Одатда редискадан салат ва бошқа таомлар учун масаллиқ сифатида фойдаланилади. Бироқ, сабзавотнинг ўзини истеъмол қилиш ва кунлик рационга киритишнинг асосли сабаблари бор. Редисканинг ранги қандай бўлмасин, барчаси фойдали. У антиоксидантларга бой. Редиска — С витамининг кони. Озиқ моддаларнинг уйғунлиги оксидланиш натижасида ҳужайралар ҳалок бўлишидан ва умуман ҳужайра шикастланишига қарши курашишга ёрдам беради, иммунитет тизимини мустаҳкамлайди ва инфекциялардан ҳимоя қилади.
Юракни мустаҳкамлайди
Қизил редиска юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, юрак соғлиғини сақлаш учун самарали восита. Унинг озуқавий моддалари қон босимини ва юрак хасталиклари хавфини камайтиришга ёрдам беради. Сабзавот таркибида қон айланишини яхшилайдиган табиий нитратлар мавжуд.
Саратонга қарши курашишга
ёрдам беради
Бундан ташқари, редиска организмни етарли миқдорда В витаминлари, калий, калсий, темир, магний билан таъминлайди. Табиий элементларни ўз ичига олади. Яллиғланишни камайтиради, ҳужайраларни саратонга олиб келадиган моддалардан ҳимоя қилади ва зарарли касаллик ҳужайраларининг ўсишини камайтиради. Тадқиқотларга кўра, сабзавотдаги табиий бирикмалар сут бези, простата, йўғон ичак, жигар ва ўпка саратони ривожланишининг олдини олади.
Жигар ва буйраклар
фаолиятини яхшилайди
Редиска жигарни токсинлардан тозалашга ёрдам беради, тикланишига ҳисса қўшади. Бунга индол-3-карбинол ва 4-метилтио-3-бутенилизотиёсиянат ёрдам беради. Тушунарсиз номлар, бироқ жуда фойдали бирикмалар. Бундан ташқари, улар буйракларга токсинларни организмдан чиқаришга ёрдам беради.
Қандли диабетдан
ҳимоя қилади
Олимлар редисканинг глюкоза даражасига ижобий таъсир кўрсатишини аниқлади. Шунингдек, у глюкозанинг мушак тўқималари томонидан сўрилишини кучайтириб, ичакларда сўрилишини камайтиради. Буларнинг барчаси қонда шакарни пасайтиради.