Image default
Жамият

БОЛАЛИКДА БАҲОР БОР

Ёши катта инсонларга “Қайси даврингизга қайтиб қолишни истардингиз?” деган савол билан юзлансангиз, юраги ҳапқириб, ўйланиб ўтирмай “Болалигимга” деб жавоб беради. Ҳа, болалик ҳар бир кишининг орзуси. Болалик беғуборлик фасли.

Афсуски, бугунги кунда кўпчилик ота-оналар болалардан болалигини олиб қўйишмоқда. Ундай эмас, дейсизми. Ҳозир сизга мисоллар келтираман. Қайси болани кўряпсиз кўчани чангитиб, усти-боши кир ҳолатда юрганини, қайси болани кўряпсиз қўшнининг уйида овқатланаётганини? Қайси болани кўряпсиз маҳалла болаларига қўшилиб, “ўртага тушар”, “беркинмачоқ”, “бештош”, “қувлашмачоқ”, “ланка” ўйинларини ўйнаётганини? Болаларимиз сал хархаша қилса, қўлига дарров, телефон бериб қўямиз. Улар билан қўшилиб ўйнамаймиз. Биз болалик ўғрисимиз.
Халқимиз болалик уйда баҳор бор деб бежизга айтмаган. Бугун баҳорларимизнинг, бахтиёрларимизнинг байрами. Болажонларимиз бахтимизга соғ-омон бўлишсин. Юртим, ота-онам, халқим дейдиган софдил, ҳамиятли, мард, садоқатли ўғил-қизлар бўлиб камол топишсин.
Шаҳримиздаги боғча ва мактабларда таълим олаётган болаларимизга саволлар билан мурожаат қилдик. Қуйидаги уларнинг жавоблари бизни ҳам болаликка қайтарса ажаб эмас. .

  • Дунёда энг кўп кимни яхши кўрасан?
  • Мен ҳаммадан ҳам кўп дадам билан аямни яхши кўраман. Дадам ҳар куни укам билан менга шоколод, сок олиб келади. Аям эса, нима овқат айтсак пишириб беради. Укам билан тўполон қилиб, мазза қилиб ўйнаймиз. Мен дадамга шеър айтиб бераман:
    Дада, ҳорманг,
    Ишга борманг.
    Мени кўтаринг,
    Оҳ оберинг.
    Муҳаммад САРВАР ўғли,
    10-боғча тарбияланувчиси.
  • Қанақа ўйинчоқларни яхши кўрасан?
  • Қўғирчоқларни яхши кўраман. Уйимизда ўйинчоқларимиз кўп. Қўғирчоқларим касал бўлиб қолса уларга уколлар қиламан. Томоғига дори сочаман. Агар уларга укол қилмасам, мазаси бўлмай ухлаб қолади. Кейин аяси йиғлайди-ку.
    Зарина ЗИЁДУЛЛАЕВА,
    34-боғча тарбияланувчиси.
  • Келажакда ким бўласан?
  • Мен ватан қўриқчиси бўламан. Дадамга ўхшаб кучли, қўрқмас бола бўламан. Агар кимдир ватанимизга ёмонлик қилса, ўша одамни “дабдала”сини чиқараман.
    Фарҳод АБИДОВ,
    37-боғча тарбияланувчиси.
  • Кимни овқатларини яхши кўрасан?
  • Менинг аям дунёдаги энг ширин овқатни қилади. Уларнинг овқатлари жудаям мазали. Боғчада ҳам аямни овқатини егим келади. Лекин, фақат кечқурун уйга келганда ёйман. Қанийди, аям ишга бормай бизга ҳар куни ўзи овқат тайёрлаб берса.
    Имона РАВШАН қизи,
    37-боғча тарбияланувчиси.
  • Нимани орзу қиласан?
  • Дадам билан аямни кўп яшашини Худодан сўрайман. Ахир Худо бизни яхши кўради-ку. Мен дадамни қизиман. Дадам ҳар доим мени хурсанд қилади. Дадам бизнинг ҳимоячимиз.
    Ифора ТУРСИНАЛИ қизи.
    39-боғча тарбияланувчиси.

Хайтгул НОМОЗОВА,
ЎзДЖТУ талабаси.

МАВЗУГА ОИД

ШАҲРИМИЗДА ЯНА БИР ЯНГИ МЕҲМОНХОНА ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ

admin

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ БИРИНЧИ ИЛҒОР МУҲАНДИСЛИК МАКТАБИ ОЛМАЛИҚДА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

admin

КОРРУПЦИЯ ТЎҒРИСИДА ХАБАР ҚИЛГАН ШАХСЛАРНИНГ ЯҚИН ҚАРИНДОШЛАРИ ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

admin

ФАРОВОН ОИЛА САРИ

admin