Меҳнат муносабатларида меҳнат интизоми муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир ходим ўз меҳнат вазифаларини виждонан бажариши, ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилиши ва иш берувчининг қонуний талабларини бажариши шарт. Айрим ҳолларда меҳнат интизомини бузган ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилади. Бундай вазиятларда кўпчиликни қизиқтирадиган масала — ходим интизомий жазо олган бўлса, унга мукофот ёки премия тўланадими?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 299-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ, интизомий жазонинг амал қилиш муддати давомида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди. Бу норма нафақат меҳнат натижалари билан боғлиқ бўлмаган рағбатлантиришларга, балки давлат байрамлари, касб байрамлари, ташкилот юбилейлари, муҳим саналар ёки бошқа тантанали муносабатлар билан бериладиган бир марталик мукофотларга ҳам тааллуқли ҳисобланади.
Қонунчилик инсонпарварлик тамойилини ҳам назарда тутади. Меҳнат кодексининг 315-моддасига кўра, иш берувчи ўз ташаббуси билан ёки ходимнинг бевосита раҳбари, касаба уюшмаси қўмитаси ёхуд ходимнинг ўзи томонидан киритилган илтимоснома асосида интизомий жазони муддатидан олдин бекор қилиши мумкин.
Демак, ходим ўзини ижобий томондан кўрсатган тақдирда, унга нисбатан қўлланган интизомий жазо эртароқ олиб ташланиши ва кейинчалик рағбатлантириш чораларидан фойдаланиш имконияти яратилиши мумкин.
Улуғбек Тўлаганов,
шаҳар Адлия бўлими бошлиғи.