Жамиятимизда ижтимоий адолат, инсонпарварлик ва имкониятлар тенглигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида, жорий йилнинг 17 октябрь санасида Тошкент вилояти миқёсида «Биз биргамиз» номли ижтимоий лойиҳа бўлиб ўтди.
Лойиҳа доирасида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан яратилган турли хил маҳсулотлар намойиш этилди ҳамда кўргазма-савдо ташкил этилди. Унда юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган меҳмонлар, хорижий туристлар ҳамда маҳаллий аҳоли иштирок этишди.
Кўргазмада иштирок этганлар ногиронлиги бўлган юртдошларимиз яратган ноёб ва сермазмун қўл меҳнати маҳсулотлари билан яқиндан танишиб, уларнинг маҳорат ва ижодкорлигини юксак баҳоладилар. Тадбир давомида куй-қўшиқлар, рақс ва ижодий чиқишлар иштирокчиларга янада кўтаринки кайфият улашди.
Ушбу тадбирда Янгийўл шаҳри “Боғбон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Тонг» кўчаси 78-уйда истиқомат қилувчи, 2-гуруҳ ногирони Феруза Саидназарова ҳам фаол иштирок этди. У маҳалланинг ижтимоий ходими Дилноза Ботирова тавсияси билан лойиҳа иштирокчилари қаторида қатнашиб, ўзининг ноёб қўл меҳнати маҳсулотлари билан фахрли ўринни қўлга киритди.
Феруза опа каби кўплаб ижодкор ногиронлиги бўлган шахслар ушбу лойиҳа орқали ўз истеъдоди ва меҳнатини намойиш этиш, ҳамда кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш имкониятига эга бўлдилар.
Тадбир якунида барча иштирокчиларнинг меҳнати ва ижодига бўлган ҳурмат ва қадрлаш рамзи сифатида уларга қимматбаҳо совғалар ҳамда ташаккурномалар топширилди. Шунингдек, лойиҳани юксак савияда ташкил этиш ва ўтказишда фаол иштирок этган ташкилотчилар, ҳамкор муассасалар ҳамда кўнгилли фаоллар ҳам эсдан чиқарилмади — уларга ҳам ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Бу эса нафақат ҳунармандларга, балки бундай эзгу ташаббусни қўллаб-қувватлаган барча ташкилот ва фаол шахслар меҳнатига билдирилган эътироф ва миннатдорлик рамзи бўлди.
«Биз биргамиз» лойиҳаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятдаги фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг салоҳияти ва қобилиятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Бу каби тадбирлар ижтимоий бирдамликни кучайтиради, инсонпарварлик ғояларини мустаҳкамлайди ҳамда жамиятда меҳр ва эътибор муҳитини яратади.




Шодиёна ТОШПЎЛАТОВА.

