Ҳурматли халқ вакиллари!
Ҳаммамизга маълумки, ҳурматли Президентимиз томонидан халқимиз оғирини енгил қилиш, уни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш бўйича вазир ва ҳокимлар маҳалла даражасида ишлайдиган тизим яратилган ва бу тизим ўзининг самарасини кўрсатиб келмоқда.
Мурожаатларнинг асосий қисми йўл қуриш, электр, сув, газ, иссиқлик таъминотидаги муаммоларга тааллуқли бўлганлиги сабабли, жорий йилда республика бўйича маҳаллаларда инфратузилма ва аҳоли турмушини яхшилашга 56 триллион сўм ажратилмоқда.
Жорий йилнинг 13 март куни ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда кўплаб имкониятлар бўла туриб, аҳоли кўтараётган масалаларга ҳамма жойда ҳам ўз вақтида ечим топиб берилмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Бундан буён “Ҳар бир инсон ва хонадон муаммосини билиб, вақтида кўмак беришим керак” деган шиор барча даражадаги раҳбарлар фаолиятида бош қоида бўлиши шартлиги қайд этилди.
Шунингдек, йиғилишда мурожаатлар таҳлилига тўхталиб, мамлакатимизда ҳар ўн минг кишига ўртача 319 та ариза ва шикоят тўғри келаётган бир вақтда Тошкент шаҳрида 535 та, Навоий вилоятида 462 та, Сирдарё ва Сурхондарёда 452 тадан, Жиззахда 430 та, Қашқадарёда 368 та, Тошкент вилоятида 350 тани ташкил қилаётганлиги, йиғилишда жойларда сайёр қабулларни ташкил этиш, келиб тушган мурожаатларнинг ижобий ҳал этилиши ва бошқа шу каби йўналишларда кўплаб камчиликлар мавжудлиги танқид қилинди.
Йиғилишда алимент билан боғлиқ мурожаатлар таҳлили келтирилиб, бу борада алимент тўловчиларнинг қанчаси касбга эга бўла туриб ишсиз юргани, қанчасини ўқитиш кераклигини таҳлил қилишмаётгани, шу асосда бандлик бўлимлари ва “маҳалла еттилиги” билан яқин ҳамкорликда иш ташкил қилиш муҳим экани қайд этиб ўтилди.
Шаҳардаги аҳоли мурожаатларига назар соладиган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига ўтган 2025 йил давомида аҳолидан жами 5052 та (2024 йил 5441 та) мурожаатлар тушган. Бу 2024 йилга нисбатан мурожаатлар 7,4 фоизга, яъни, 419 тага камайганлигини англатади.
Таҳлил натижаларига кўра, 2025 йилда мурожаатларнинг 2365 таси, яъни, 51,1 фоизи ижобий ҳал этилган, бу кўрсатгич 2024 йил 52,1 фоизни ташкил қилган.
Бундан ташқари фуқаролардан 67 та жамоавий мурожаат келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатлар 40 таси ижобий, 17 тасига ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал қилинган.
Бу ўз ўрнидан ҳар бир масъулнинг мурожаатчилар, фуқаролар билан муносабатда касб ва муомала маданиятига жиддий эътибор қаратишини талаб этади. Бу борада Президентимиз томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилган “Халқ Давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилларини кундалик шиоримизга айлантириб меҳнат қилишимиз талаб этилади.
Юқорида келтириб ўтилган таҳлиллар, шаҳар аҳолисининг мавжуд муаммолар юзасидан қилаётган мурожаатларини ўрганиб чиқиш жараёнида масъуллар томонидан йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштиришни, бунинг учун жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш, раҳбарлар томонидан ўзлари масъул бўлган соҳалардаги мавжуд муаммо ва камчиликларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда бартараф этишни тақозо қилмоқда.
Президентимиз таъкидлаганларидек, бу ишларни назорат қилиш бўйича янгича ёндашиш, Халқ қабулхонаси фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш зарур бўлади.
- Ҳар бир раҳбар, масъул ходим фаолиятида “Ҳар бир инсон ва хонадон муаммосини билиб, вақтида кўмак беришим керак” деган шиор остида иш олиб бориш лозим.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5633-сонли Фармони талабларидан келиб чиқиб, шаҳар миқёсида бартараф этилиши мумкин бўлган муаммолар юзасидан келиб тушган мурожаатлар Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида шаҳар ҳокимининг шу соҳага тегишли комиссиясида депутатлар иштирокида муҳокама қилишни йўлга қўйиш белгиланган.
- Мурожаатлар сони ошган маҳаллаларда мурожаатлар сони ошишига олиб келувчи муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш ва тегишли масъулларга нисбатан масъулиятини оширишга қаратилган зарур чоралар белгилаш, шунингдек, барча маҳалла фуқаролар йиғинларида “маҳалла еттилиги” фаолияти ва ҳамкорликни янада кучайтириш.
- Халқ қабулхонаси билан келишилган сайёр қабул ўтказиш жадвалига асосан ҳар бир соҳавий раҳбар томонидан сайёр қабуллар ўтказилишини таъминлаш ва ҳар чоракда, ушбу ўтказилган қабулдаги масалалар ва ечими юзасидан шаҳар Кенгашига ҳисобот бериш.
- Ҳар бир раҳбар томонидан аҳолининг мурожаат қилишга мажбур этаётган муаммоларни маҳалланинг ўзида бартараф қилиши биринчи навбатдаги масала эканлигига алоҳида эътибор қаратиш зарурдир.