Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлимининг 2022–2025 йиллардаги фаолиятига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, республика ОАВларининг вилоятдаги мухбирлари, шаҳар ва туман газеталари муҳаррирлари, уюшма аъзолари ҳамда фахрий журналистлар иштирок этди. Йиғилишни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчиси Шуҳрат Орипов очиб берди. Дастлаб уюшманинг Тошкент вилояти бўлими раиси Раҳматилла Шералиевнинг уч йиллик фаолият юзасидан ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботда таъкидланганидек, бўлим фаолиятини самарали ташкил этиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда журналистларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022–2025 йиллар давомида вилоят ҳокимлиги томонидан 846,5 миллион сўм субсидия маблағи ажратилди. Мазкур маблағлар журналистлар ва ёш ижодкорлар иштирокидаги семинарлар, спорт мусобақалари, “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини рағбатлантириш, фахрий журналистларни қўллаб-қувватлаш ҳамда нашрларга обуна ташкил этиш каби тадбирларга йўналтирилди.
Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бир қаторда мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳам танқидий руҳда таҳлил қилинди. Хусусан, вилоятдаги 9 та “Маҳорат мактаби” тўгараклари фаолиятидаги изчилликни таъминлаш, медиафорум ва семинарларни барча ҳудудларни қамраб олган ҳолда ташкил этиш борасида камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилди.
— Эришилган натижалар ҳам, камчиликлар ҳам ўзимизники. Биргаликда ҳаракат қилсак, мавжуд муаммоларни бартараф этиш имкониятига эгамиз, — деди Раҳматилла Шералиев.
Тадбир давомида уюшманинг вилоят бўлими Тафтиш комиссияси раиси томонидан молиявий ҳисобот ҳам тақдим этилди. Шунингдек, қатнашчилар бўлим фаолияти юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб, келгусидаги устувор вазифалар бўйича таклифларини илгари сурдилар.
Йиғилиш якунида бўлим бошқаруви аъзолари, Тафтиш комиссияси раиси ва аъзолари ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг навбатдаги конференциясига делегатлар сайланди. Шу билан бирга, бўлимнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Маълумот ўрнида, айни пайтда Тошкент вилоятида 24 та босма нашр фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 2 таси вилоят, 22 таси шаҳар ва туман газеталаридир. Шунингдек, ҳудудда 1 та давлат телерадиоканали, 1 та нодавлат медиа маркази ҳамда 10 га яқин интернет нашрлари фаолият юритмоқда.