Талабалик — яхши ниятлар, катта орзулар ва бир оз қийналишдан иборат давр. Низомнинг ҳам ўзига яраша ташвишлари бор: ижара, фарзандларининг озуқалари, турмуш ўртоғининг хархашалари… Шу боис у ўзини кўпроқ пул топишга мажбурдек ҳис қиларди. Февраль ойи охирларида Низом курсдоши Аҳад (А. Воситов) билан гаплашар экан, Аҳад унга “бизнес юритаяпман, картам тўлди, яна биттаси керак”, деди. Низом эса буни катта имконият деб ўйлаб, бошқа курсдоши — Ҳикматни топди. 500 минг сўм эвазига Ҳикмат номига янги карта очдирилди. Низомга 500 мингни берди.
Шу кундан бошлаб Низомнинг хаёлига бир фикр келди: “Инсонлар кредит олишга муҳтож. Агар «бошқа» йўл билан буларни ишонтирсам-чи?” Шундай қилиб апрель ойига келиб у инстаграмда янги саҳифа очди: “10 млн. сўмгача кафилсиз кредит!” Саҳифа ортидан одамлар оқиб кела бошлади. Экранидаги рақамлар, бўш ишонч ва осон пул. Низом ҳар бир хабарни кўрар экан, унинг қалбидаги ғулғула ўрнини ишонч эгаллай бошлайди.
Бир куни бир аёл Низомга инстаграмдан ёзди: “Ассалому алайкум, 5 млн сўм кредит олмоқчиман”. У қурилишда ишлайдиган, тиришқоқ, аммо ҳаёт қийинчилигига қарши якка ўзи курашиб келаётган аёл эди.
Низом унинг саволларига тез ва ишончли жавоб қайтаради:
— 500 минг сўм бошланғич тўлов. 30 дақиқада 5 миллион картага тушади.
Аёл Низомга ишонди. У 500 мингни кўрсатилган рақамга — Нурсултоннинг картасига ўтказди. Чекни юборди. Бир кун кутди, икки кун кутди. Афсуски, Низомдан хабар йўқ. Телефон қилай деса рақамини олмаган. Инстаграмдан ёзмоқчи бўлди, аммо “блок” қилиб қўйилган эди.
Аёл дарров бу ҳақда “102”га қўнғироқ қилди…
8 май куни Низом ИИБга чақиртилди. Терговда айбига иқрор бўлди. Барчасини тан олди.
— Хатолик қилдим… Пушаймонман…
500 минг сўм тўлиқ қайтарилди. Жабрланувчи аризани қайтариб олмади. Низом аёлдан эмас, ўзидан нафратланди. Осон топилган пул, тез кетишига ишонч ҳосил қилди.
Муҳаммаджон Каюмов,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди судьяси.