Бугунги кунда Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим ғояларидан бири — Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдир. Бу жараён нафақат иқтисодий ёки технологик ривожланиш билан, балки жамиятнинг маънавий, интеллектуал ва тарбиявий юксалиши билан чамбарчас боғлиқдир. Мазкур улкан мақсадни амалга оширишда умумий ўрта таълим мактаблари, айниқса, синф раҳбарларининг фаолияти алоҳида аҳамият касб этади.
Синф раҳбари — бу фақат ўқув жараёнини назорат қилувчи педагог эмас, балки ўқувчиларнинг маънавий йўлбошчиси, тарбиячиси ва ҳаётий қадриятларни шакллантирувчи муҳим шахсдир. Учинчи Ренессанс даврининг асосий талаби — билимли, ватанпарвар, мустақил фикрлайдиган, маънавий баркамол авлодни тарбиялашдан иборат. Айнан синф раҳбарлари ўқувчилар қалбида ана шу фазилатларни шакллантиришда етакчи ўрин тутади. Бугунги глобаллашув шароитида ёшларнинг онгини турли зарарли ғоялар таъсиридан асраш, уларда миллий қадриятларга ҳурмат, она Ватанга садоқат ва фуқаролик масъулиятини ривожлантириш синф раҳбарининг энг муҳим вазифаларидан биридир. Келажак соатлари, маънавий-маърифий тадбирлар, китобхонлик тарғиботи, ижтимоий лойиҳалар ва ота-оналар билан ҳамкорлик орқали ўқувчиларнинг дунёқараши кенгайтирилади.
Синф раҳбарининг фаолияти фақат мактаб билан чекланиб қолмайди. У оила, маҳалла ва жамоатчилик билан ҳамкорликда тарбия жараёнини узвий ташкил этади. Чунки баркамол шахсни шакллантириш узлуксиз жараён бўлиб, бунда мактаб ва оила ҳамжиҳатлиги муҳим омил ҳисобланади. Айниқса, ота-оналар билан мунтазам мулоқот, профилактик суҳбатлар ва тарбиявий тадбирлар ёшлар тарбиясининг самарадорлигини оширади.
Учинчи Ренессанснинг асосий таянчи — илм-фан ва маърифатдир. Шу боис синф раҳбарлари ўқувчиларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш, мустақил ўрганиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда замонавий касбларга қизиқишни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратади. Иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва турли танлов ҳамда олимпиадаларга жалб этиш ҳам келажак тараққиёти учун муҳим қадамдир.
Нилуфар Умаралиева,
20-умумтаълим мактабининг физика фани ўқитувчиси.