАЁН?

admin

ГАРОВ НИМА?

admin

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ 98-СЕССИЯСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

admin

ОКМКнинг қарийиб 25 фоизи12,2 триллион сўмга баҳоланиб,Тикланиш ва тараққиёт жамғармасигаўтказилди

admin