У ижтимоий тармоқларда жуда фаол эди, айниқса тил билмаса-да чет эллик аёлларга ёзишни яхши кўрарди. Уларнинг бирортаси билан танишиб олиб, чет элга кетишни орзу қиларди. Чунки чет элда одамлар пулни кўчадан супуриб олишларини яхши биларди у. Ҳа нима, машина олгинг келса чиқиб бир кун ишлайсан оласан, маза қилиб юрасан. Айниқса чет элга яшашга кетган ўзбекларга ҳавас қиларди, уларнинг каналларини админларига “ака Канадага қандай кетиш керак?“ деб хат ёзавериб хит қилиб ташларди.
Кунларнинг бирида, унга Патрик Мбома исмли костюм шим кийган ва галстук таққан расмли брад ёзиб қолди. Хат ўзбек тилида эди. Хатда унинг катта бобосининг аммасини ўғлини инглиз хотинидан бўлган ўғли, Африкага келиб катта бизнесмен бўлиб кетганини, олмос конлари борлиги аммо бевақт ўлим у инсонни ҳаётдан олиб кетгани-ю унинг умуман меросхўри йўқлигининг баёни ёзилганди.
“Биргина меросхўр сиз экансиз“ деб ёзарди мистер Мбома. Унинг юраги така-пука бўлиб кетди. Ғалати ҳолат ҳис қиларди ўзида, бир вақтнинг ўзида ичига сиғмас хурсанд ва шубҳали эди. Унга жавоб ёзиб кўрди, мистер Мбома эса хайрият жавоб ёздингиз деб гапни айлантира бошлади. У ўзида йўқ хурсанд эди, жаноб Патрик унга ҳаммасини обдон тушунтириб берди. Ҳужжатларни битирсак, 1 миллион долларни Ўзбекистонга жўнатиб юборамиз дейишди. У ҳатто ёши катта қариндошларидан сўраб ҳам кўрмади Африкада қариндошимиз борми деб… Меросга улар ҳам эга чиқишлари мумкинлигидан чўчиди рости.
У мистер Мбома сўраган барча ҳужжатларни жўнатди, хаёлида эса Париж, Венецияларда турли жононлар билан кайф қилиб юрарди. Маҳалладагилар энди уни билиб қўйишади ҳали, хотинниям иккита қиволади енгил, ҳа нима соққа самолёт энди. Деган хаёллар билан бу дангаса ношудга чидаб яшаб келаётган, ҳовлида куймаланиб юрган аёлига қараб ундан камчилик қидира бошлади.
Шу замон жаноб Патрикдан хат келиб қолди, мерос ҳужжатларини расмийлаштириш, унинг солиғи ва сотиш хизматлари учун 10 минг доллар керак экан. Ўтган йили ўғли Россияда ишлаб, уйланаман деб пул йиғаётганди, 5 минг доллар чиқиб қоладиган. Нима қиларини билмай, ҳозир менда шу пул бор экан деди, Жаноб Патрик эса, майли юбораверинг, меросни олгач унинг пулидан 5 минг олиб қоламан, ҳозирча ўз ёнимдан қўшиб тураман қолганини деди. У хурсанд бўлиб кетди, жаноб Патрикни Ўзбекистонга таклиф қилиб чойхонада ош қилиб беришни кўнглига тугиб қўйди. Кейин шарт банкка борди-да, ўша 5 минг доллар пулни жўнатиб юборди.
Банкдан қайтар экан, кўнгли чароғон эди. Ана энди бойиб кетади. Ана энди ёрворади. Уйга келганида телефонига банкдан “юборган пулингиз олинди“ мазмунида смс келди. Иштаҳа билан ужин қилди. Кечки пайт оламда нима гап экан деб интернетга кириб янгиликлар ўқиди. «Биргина 2019 йилнинг ўзида Камерунлик машенниклар томонидан Ўзбекистондан 300 минг доллар пул алдов йўли билан олингани» ҳақидаги статистик маълумотни ўқиб ранги оқариб кетди. Жаноб Патрик билан боғланишга киришди аммо не кўз билан кўрсинки, у ўз аккаунтини ўчириб юборганди. Гуглга кириб «Патрик Мбома» деб ёзса, 90 — йилларнинг машҳур футболчиси ҳақидаги маълумотлар чиқди. Шу тобда унинг юраги оғирлашиб қолди…
Россиядан зудлик билан келган ўғли, отасининг маъракасини қарз ҳавола қилиб ўтказди…