Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши маҳаллий давлат ҳокимиятининг муҳим вакиллик органи сифатида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Кенгаш томонидан қатор самарали ишлар амалга оширилди.
Бугунги кунда шаҳар Кенгашида белгиланган 25 та депутатлик ўрнидан 23 нафари фаолият юритмоқда, 2 та депутатлик ўрни эса вакант ҳисобланади. Амалдаги депутатларнинг 15 нафари эркаклар, 8 нафари аёллардан иборат. Жумладан, 22 нафар депутат олий маълумотга эга, 4 нафари фан доктори илмий даражаси соҳиби, 1 нафари профессор илмий унвонига эга. Депутатлар турли сиёсий партиялар вакиллари бўлиб, бу Кенгашда фикрлар хилма-хиллиги ва соғлом рақобат муҳитини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонун, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг мақоми тўғрисида»ги Қонун, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши қарорлари асосида ташкил этиб келмоқда.
Ҳисобот даврида шаҳар Кенгашининг 10 та сессияси ўтказилиб, уларда жами 55 та масала кўриб чиқилди. Сессияларда давлат органлари раҳбарларининг 41 та ҳисоботи эшитилди. Шунингдек, шаҳарни ривожлантириш дастурлари, бош режа, маҳаллий бюджет, маҳаллий солиқлар ва бошқа муҳим масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиниб, ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Депутатлик назоратини кучайтириш мақсадида давлат органлари мансабдор шахсларига 12 та депутатлик сўрови юборилди. Барча сўровларга белгиланган муддатларда асосланган жавоблар тақдим этилди.
Аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш мақсадида депутатлар ўз сайлов округларида 198 марта учрашувлар ўтказдилар. Учрашувлар давомида фуқаролар томонидан 75 дан ортиқ муаммо ва таклифлар билдирилди. Уларнинг 63 таси ижобий ҳал этилди, қолган масалалар бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар давом эттирилмоқда.
Депутатларнинг амалий ташаббуслари натижасида 72 нафар фуқаро камбағалликдан чиқарилди, 68 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди, 19 нафар фуқарога кредит ва субсидия олишда кўмаклашилди. Шунингдек, 48 та янги иш ўрни яратилди, 5 нафар талабанинг тўлов-контракт маблағи ижтимоий реестр асосида тўлаб берилди, 100 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога ижтимоий ёрдам кўрсатилди ҳамда шаҳарда 31 километр автомобиль йўли таъмирланди.
Ҳисобот даврида Кенгашнинг 56 та қарори «E-Kengash» ахборот тизими орқали расмий эълон қилинди. Қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида депутатлар иштирокида 32 та тарғибот тадбири ташкил этилди.
Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик доирасида Кенгаш ва депутатлар фаолияти жами 830 марта ёритилди. Шундан 8 марта телевидениеда, 16 марта босма нашрларда, 8 марта интернет сайтларида ва 798 марта ижтимоий тармоқларда эълон қилинди. Бундан ташқари, Кенгаш сессияларининг 9 таси ижтимоий тармоқлар орқали жонли эфирда намойиш этилди.
Умуман олганда, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг аҳоли манфаатларини таъминлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириш ҳамда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида изчил фаолият олиб бораётганини кўрсатмоқда. Келгуси чораклар учун тасдиқланган иш режалари асосида мазкур йўналишлардаги ишлар янада кенгайтирилиши ва самарадорлиги оширилиши кўзда тутилган.