OLMALIQ HAYOTI
Image default
Ҳикоя

ҚИЗҒАЛДОҚ ТАНКНИ КЎТАРАДИ

Ўзбекистон халқ ёзувчиси
Ўткир Ҳошимовнинг
«Тушда кечган умрлар»
романига ёзилган эътироф

– Сиз ўлимдан қўрқасизми?
– Нега ундай деяпсиз, сиз ўзингиз-чи?
Ғалати саволга, ғалати жавоб. Бизда шундай фикрлашади. Аслида, одамзод ўлишни, кўзларини тупроққа тўлдириб чириб кетишни ҳеч қачон истамайди… Баъзида нега одамнинг ўлгиси келади… ожизлиги учунми, яшашни эплай билмаганиданми? Ёки ҳаётдан нафратланганиданми?… Ўзидан жирканаётгани боисми? Дунё адабиётнинг сочини оқартириб, юзига ажин туширган, инсон ва ўлим оралиғидаги муносабат таҳлили эҳ-ҳе, қанча кашфиёт ва улуғ истеъдодларини пайдо қилди. Албатта, инсон қисмати ҳеч қандай таъриф ёхуд тасвирга муҳтож эмас. Ҳаётнинг давомийлигига шубҳа бўлмагани каби, инсон руҳияти, юрагини тўлиқ кашф қилиниши гумонли ҳол. Адабиёт, одамни яратаман деб уринганида тўла ҳақ эди. Афсуски, уни адаштирдилар. Жамият билан боғлаб қўйдилар-да, қўй каби ёруғ қўтон – коммунизм сари етаклашди… Бу йўналиш ҳамма нарсанинг тараққийлаштиришга – сунъий тафаккур, бир хил қолипдаги ўй-фикрга мослаштириши керак эди… Одам ўзидан узоқлаштирилди, у ўзининг коммунизмдан улуғлигини айтиш у ёқда турсин, тасаввурига келтиролмади. Унинг бундай фикрга бориши Худога шак келтиришдан кўра ёмонроқ эди… Адабиёт барибир лойқаланган маънавият уммонининг тубига ўзини мажбурлаб бўлса-да чўкди, бу уммоннинг туби ҳали зилол эди, адабиёт ана шундай жон сақлади, сув юзига чиқиш, лойқа, бўтана, ҳубоб ғоялардан ифлосланишдан ҳазар қилди… Адабиёт бирмунча одамни шу уммоннинг лойқаланмаган тубида яшириб турди… Чунки жамиятга хизмат қилаётган эди, адабиёт. Узоқ БАМда қурилишда ишларди. Мирзачўлни ўзлаштирар, ГЭСлар қуриш билан, дунёга комсомолларни танитиш билан банд эди… У ўз фидойиларининг бошини кундага қўйилишини зардоб билан кузатар, қувғинга учраган қайсар, ўт-олов истеъдодларини асрай олмаётганидан оғринар эди. Адабиёт – мағзава ғоялардан ҳазар қиларди. Лекин… даҳанаки жангда одамни йўқотиб қўйди. Юракни йўқотиб қўйди… Адабиёт уй қуради. Китоб дўконларининг белини букиб белкурак ушлаган асарлар тобора кўпаярди. Бироқ… муҳаббатнинг умри боқий эди… одамнинг оғриқлари албат дунёни зир титратишига шубҳа йўқ эди… Ҳеч қанақа совет адабиёти деган зўраки тушунча йўқ эди аслида. Бор эди. Адабиёт. Чунки одам бор эди… у ғимирлар, тиним билмас, юраги уриб турарди.
Фожи инсон юрагида шакл топади, руҳиятида илдизлайди. Ҳар қандай даҳшатнинг кўриниши инсонга нисбатан таъсири билан даҳшатлидир. Мен сизнинг мусибатингизни қабул қилолмаслигим мумкин. Бундан ранжишга эса сира ҳаққингиз йўқ… Ботинингизда хуруж қилаётган қайғуни ҳис қилолмадим, чунки бунинг учун сиз бўлишим керак. Мен фақатгина сизни тушунаман, ҳамдард бўламан… борингки, сизга қўшилиб йиғлашим мумкин. Сизни кашф қилишим, ичингизда беркинган, бутун инсониятга тааллуқли, кишиларни бир-бири билан боғлаб турган фожи ришталарини кўра билганимда эди, одамларнинг нақадар бир-бирига ўхшашлигини пайқаб қолардим. Истеъдод назари билан, юрак аралашган санъат асарларининг кучи ҳам шунда эмасмикин, деган саволга ҳожат ҳам қолмасди. Дунёда тиллар, миллатлар, динлар айричалиги ҳақиқат, бироқ одамлар биттадир. Уларнинг фожиаси, севгиси, туйғулари ҳам ягона.
Жаҳон адабиётида не қиёмат-қойимлар тасвирланмаган дейсиз. Урушлар, ўлимлар, ур-йиқит… буларнинг барчаси эса одам боласининг юрак азоблари олдида барибир чекинади. Адабиёт ташқи дунё тасвири инсон характерини, ўзлигини очиш учун хизмат қилади. Бу мураккаб жараённи англаш, эплай олиш ёзувчининг дид-фаросати, илоҳий тушунча – истеъдоди билан боғлиқ, албатта.
Тошга айланиб бўлган манфур жиноятчи гулни севиши, тоғ сувининг шарқирашидан ҳузурланиши мумкин. Бу туйғудан уни ҳеч қачон маҳрум этолмаймиз. Одамни тушунишнинг ўзи бўлмайди.
Хемингуэйнинг зўрлиги ҳаётни мусибат ичида кўргани, тақдирига уруш битилганидами? Унинг умри урушда ўтди, майли, сиз билан муросага келайлик. Хўп, у яраланди, азоб тортди. Аммо, улуғ адиб урушни юрагига муҳрлади. Унинг юраги яраланди ва бошқалар сезиб турган оғриқни сабр-тоқат билан баён қилди.
Ва уруш ҳақиқатини барибир ёзиб бўлмайди, деб ўтди. Инсон тақдири, унинг қийноқларини тасвирлаш ёзувчи ижодиёти учун ягона тўғри чизиқ бўлиб хизмат қилди, холос. У уруш томонга оғиб кетмади, дунё адабиётини айтиш мумкинки, мағлубият сари етакламади, адабиётга хиёнат қилмади.
Марҳамат, зукко ўзбек китобхони айтсин, «Алвидо қурол»нинг фожи ва инсон, ўлим ва инсон оралиғидаги ҳаққоний шоҳ асарлигига ким шубҳа қилади. Уруш бош планга чиққаними ёки инсон? Тасвир, жанг тафсилотлари, қайғули манзаралар, хира тортган дунё барибир инсонни кўмиб ташлай олмаган. Бу ерда таржимоннинг, Хемингуэй дунёси одамнинг маҳорати, савияси, иқтидорига тан бериблар айтаманки, асар ўзбекларга тирик ҳолда, бус-бутун етиб келди. Ва уруш ҳақида қандай ёзиш кераклигини кўрсатади. «Жом кимга чалинади», «Борлиқ ва йўқлик», «Байрам» каби унинг машҳур асарлари ҳам инсон бахти ва бахтсизлиги, абгор бўлган дунё ҳақида. Мен ўйладим, адабиётда одам қолади.
Мен «АДАБИЁТ ЎЛАДИМИ» деган баҳсдан кўра «Ўладиган ва қоладиган китоблар» ҳақида суҳбатлашишга қурбим етади. Аччиқ ҳақиқат шуки, яна бир гап бор қалам аҳли тақдирига битилган: «Ўладиган ва ўлмайдиган» ёзувчи. Бундан терс ўгирилмаслигимиз, чидашимиз керак. «Белкурак»нинг замониям ўтаркан. «Белкурак» тасвирланган китоблариям. Очиғи-да, энди, ўша одам қолиб «белкурак» юқори ғоя сифатида қаралган биқиқ мафкура юзларини тирнаб дод солаяптими ёки йўқ, сизу биз учун аҳамиятсиздир. «Белкурак»ни публицистика эплайди. Публицистика замон руҳини имконият даражасида таҳлил қила олади ва бунинг уддасидан чиққан ҳам. Мен мақолани беҳуда Ўлим, Инсон ва Уруш ҳақида бошламадим. Бугунги кунгача ўзбек прозасида ана шу уч улкан бутун башарият тақдири билан боғлиқ тушунчани бириктирган асар яратилдими? Умуман, асримизда уруш мавзусида ёзилган қандай мукаммал асар бор. Толстой, Виктор Некрасов, Василий Биков, берироққа келсак Артём Боровик, Светлана Алексиевич каби ёзувчилар билан таниш ўзбек ўқувчисига бир сўров; Ўлим, Инсон, Уруш манзараси ўзимизнинг ўзбек прозасида ҳам тўлақонли намоён бўла олдими? Ахир бизда уруш (ҳозиргача шундай деб олайлик) мавзусида қанчалаб асарлар дунёга келмади! Ҳа, баракалла! Уларда совет жангчисининг қаҳрамонлиги, жасорати кўпроқ мадҳ этилди. Қўлда таёқ билан жангга чиққан (Виктор Некрасов) полк ва орқасидан ўқ ейишдан қўрқиб олдга интилган аскарнинг зимистон дунёси ҳақида ҳикоя қилинмади. Ватан учун мажбуран жангга ташланган инсоннинг қўрқоқлиги ёзувчи қарашлари билан ифодаланмади. Адабиёт сохталикни кечирмайди. Оқибат инсон йўқотиб қўйилди. Шу асосда кинолар ишланди, маънавият жароҳатланди. Ўзбек болаларини эса алдадилар. Советлар ҳамиша қувдилар, ғолиб бўлдилар. Уруш бу ўлим эмас, қаҳрамонлик деган ақида сингди мурғак юракларга. Аслида ўша урушда метин интизом, ички ваҳм, қўрқув, сиёсат ғалаба қозонган эди. Жарима баталионлари устун келганди. Узоққа борманг, Вьетнам, Афғон, Кавказ, Сомалидан ҳам бир сўраб кўринг урушни. Аслида-ку урушнинг ватани бўлмайди. Барибир бу юртлардан ҳам сўраб кўринг урушни, не деркин?

…Ҳурматли ёзувчи! Асарингизни ўқидим. Сизнинг… биласизми… Сизнинг юрагингиз олдида ҳаяжон билан бош эггим келди. Сиз урушда бўлмагансиз, лекин инсон руҳиятининг озорларини уруш орқали ҳаққоний куч билан тасвирлай билганингиздан қувондим. Сизни табриклайман. Шу асардан сўнг ўз-ўзимни ҳам қутлагим келди. Мени ҳаммасидан кўпроқ ҳаяжонга солган томони шуки, қирғинбарот жанглар кўринишидан одамни топиб олдим ва яна бир карра уруш ақлдан оздирар даражада карахт қилиб ташлайди. Ҳеч ким урушдан қайтиб келмайди, келмаган деган ақидамга қўшилишингизни англадим. Мен урушда бўлганман, ҳозир кўп нарсани унутганман, чунки ўлимдан қўрқмас ҳолга тушиб тиғга манглайимни рўпара қилиб, ўлим билан дўст тутинганимни ва ўшандаги аҳволи руҳиятимни ҳозир тушунолмайман. Менда Инсон, Ўлим, Уруш ҳақида сиз билан бемалол суҳбатлашиш иштиёқи туғилди. Айтинг-чи, сиз одамнинг тирик бўла туриб ўлиши мумкинлиги тўғрисида қоғозга тушираётганингизда нималарни ўйладингиз ёки ўзингиз билмаган ҳолда гандираклаб қолган қаҳрамонингизнинг амрига бўйсундингизми? Ютуғингиз: у (Рустам) сизни ўзи билан эргаштириб кетган.
Сиз урушда бўлгансиз. Яна шуни айтишим керакки, сиз урушдан объект сифатида сездирмай фойдалангансиз. Асарнинг (сизнинг) ягона йўли – унда умуминсоний фожиа ўз аксини топган. Уруш, жамият таназзули, кишилар ўртасидаги нотабиий, совуқ муносабат Рустам характерининг энг нозик нуқталарини очиб бериш учун тер тўкади. Нокамтарлик бўлса-да, оддий ўқувчи эмас, қайсар бир китобхон, уруш ҳақида ўқишдан чўчийдиган киши сифатида, сизга шуни маълум қиламанки, асарингиз ўзбек прозасида фожиа олдидаги инсоннинг ҳақиқий қиёфасини очишда масъулиятни зиммасига олган ва буни маълум маънода эплаган. Жамиятнинг камчиликлари, зуғумғир тузум ва шунга ўхшаш вазият тақозосига оид муаммолар билан чаплашган асарнинг умри бизнинг умримиздан қисқароқдир. Яна бир карра сизни табриклайман. Сиз теран фаҳмлагансиз, уруш даҳшатидан кўра унда иштирок этганларнинг қиёфаси, ички дунёси аянчлироқдир. Йўқ, ўлим қўрқинчли эмас, ўлимга ҳориб чоғланиш даҳшатдир. Асарингизда руҳан мажақланган, дабдаласи чиқиб кетган, ўз-ўзидан ирганаётган, ўзини ҳаётда ортиқча ҳис қилаётган, жамиятнинг майда-чуйда ўйинларига дош беравериб, сабр-косасига дарз кетган йигитнинг оғриғи ҳеч кимни бепарво қолдирмайди. Асар афғон уруши, йўқ, умуман уруш ҳақида аниқ тасаввур беради. Урушда ҳеч қачон, ҳеч ким ғалаба қозонмаслиги, инсониятнинг асл қиёфаси йўқолиб боришига ишора қилинган, романда. Сизни шу умумбашарий дард, ёзувчига хос кузатув билан яна бир бор қутлаяпман…
Мен ушбу мактубни Ўткир Ҳошимовнинг «Тушда кечган умрлар» романидан кейин битгандим. Мавриди келди, ушбуни мақолага ҳам киритяпман. Романни кўпчилик илиқ қаршилади. Матбуотда жуда кўп чиқишлар қилинди. Ва жамиятнинг астар-аврасини кўрсатиб берган асар сифатида баҳолашди. Асосий урғу асарнинг ана шу «томони»га берилди ҳам. Гўёки романда мустабид тузум асоратлари фош қилинган – афғон уруши, пахта иши, Ўзбекистонга четдан кадрлар келтирилиши, қатағон йиллар. Хуллас, роман жамият ва унинг инқирози ҳақида деган хулоса чиқарилди. Яъни, адабиёт яна бир карра реалистик қарашнинг ўтмас тиғи билан бўғизланди. Фикрим, кимнидир ранжитган бўлса узр. Бироқ, ушбу асар ҳақида шундай хулосага келишга маънавий ҳақ-ҳуқуқ ҳам йўқ бизда. Ёзувчи сиз даъво қилган юқоридаги мавзуларни қаҳрамон ҳолатини кўрсатиш ўқувчида ёрқинроқ тасаввур ҳосил қилиш учун атайлаб, маҳорат билан йиққан. Улар асар охиригача Рустамнинг атрофида айланади. Романда ўткинчи мавзу, ҳеч қанақа жамият йўқ. Рустам фожиаси, қисмати бор. Биласиз, ҳақиқий адабиёт, соф санъат инсонни кашф қилади. Уруш гўзаллик ва муҳаббат сингари ҳеч қачон эскирмайдиган ва ўчмайдиган мавзу. Чунки унда инсон характери очилади. Романни ўқиб тугатгач, зукко китобхон Рустам барибир яшай олмасди, у ботқоққа айланиб бўлган ҳаётдан безди, унинг учун тирикликнинг қизиғи қолмади, деб ўйлайди. Чиндан ҳам, жаҳаннам оғзидан тирик қайтган ўғлон нега ўлимни ихтиёр этди?! Ахир у яшашни қадрлаши керак эди-ку. Не-не ўлимларга чап берган, мусибатларга бардоши етган аскар бола ўз жонига тинч замонда қасд қилди. Бунинг муайян сабаблари бор, албатта. Урушдан руҳан майиб ҳолда келган йигитнинг юраги бошқа азобларга дош беролмади. Унинг ягона овунчи, кўз қораси Шаҳноза икковини боғлаган меҳр риштаси тобора таранглашиб борди. Уруш туфайли эркаклик қувватидан мосуво бўлганлиги унинг учун ўлмакдан кўра оғирроқ. У ўзини мутлақо одамлардан айрича ҳис қила бошлади. Ҳар куни, ҳар соат, ҳар сонияда фикри-хаёли бир ўй билан банд бўлди: Мендан Шаҳноза безмадимикин? Уни мана шу ҳадикнинг ниҳояси ушлаб турарди ҳаётда. Урушларда ўзини йўқотиб қўйган йигит ҳар куни ўзини тергар, асаблари тобора зир қақшаб, тақдирга лаънатлар ўқирди. У Шаҳнозани бахтли қилолмагани учун ўзини кечиролмади, яшашдан совиди. У аллақачон ўлиб бўлганлигини ҳис қилди. Бироқ, суюклиси Шаҳноза учун, муҳаббат ҳурмати одамлар қатори яшашга ҳаракат қилганди. Йигит тирикликка терс қарашни бўйнига олди. Ана шундай мудҳиш кунларнинг бирида кундалигига қуйидагиларни битди: «Кун ботди. Қоронғи тушяпти. Уйга боргим келмаяпти. Шаҳнозани юзига қарашдан қўрқяпман!» Бу сўзларни битган йигит уруш туфайли ёшидан анча ўзиб кетди, эрта қартайди.
Ўлимнинг дасти устун келди.
Жек Лондон Қаҳрамони Мартин Иден дунёдан безган кезларда, ўлим рўпарасидан чиқиб турган маҳалда носоғлом муҳитнинг хастаруҳ одамлари билан нафас олаётганини ўзи учун ҳақорат деб билганди. Ўша куни ҳатто Мартинга қуёш нурлари ҳам ҳар галгидан ғайриҳолатий, ёқимсиз туюлди. У ўлим қаршисида мардонавор турди – ўзидан нафратлана билди, ихтиёри билан ўлимни қабул қилди. Энг даҳшатлиси, у инсонни нақадар буюк эканлигини, қадр-қиммат тушунчасининг топталиши ўлимдан-да мудҳишроқ ҳоллигини тушуниб етди. Мартинни ана шу туйғу сувга ташлашга мажбур қилди, имкон қадар то нафаси қайтгунча уммон тубига сузиш учун бардош тополди ўзида. Инсон ҳаёт устидан ғалаба қилди.
Рустам ҳам Мартин сингари ҳамма нарсасидан жудо бўлди. Ўзи ёлғиз қолди. Ҳаёт унинг юрагига эл бўлолмади. Орзулари, умидлари чилпарчин бўлди. Йўқ, бу ҳали ўлим дегани эмасди. Руҳий азоблари қийналган йигит ҳаётдан маъно ахтара бошлади – кунлар унинг тасаввурида хира тортганди. Мартин бир умр орзу қилган ҳаётига эришди, лекин ҳеч нарсага эришолмаганини пайқаб қолгач ортиқча одамга айланганини тушунди. Рустамнинг фожиаси эса, у ҳеч нарсага эришмай ҳаётдан безди.
Рустамнинг ягона, садоқатли ҳамроҳи уруш эди. У ҳеч қачон урушдан айрилолмади. Ёзувчи уруш кўрган одамнинг кейинги ҳаёти хотиржам кечмаслигини зукколик билан илғайди. Эсланг-да, бир: Рустам суюклиси Шаҳноза билан авваллари кўришиб турадиган жой, – анҳор бўйидаги наъматак олдида учрашди. Кутилмаганда момақалдироқ гумбурлайди. Эсанкираган Рустам ўзини наъматак панасига уради.
– Мина!!!
У нима ҳақида ўйламасин, қаерга бормасин, уруш исканжасидан қутулиб кетолмайди. Асарни диққат билан кузатсак, Рустам урушни қўмсайди, унинг хаёли қурол тутиш, отиш, одам ўлдириш сингари ўйлар билан ҳузурланади. Нечоғлик мураккаб вазият! Бу ҳодисани таҳлил қилиш, тушуниш китобхон тасаввурида чигаллик пайдо қилмайди, аксинча, романдаги воқеалар ривожи, китобхонни шу қалтис ҳодисани тушунишга маънан тайёрлаб боради. Шунинг учун ҳам Рустам том маънода уруш одамига айланиб бўлган, ўзини урушга топшириб бўлган, у ҳар куни урушда юради. Ёзувчи ўз олдига қўйган оғир мақсадга эришган.
Романнинг бошидан то охиригача инсон азоби сезилиб туради. Тили мукаммал. Чуқур лиризмнинг кўзга кўринмас иплари ёзувчи туйғуларини ҳалол ҳосиласи бўлган сўзларни тизиб туради. Улар ёзувчи юрагидан тўкилган. Халқона тил, лиризм асарнинг бадиий қимматини янада мукаммаллаштирган. Адиб сизнинг ҳисларингиз, вужудингизга таъсир қиладиган, юрагингизга ҳаяжон соладиган бадиий эпизодларни ўз ўрнида ишлата билган.
«Кеча пастга, сув бўйига тушдим. Катта йўл четида қачондир узилиб кетган танк занжири занглаб ётибди. Худди аждар терисига ўхшайди. Қарасам, «аждар териси» орасида бир нима қизариб кўриняпти. Яқин бордим… танк занжири орасидан майсалар гуркираб ўсиб чиқибди. Иккита қизғалдоқ баҳор шабадасида силкиниб турибди. Дўзах оловида ёнган занжирни ҳам, урушни ҳам, мениям масхара қилаётгандек… Ажиб ҳақиқатни англагандек бўлдим».
Рустам урушда дийдаси қотган йигит. У галдаги жангларнинг бирида ўзини тамоман йўқотиб қўяди. У худди телба одам каби гандираклаб ҳаракат қилади. Ўлим ҳеч қандай даҳшат уйғотмайди. Ҳатто атрофида нималар бўлаётганини англашга ҳам қурби етмайди. Негаки у қурол тепкисини босиш, ўт очишга мослаштирилган роботга айланиб бўлади. Юрагидаги инсоний туйғулар ўрнини ўзи англамаган асов исён, важоҳат эгаллайди. У энди ҳеч нарсани ҳис қилмайди. Романга Инсон, Ўлим, Уруш фожиаси яхлит ҳолда сингдирилади. «Пастда, девор ортида саллали бош кўринди. Елкасидаги гранатомётни деворга тираб рўпара қилди. Вужудимда ўлим шарпаси бир лаҳза ўрмалаб ўтгандек бўлди. Қизиқ, негадир қўрқмадим. Тушунтириб беролмайман. Ажал билан рўпара келсанг-да, қўрқмасанг».
Дарёнинг нариги томонида қон кечиб қайтган минглаб ўзбек йигитнинг тақдири ҳақидаги ягона хулоса бор романда. Рустам урушга қадар қўй оғзидан чўп олмаган содда, беғубор, айтиш жоизки, адабиётни, ҳаётни севадиган, маъсум кўнглига ишқ оралаган йигит эди. Уруш, афсуски, уруш гулдан тош ясади, орзуни саробга алмашди.
У (Рустам) энди ҳеч нарсадан ҳайратланмайди, ботинида совуққонли ҳислар илдизлади. Уруш қотилликни муҳокама қиладиган жой эмаслигини англади. Унинг бошқача тасаввурга эга бўлиши, ўзини асраб қолиши учун иродаси етармиди?! Йўқ! Асло! «Уч ойдан бери ҳеч нима ёзмадим. Умуман… Ҳеч ниманинг қизиғи йўқ менга. Ҳеч нимага ҳайрон ҳам қолмайман. Қисмда ҳар ҳафта янги гап тарқалади: «Фалон жойда кўприк портлабди». Хўш, нима бўпти? Кўприк бўлгандан кейин портлайди-да! Битта «Дух»ни тутиб олиб танк замбарагига тросс билан осишибди. «Нима қипти. «Дух» бўлгандан кейин осиш керак-да! Хоҳласа дарахтга осади, хоҳласа танк замбарагига!… Бошимас, оёғидан осса, яна яхши!»
«Тушда кечган умрлар» ўзбек романчилигида оғир юкини елкалаб майдонга чиқди. Улуғ Хемингуэй асарларидаги каби урушни оралаб инсон юрагига йўл олди. Хуллас, адиб Ўткир Ҳошимов сизу бизнинг юрагимиз жуда кўп дардларни кўтара олиши ҳақида айтмоқчи бўлди. Инсон юрагига бефарқ қараб бўлмаслиги, инсон қисмати ҳар недан улуғлиги ҳақида сўз юритган ва яна у бир нарсани исбот этган: Бир одам елкаси билан дунёни тутади, бир одам жуссаси тоғлардан каттароқдир, бир одам вужудини бўрилар йиқолмайди. Бир одам урушни кўтариб юриши мумкин, танклар, тўплар, самолётлар, бомбалар, қирғин-қиёмат, портлашлар билан…
– Айтинг-чи, ўлимдан қўрқасизми?
Ўлимдан қўрқсангиз бахтлисиз демак.
– Одам урушни кўтариб юришига ишонасизми?
Нақадар бахтлисиз, ишонмаяпсиз.
– Қизғалдоқ танкни кўтаради, десам ишонасизми?!
Азизим, сизга ҳавасим келади, бунгаям ишонмаяпсиз!

1991 йил.

Қўчқор НОРҚОБИЛ.

МАВЗУГА ОИД

«Кўча бошидаги ҳақиқат»

admin

ОНА ИФОРИ

admin

ҚАТЛАМА

admin

ҲАЁТДАН ЗАВҚЛАНИШ ҲИССИ

admin